Бугун яна бир легионеримизнинг дебютини кўрамизми?

Бугун Беларусь чемпионатининг 24-тур учрашувлари давом эттирилади. Ўзбекистонлик футбол мухлислари учун аҳамиятлиси, “Энергетик-БГУ” сафар учрашувида “Динамо-Брест” жамоаси меҳмони бўлади.

Бу беллашувда куни кеча “Пахтакор”дан трансфер қилинган Ҳумоюнмирзо Иминов “Энергетик-БГУ” таркибида дебют учрашувини ўтказиши кутилмоқда.

unnamed_57

“Энергетик-БГУ” ўзбекистонлик футболчилар учун Европа футболига трамплин вазифасини ўтамоқда. Йил бошида бу жамоа таркибига қўшилган Жасур Яхшибоев тўпурарлик қобилияти билан чемпионликка асосий даъвогар бўлган “Шахтёр” назарига тушди ва солигорсликлар таркибига қўшилди. Ҳамюртимиз Европа Лигасида майдонга тушиб, еврофутбол ҳавосидан ҳам баҳра олди. Айни пайтда Жасурни Киевнинг “Динамо” жамоаси кузатувга олган ва легионеримиз шу савияда ўйнашни давом эттирса, келаси ёз Украина гранди ва бошқа клублардан таклиф олиш эҳтимоли катта.

a6a337684c180405beb42503f7a5b5bd

Айни пайтда жамоа етакчиларидан бирига айланган Шаҳбоз Умаров ҳам янги мавсумда мамлакатнинг энг қудратли клуби БАТЭ сафига қўшилади. Ҳозир “талабалар” сафида ўйнаётган ҳужумкор футболчимиз борисовликлар билан шартнома имзолаб қўйган ва жорий чемпионат якунланиши билан янги жамоа сафига кўчиб ўтади.

Жасур ва Шаҳбознинг муваффақиятли ўйини хорижлик экспертлар ва мураббийлар эътиборини ўзбек футболига қаратди. Уларнинг  ўйинидан қониқиш ҳосил қилган “Энергетик-БГУ” раҳбарияти “Пахтакор”дан яна бир истеъдод эгасини бир йил муддатга ижарага олди. “Пахтакор” ҳам ёш футболчининг етарлича ўйин амалиётига эга бўлиши, легионер сифатида тажриба тўплаши ва ўйинини кучайтиришини кўзлаб, Ҳумоюнмирзо Иминовни Беларусга жўнатишга қарор қилди. Шу билан бир қаторда “Пахтакор” бу футболчини исталган вақтда ортга қайтириши мумкин. Ҳумоюнмирзо учун ҳам “шерлар” захирасида ўз вақтини кутгандан кўра, “Энергетик-БГУ”да тўп суриш ҳар томонлама фойда экани ҳаммамизга аён.

125948_680_1

20 ёшли Хумоюнмирзо Иминов 2019 йилдан “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилиб келаётган эди. У миллий чемпионатдаги дебютини ўтган йили 19 октябрь куни Самарқанднинг “Динамо” жамоасига қарши  учрашувда нишонлаган ва кейин яна учта ўйинда майдонга тушган.

Бу йилги суперлига баҳсларида Ҳумоюнмирзо “Бухоро” ва “Бунёдкор”га қарши учрашувларда захирадан ўйинга қўшилди.

Ҳумоюнмирзо Иминов Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ баҳсларида Эроннинг “Шаҳр Ходро” жамоаси билан бўлган ва “шерларнинг” йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган беллашувда Сардор Собирхўжаев ўрнига майдонга чиқиб, қитъамиз клубларининг энг нуфузли турнирида ҳам дебют қилди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Ҳумоюнмирзо марказий ярим ҳимоячи ва ҳужумкор футболчи амплуаларида ўйнай олади. Трансферларга ихтисослашган transfermarkt портали Иминовнинг трансферини 125 минг еврога баҳолаган.

“Энергетик-БГУ” таклифи Иминов учун янги синов ва катта имконият эканини алоҳида таъкидлаш лозим. У ҳам худди Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаров сингари ўз салоҳиятини намойиш этиш орқали кучли клублар эътиборини қозониши, ўзига бўлган ишончни оқлаб, маҳоратли футболчи эканини исботлаши талаб этилади.

Беларусь чемпионатидаги учинчи легионеримизнинг ҳам ишончли ўйин намойиш этиши ўзбек футболи тарбияланувчиларига эътиборнинг  ошишига пойдевор бўлади. Зеро, Россия ва Беларусь чемпионати ўзбекистонлик чарм тўп усталари учун Европа футболига йўл очадиган мусобақалардир.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)