
Бугун "Суперлига-2025"га старт берилади. Мурзоев илк турдаги жуфтликлар ҳақида нима дейди?
Ниҳоят, бугун футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасига старт берилади.
Биласиз, бу йилдан лигада клублари сони 16 та оширилди. Ҳар бир турда эса 8 та жуфтлик гувоҳи бўламиз. Бироқ “Пахтакор”нинг ОЧЛдаги иштироки сабабли 1-турда “Машъал”га қарши учрашуви бошқа кунга қолдирилди.
Шунинг эвазига сиз билан биз илк турда 7 та қарама-қаршиликни кузатамиз.
Собиқ футболчи, ҳозирда Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари сифатида ишлаб келаётган Камолиддин Мурзоев чемпионатимизнинг дастлабки тури олдидан жамоаларнинг имкониятлари борасида гапирди.
7 март.
19:30. ОКМК – “Бухоро”
- Бухороликларни Суперлигага қайтганидан кейинги дастлабки ўйини. Биринчи тур барибир мавсумнинг боши. Ҳаммамизга ёд бўлган ибора билан бошлаймиз: деярли кучлар тенг. Ўйлайманки, фаворит ОКМК жамоаси бўлади. “Бухоро” ҳам менимча етарли қаршилик кўрсата олади. Улар Суперлигага қайтганини ифодалаш мақсадида яхши тайёргарлик билан чиқишади.
8 март.
17:45. “Қизилқум” – “Сурхон”
- Курашларга бой ўйин бўлиши кутилади. Чунки “Қизилқум”да катта ўзгаришлар бўлди. Янги ўйинчилар келди. “Сурхон” сўнгги йилларда сермазмун ўйинлари билан кўпчиликка аста-секинлик билан ёқа бошлаган жамоа бўлмоқда. Асосан ёш футболчилардан таркиб топган жамоа. Агар фоизларда гапирадиган бўлсак, 50\50. Қаердадир мен “Сурхон”га имконият берган бўлардим.
19:30. “Қўқон-1912” – “Андижон”
- Водий дербиларидан бири. “Қўқон-1912” бу йил Суперлигага қайтиш қилди. Бу жамоага биринчи тур қийин бўлади. Чунки “Андижон” ўтган йили анча характер кўрсата олган жамоа. Ўзбекистон Кубогини ютишга эришди. Ўзаро умумий ҳисобда кучлар тенг. Бир жамоанинг кўпроқ имконияти тўғрисида гапирадиган бўлсак, “Андижон”ни имкониятини бироз баландроқ ҳисоблаган бўлардим.
20:00. “Бунёдкор” – “Нефтчи”
- Бу кўп йиллар давомидаги ўзига хос қарама-қаршилик. Бу ерда ҳам айниқса “Бунёдкор” ўтган йили иккинчи даврада ўз ўйинини тиклаб олганлигини инобатга оладиган бўлсак, менимча, турнинг марказий учрашувларидан бири бўлади. “Нефтчи” сўнгги икки йилда чемпионатимизда ўзига хос трансферлари билан ном қозонган. Бу йил улар янада кучайиш қилишган. Кучли, номдор жамоалар. Шу нуқтаи назардан жуда қизиқ ўйин бўлади. Менимча, 50\50.
9 март.
17:30. “Хоразм” – “Шўртан”
- Жуда қизиқари ўйин бўлади. Икки про лига вакиллари Суперлигага қайтишларини бир-бирига қарши учрашув билан бошлайдилар. Умумий, ўзаро жуфтликлар борасида қарасак, бошқа рақибларга нисбатан иккала клуб ҳам бир-бирига қулай рақиблар. Яхши ўйин гувоҳи бўламиз, деган умиддаман.
19:30. “Навбаҳор” – “Динамо”
- “Навбаҳор”ни ҳам, “Динамо”ни ҳам мураббийларининг ўйин услубидан келиб чиқадиган бўлсак, чиройли ўйин кўришимиз керак, деб ўйлайман. Биринчи турда жамоаларнинг имкониятлари деярли тенг бўлади. Бу клубларни ўйин услубидан келиб чиқсак, ўзлари ҳам футбол ўйнашади ва рақибга ҳам ўйнаш имконини берадилар. Агар майдон ҳолати яхши бўлса, мухлислар голларга бой ўйин кўришади, деган умиддаман. Бу ҳам турнинг марказий учрашувларидан бири ҳисобланади.
20:00. “Насаф” –“Сўғдиёна”
- Бу ҳам ўзига хос дербига айланиб боряпти. Ўтган йили “Сўғдиёна” “Насаф”га етарлича бош оғриғи бўла олган. Бу йил ҳам шундай бўлади. Иккала жамоа мураббийи ўз жамоасини футбол ўйнашини хоҳлайдиган, амбицияларга эга бўлган клублар. Бу ерда ҳам кучлар тенг. Бу ўйин назаримда голларга бой бўлса керак.
Фикрлар