"Бу йил "Навбаҳор" чемпион бўлишга муносиб, менинг ёрдамим кўпроқ "Бухоро"га зарур" - Норхонов билан суҳбат
Тажрибали ҳужумчи Шохруз Норхонов “Навбаҳор”ни тарк этиб, “Бухоро” клубига кўчиб ўтди ва бу борада расмий хабар ҳам чиқди.
Ҳужумчи бухороликлар билан шартнома имзолади. Футболчи “Бухоро” билан Тожикистон йиғинида қатнашяпти.
Sports.uz журналисти Тожикистонда Норхонов билан суҳбатлашди.
- Бунгача кўпчилик сизни “Бухоро”га ўтишингиз ҳақида гапираётганди ва бу тасдиғини топди. Ушбу жамоага кўчиб ўтишингиз олдиндан режалаштирилганмиди ёки...
- “Бухоро”га ўтишимга бош мураббий сабаб бўлди. Улуғбек Бақоев билан бир неча йил бирга ишлаганман. Биринчи давра тугаётганида менга алоқага чиқди. Аммо “Бухоро”дан ташқари яна 2-3 та яхши вариантлар бор эди. Мен “Бухоро”га Суперлигада ўз вазифасини бажариши йўлида ёрдам бериш учун ўтдим. Тўғри, “Навбаҳор”да ҳам яхши ўйинларни ўтказдик. Бироқ у ерда ўйин амалиёти камроқ бўлгани учун ўзим кетиш қарорини қабул қилдим.
- “Навбаҳор”да ўйин амалиёти камроқ бўлганининг асосий сабаби нима билан боғлиқ эди?
- Бу ерда сабаб йўқ. Чунки “Навбаҳор”да кучли ўйинчилар йиғилган. Пешонада, насиб қилмаган экан. Шунинг учун бизга имконият камроқ берилди. Лекин кам имконият берилса ҳам бундан максимал фойдаландим. Худога шукр, ҳозир ўша ўйнаган жамоам - “Навбаҳор” 1-ўринда. Бу жамоага чемпионликни тилаб қоламан.
- Бу йил “Навбаҳор”ни чемпионликни қўлга киритишида сизда шубҳа йўқми?
- Унинг ёнидаги жамоалар ҳам таркибини кучайтиряпти. Менимча, чемпионлик учун кураш охиригача давом этади ва қизғин кураш кечади. Бу йил “Навбаҳор” чемпион бўлишга ҳар томонлама ҳақли ва муносиб деб ўйлайман.
- Бунгача сиз чемпионлик учун курашаётган жамоа сафида эдингиз. Энди бўлса Суперлигада қолиш учун курашаётган клуб таркибида ҳаракат қиласиз. Бу сизга қандай таъсир қилиши мумкин?
- Йўқ, бу менга таъсир қилмайди. Чунки мен футболчиман. Футболчи ҳар доим биринчи бўлиб ўзини фаолиятини ўйлаши ва жамоасига ёрдам бериши керак. Қайсидир вилоятдаги жамоасига ҳисса қўшсангиз, у ерда сизга янада ишонишади ва ўша вилоят аҳлини хурсанд қилган бўласиз. Шунинг учун “Бухоро”га келдим. Биринчи сабаби Улуғбек Бақоев бўлса, иккинчиси жамоани бор кучимиз билан Суперлигада сақлаб қолмоқчимиз.
- Сизга “Бухоро”дан ташқари яна бошқа таклифлар ҳам бор эди. Сир бўлмаса, қайси клублар эди?
- Ҳа, таклифлар бор эди. Эски жамоам – “Сўғдиёна” ва “Нефтчи” клубидан чақирувлар бўлди. Тўғри, собиқ клубим, ўзим ўрганган “Сўғдиёна”га қайтгим келди. У ерда ҳам ҳозир яхши шароитлар бор. Лекин “Бухоро”га ва Бақоевга ёрдам бергани келдим. Мени ёрдамим кўпроқ “Бухоро”га зарурроқ. Эски ўйинимни топиб олишим учун ҳам менга “Бухоро” яхши вариант. Мураббий мени яхши билади. Мен бунгача Улуғбек Бақоев билан ажойиб ютуқларга эришганман.
- Ҳозир тўпурарлар рўйхатини фақат легионерлар бошқаришяпти. Охирги 4 йилдан бери Драган Черан энг яхши тўпурар бўлиб келяпти. Маҳаллий ҳужумчиларни тўпурарлар рўйхатида анчадан бери кўрмаяпмиз. Ҳужумчи сифатида бу масалага нима дейсиз?
- Ўйлашимча, Суперлигамизда маҳаллий ҳужумчилар камайиб кетди. “Сўғдиёна”да 3-4 йил ўйнаган бўлсам, чемпионатда рақобат қилган ҳужумчиларим Темурхўжа Абдуҳолиқов, Хусайн Норчаев ва Игорь Сергеев эди. Ҳозир Норчаев ҳам йўқ, Сергеев ҳам. Фақат Темурхўжа бор. Суперлигадаги тўпурарларни кўряпман, легионерлар ташкил қиляпти. Бу бизга ҳам ноқулай таъсир қилади. Ўзимиздан ҳам иқтидорли ёш ҳужумчилар чиқади, “Олимпик” ёки бошқа клублардан. Ўзим ҳам ҳар йили тўпурарлик учун курашганман. Худо хоҳласа, иккинчи даврада шунга ҳаракат қилиб кўраман. Шу боис менга 90 дақиқалик ўйин амалиёти керак.
- Нима деб ўйлайсиз, бизда нега тўпурар ҳужумчилар камайиб кетди? Мураббийлар етарлича эътибор қаратишмай қўйдими ёки ҳаммаси футболчиларнинг ўзидами?
- Менимча, бизда ҳужумчиларни камайиб кетаётгани балки футболимизда ҳужумчиларга таянмасдан ўйналаётгани учун бўлса керак. Агар кўп клублар 4-4-2 схемасида ўйнаганида ҳужумчилар кўпроқ чиқарди ва олдинги чизиққа эътибор янада кучлироқ бўларди. Аммо бизда кўп жамоалар ҳимоявий ўйин кўрсатишади. 4-5-1 тактикасидан фойдаланишади. Шу сабабли Суперлига жамоаларининг аксариятида битта зўр ҳужумчиси бўлади ва яна битта ўртачароқ савиядаги ўйинчисига эга ҳисобланади. Агар футболимиз ҳужумкор ўйинга мослашса, ҳужумчиларга талаб кучаяди ва олдинги чизиқ вакиллари кўпайиб боради. Барибир чемпионатимизда биринчи ўринда ҳимоя ўйланади. Шу боис ҳужумчиларимиз ҳам керак бўлса қанотларда, ярим ҳимоя чизиқларида ўйнайдиган бўлишяпти ва бу орқали позициялари ўзгариб кетяпти. Лекин ҳақиқатан ўзбек ҳужумчиларимиз кам. Бир-иккита ном бор. Аммо уларнинг орқасидан чиқадигани кам. Ёшлардан ажойиб ҳужумчилар чиқади, деган умиддаман. Чемпионатимизда маҳаллий ҳужумчиларни кўпайтириш керак. Қайси жамоага қарасангиз ҳужумчилари легионерлар ҳисобланади. Менимча, катталардан фақат Темурхўжа Абдуҳолиқов қолди.
- Сиз учун айни пайтда чемпионатимиздаги энг кучли ҳужумчи ким?
- Суперлигада “Андижон”нинг ҳужумчиси ва Черан. Ҳозир иккаласи тўпурар. Улар тўпурарлик салоҳиятини кўрсатишяпти. Бу борада кураш охиригача боради. Лекин уларнинг ўрнида ўзбек ҳужумчилари бўлишини хоҳлардим. Бу истагимиз ҳам албатта амалга ошади. Лекин ҳозирги кунда Черан билан Хебай топ-ҳужумчилар.
- Норхонов ҳам легионерга айланадими, деган савол мухлисларни қизиқтиради. Бундай истагингиз борми ёки чемпионатимиздан кетиш ниятингиз йўқми?
- Насиб қилса легионер бўламиз. Бироқ ҳали насиб қилмаган экан, шу ердамиз. Демак, Ўзбекистонда қиладиган ишларимиз бор. Лекин мен Ўзбекистондан кучсиз чемпионатларга боришни хоҳламайман. Бизнинг чемпионатдан кучлироқ биринчиликлар бўлса бориб ўйнашни истайман. Агар ҳамма қатори менга четдан вариантлар чиқса, улардан кўра Ўзбекистон чемпионати кучли.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар