Бу ҳам эплолмади! “Челси” янги бош мураббийни ҳам ҳайдамоқчи

Англия Премьер-лигасида ишлари кутилганидек кетмаётган “Челси” бир неча ҳафта аввал тайинланган бош мураббий Лиам Росеньорнинг фаолиятидан қониқмаяпти.

Сўнгги вақтларда “Челси”нинг бир нечта асосий футболчилари “Стэмфорд Бридж”дан кетиш пайига тушиб қолди. Улар орасида Энцо Фернандес, Марк Кукурелья ва Мойсес Кайседо бор. Шунингдек, Коул Палмернинг кетиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Жамоа ичида январь ойида тайинланган Росеньор, бор иқтидорига қарамай, жамоани  йирик совринлар учун ҳақиқий даъвогарга айлантириш учун етарли тажриба ва маҳоратга эга эмас, деган фикр мавжуд.

Football Insider нашри маълумотига кўра, бу шубҳалар клуб раҳбариятига ҳам ўтган ва улар аллақачон янги мураббийни таклиф қилиш бўйича тайёргарлик ишларини бошлаган.

Клуб билан ишлаётган агентлар ва воситачиларга яқин манбалар Росеньорни “тақдири ҳал бўлган”, деб аташмоқда. Масала фақат унинг ўрнини ким эгаллашида.

Ҳозирча “Челси” қайси йўналишда ҳаракатланмоқчи экани аниқ эмас. Клуб Сеск Фабрегас ва Фрэнк Лэмпард каби собиқ футболчиларга, Луис Энрике ва Унаи Эмери даражасидаги тажрибали мураббийларга ёки Премьер-лигада яхши обрўга эга Марку Силва, Оливер Гласнер ва Андони Ираолага мурожаат қилиши мумкин, уларнинг шартномалари мавсум охирида тугайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!