
Бу жамоаларга энди дуранг керак эмас!
Бугун Суперлиганинг 5-тури бошланади. 11 апрелда старт бериладиган тур ўйинлари 13 апрелага қадар давом эттирилади. Марказий учрашув Тошкентда “Пахтакор” ва “Андижон” жамоалари иштирокида бўлиб ўтади.
11 апрель
18:00. “Машъал” – “Нефтчи”
Суперлиганинг 5-турини “Машъал” ва “Нефтчи” клублари бошлаб берадилар. Ҳеч кимга сир эмаски, бу ўйинда фаворит фарғоналиклар. Ўтган турда водий дербисида ирода кўрсатиб дастлабки уч очкони қўлга киритган Виталий Левченко жамоасини энди “Машъал” кутмоқда. Про лигадан чиққан жамоа ҳозирча ўз ўйинини топиб олиш жараёнида ва бунга эришгунча очко йўқотишлари учрамоқда. Лекин “Сўғдиёна”ни мағлуб этиб қайтишганини унутмаслик керак. Чемпионлик учун курашаётган “Нефтчи” мағлубиятсиз кетяпти, аммо дуранглари кўпайиб қолди. Уларга энди дуранг керак эмас!
20:15. “Навбаҳор” – “Шўртан”
Водийнинг яна бир жамоаси – “Навбаҳор” Наманганда, мухлислари қаршисида Ғузорнинг “Шўртан”ини қабул қилади. Про лигадан Суперлигага қайтган ғузорликлар дастлабки 4 та турда 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этиб, мусобақа жадвалида охирги ўринда боряпти. Табиийки, ушбу учрашувда наманганликларнинг имконияти юқори баҳоланмоқда. Қолгани эса майдонда ҳал бўлади.
12 апрель
18:00. “Қўқон-1912” – “Бухоро”
Ўтган йили про лигада тўқнашишган клублар энди элитада ғолиблик учун курашишади. Биласиз, қўқонликлар ҳали ғалаба нашидасини суришгани йўқ. Ҳатто, Ўзбекистон Кубогида ҳам ўз уйида биринчи лига вакили билан дуранг ўйнаб қўйди. “Бухоро”да эса 2 ғалаба ва 2 мағлубият бор. Улуғбек Бақоев жамоаси кутилганидек жанговар ўйин намойиш этмоқда. Қўқондаги ўйинда ҳам томонлар бир-бирига жанг таклиф қилишига шубҳа йўқ. Баҳром Ҳайдаров жамоаси учта дуранг ўйнаб бўлди ва энди уларга фақат ғалаба керак.
19:00. “Динамо” – “Сўғдиёна”
Мағлубиятсиз кетаётган “Динамо”ни ўз уйида “Сўғдиёна”га қарши баҳс кутяпти. Бир-бирига муносиб рақиблар. Фақат “Сўғдиёна” учун кутилмаганда мавсум омадсиз бошланиб, кетма-кет учта мағлубиятга учради. Ўтган турга келиб илк ғалабасига эришди ва “Пахтакор” таслим этилгани эътиборга молик. Бу эса Иван Бошкович жамоасини балки аста-секин ўзига келаётганидан даракдир. Мухлислар қизиқарли тўқнашув гувоҳига айланишади.
20:15. “Бунёдкор” – “Қизилқум”
Илёс Зейтуллаев устозлик қилаётган “Бунёдкор” мавсумни яхши бошлади. Ҳозирда 10 очко билан пешқадамлардан бири бўлиб турибди. Ҳали мағлубиятга учрамаган “Бунёдкор” ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилади. Ёдингизда бўлса, ўтган мавсумнинг илк учрашувида “Бунёдкор” Тошкентда айнан “Қизилқум”га ютқазиб, чемпионатни мағлубият билан бошлаганди. “Қизилқум” бош мураббийи сербиялик Никола Лазаревич бетоблиги учун даволангани юртига кетган. У соғайгач қайтади, унгача Акмал Ҳолиқов “Қизилқум”ни ўйинларга тайёрлаб туради.
13 апрель.
16:45. “Хоразм” – ОКМК
Ҳаким Фузайлов жамоаси бу сафар Миржалол Қосимов бошчилик қилаётган ОКМКга қарши саф тортади. Ҳозирда олмалиқликлар мағлубиятсиз одимлаб, тўплар нисбатига кўра биринчи ўринда боряпти. Мавсумни иккита ғалаба билан бошлаган “Хоразм” кейинги турда “Бухоро”га 1:4 ҳисобида енгилди. Ўтган турда эса “Қизилқум”га қарши ўтиши керак бўлган учрашуви қолдирилди. Охирги беллашуви Ўзбекистон Кубоги доирасида “Олимпик Мобиуз”га қарши ўтди. 2:0 ҳисобида енгилаётган “Хоразм” камбэк эвазига 4 та гол урди. ОКМК эса Кубокда “Пахтакор”га 2:1 натижаси билан мағлуб бўлди. Умуман олганда, “Хоразм” – ОКМК қарама-қаршилигига қизиқиш юқори. Урганчликларнинг етакчига қарши қандай ўйин намойиш этишини кўриш ҳам ўзига яраша қизиқарли.
18:00. “Пахтакор” – “Андижон”
Чемпионатни барқарор бошлай олмаган “Пахтакор”ни энди Тошкентда Ўзбекистон Кубогининг амалдаги ғолибига қарши ўйин кутиб турибди. Александр Хомяков жамоаси етакчиларга қарши қандай ўйнашни яхши билади. Шу факторни инобатга олганда “Шерлар” ва “Бургутлар” ўртасидаги тўқнашув жиддий кечиши ва кескин руҳда ўтиши шубҳасиз. Бу тўқнашув турнинг марказий ўйини ҳисобланади.
20:15. “Насаф” – “Сурхон”
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланган “Насаф” ўз майдонида “Сурхон”ни қабул қилади. Кетма-кет учта мағлубиятдан сўнг ўтган турда ниҳоят ғалаба қозонган термизликларни Қаршида шубҳасиз мураккаб учрашув кутяпти. “Насаф” бу ўйинда фаворит. Агар рақибни кучига тўғри баҳо бера олса ва ўз ўйинини кўрсатса Рўзиқул Бердиев жамоаси уч очкони қўлга киритади.
Фикрлар