"Бу ҳолат ҳар бир мураббийни бошида бор, вазифамиз ўз кучида, ҳеч нима ўзгармайди" - Баҳром Ҳайдаров

Про лигада биринчи даврани ўз имконияти даражадасида ўтказа олмаган “Қўқон-1912” клубида яқинда бош мураббий ўзгарганидан хабарингиз бўлса керак.

Бунгача мураббийлар штабида ишлаган Баҳром Ҳайдаров энди бош мураббий лавозимига тайинланди. Ҳозирда жамоа ушбу мутахассис бошчилигида иккинчи даврага тайёргарликка киришди.

Фурсатдан фойдаланиб, Sports.uz журналисти Ҳайдаров билан суҳбатлашди.

- “Қўқон-1912” клубига бош мураббий этиб тайинланганингиз билан табриклайман. Бу таклифни қандай қабул қилдингиз?

- Тўғриси, мендан олдинги бош мураббий Муҳсин Низомиддиновнинг таклифи билан жамоага келгандим. Биринчи даврада жамоани тайёрлашда ва йиғинларда мен ҳам иштирок этганман. Низомиддинов истеъфога чиқарилганида мен ҳам клубдан кетишни хоҳладим. Бош мураббий бўлганимдан унчалик хурсанд эмасман. Бундай взаиятда Муҳсинни ўзи қолиб, жамоа билан биринчи ўринда кетганимиз яхши эди. Ниятимиз ҳам шу эди. Майли, тақдир экан, шундай бўлди. Бундай ҳолат ҳар бир мураббийни бошида бор. Шунча ишдан кейин биз ҳам кетишга тайёр эдик. Лекин раҳбариятга раҳмат, ишонч билдиришиб, бош мураббийлик лавозимини таклиф қилишди. Йўқ дея олмадик. Раҳбарият тарафидан ишонч бўлса, молиявий томонидан қатъий назар ҳар қандай жамоада ишлагингиз келади.

- “Қўқон-1912”ни Суперлигага мақсади бор. Бироқ биринчи даврада кўп очко йўқотди ва 5-ўринга тушиб кетди. Бунинг асосий сабабини нима билан изоҳлаган бўлардингиз?

- Айбни унга-бунга тўнкашни кераги йўқ. Балки биз мураббийлар штаби яхши тайёрлай олмагандирмиз. Биринчи 7 та ўйиндан кейин 1-ўринда эдик. Кейинги 7 таликда эса асосий рақибларимиздан “Машъал”ни ютдик, “Бухоро” билан дуранг ўйнадик. Аммо камроқ мақсади бор клубларга қарши учрашувларда умуман очко ололмадик, десак ҳам бўлади. Кўпчилик буни омадсизликка, гол уролмасликка тўнкаяпти. Ҳозир бир ой вақтимиз бор. Барчасини батафсил таҳлил қилиб чиқяпмиз. Хатоларимизни ўрганиб чиқиб, бартараф қиламиз. Жамоамиз яхши, ўзига яраша кучли. Жамоага ишонаман. Хатоларимиз майда хатолар. Бироқ футболда майда-чуйда нарсалар бўлмайди.

- Олдингиздаги асосий вазифа ҳамон клубни Суперлигага қайтаришми? Қийин вазиятдан чиқиб кетиш учун мураббий сифатида қандай ечим топмоқчисиз?

- Бир-иккита ўйинчиларни чақиряпмиз, музокаралар ўтказяпмиз. Таркибимизни яна кучайтирамиз. Ҳимоямиз кўп гол ўтказиб юборган, ҳужумда етарлича самарадорлик мавжуд эмас. Бу кўп клубларнинг “касаллиги”. Про лига учун ёрдам берадиган, рақобат яратадиган эмас, асосий таркибда ўйнаб жамоани тортиб кетадиган футболчиларни қидиряпмиз. Албатта, бу иш қийин бўляпти. Мавсум ўртасида кўпчилигини клублари билан шартномалари бор. Аммо ўзимизга керакли футболчиларни қидиришда давом этяпмиз. Мақсад камида 1-ўриндаги клубга етиб олиш. Вазифамиз ўз кучида, сира ҳам ҳеч нима ўзгармайди. Охирги учта учрашувда бошқача режа қилгандик. Ҳар доим сиз ўйлаган режа амалга ошавермайди. Ўйлайманки, етакчиларга етиб оламиз ва улардан ўтиб кетишга ҳам ҳаракат қиламиз.

- Иккинчи давра учун тайёргарлик режаси қандай?

- Чорвоқда йиғилдик. Бу тоғли ҳудуд. Бу ерда асосан жисмоний тайёргарлик бўйича ишлаяпмиз. Кейин Тошкентда тўплар билан ишлаб, тактика борасида меҳнат қиламиз. 20 июль куни “Пахтакор” билан ўртоқлик учрашувимиз бор. Хитойда бизга ўртоқлик учрашуви таклиф қилишган. Агар ўхшаса у ерга бориб келамиз.

- Хитойда қандай ўйин бўлади?

- 25 июль кунига Хитой клубидан таклиф келган. Ҳужжат ишларини битиришга улгуришса, у ерга бориб ўйнаб келиш режамиз йўқ эмас.

- Яқинда уч нафар ўйинчи кетгани эълон қилинди. Жамоага янги ўйинчилардан кимлар келяпти ва яна қайси футболчиларнинг хизматидан воз кечяпсизлар?

- Ҳозирча ҳамма ўқиган ўша уч нафар ўйинчи билан хайрлашдик. Шундай вазият бўляптики, улар етарлича ўйин амалиётига эга бўла олмаяптилар. Асосий таркиб ўйинчиларига айлана олмадилар. Иккинчи даврада уларни яна ушлаб ўтириб, фақат машғулотларда қатнашиб юришлари ўзларига ҳам, жамоага ҳам зарар бўлади. Шу боис хайрлашдик. Қолган 22 нафар футболчи жамоа билан. Аммо йиғилиш ўтказдик, уларга ҳам клубда қолдинг деган гап-сўз йўқ. Масалан, 5 та ўйинчи олишимиз керак. Аммо бу клубдан 5 нафар футболчи кетишини англатмайди, керак бўлса 7-8 тасидан ҳам воз кечамиз, агар жамоамизга фойда келтиришмаса. Кимлар билан музокара олиб бораётганимизни айтмай тураман. Ҳали тўлиқ якунига етгани йўқ.

- Янги легионер келадими?

- Ўтган йили “Машъал”да тўп сурган Шота Гвазава билан келишдик. 14 июль куни етиб келади. Ҳозирча оғзаки келишдик. У чемпионатнинг охирги бир ҳафтасида жамоамиз билан бирга шуғулланиб ҳам кетди. Клуб билан яқиндан танишди. Биз ҳам у ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Ўйинимизга мос тушса шартнома имзолаймиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!