Европа клуби ўзбек футболчиси трансферига қандай муносабат билдирди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида АҚШ, Мексика ва Канадада ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган энг ёш футболчи Беҳруз Каримов ишончли ўйини билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонган эди.
Ёш ҳимоячига Европанинг бир неча клубларидан қизиқиш бўлди. Иқтидорли ўйинчи легионерлик фаолиятини кутилмаганда Швейцарияда бошлашга қарор қилди.
Бу мамлакатнинг ўтган мавсумдаги чемпионатини учинчи ўринда якунлаган “Лугано” ўзбекистонлик умидли футболчини қўлга киритгани ҳақида расман маълумот берди.
Беҳруз Каримов жаҳон чемпионати бошланишига икки ярим ой қолганида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида халқаро майдондаги дебютини ўтказган эди. У Габонга қарши ўртоқлик учрашувида 14 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Ўзбекистон терма жамоасига уни 2006 йилги жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро жалб қилди.
Мундиалда Каримов Колумбия ва Португалияга қарши учрашувларда деярли тўлиқ ўйнади. Ҳар икки баҳс Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубияти билан якунланган бўлса-да, ёш ҳимоячининг ҳаракатлари, кучли зарбаси ҳамманинг эътиборини тортди.
Термизнинг “Сурхон” жамоасидан “Лугано”га келган футболчи трансфери ҳақида швейцарияликлар спорт директори Себастьян Пельцер жуда илиқ фикр билдирди.
- Беҳрузнинг трансфери “Лугано” футбол клуби танлаган йўналишни тасдиқлайди. Клубимиз халқаро майдонда ёш истеъдодлар ўз фаолиятини янада ривожлантириш учун муносиб муҳит ва шароит яратиб берадиган клуб сифатида мавқеини тобора мустаҳкамлашга интилади.
Беҳруз учун “Лугано” Европа футболидаги биринчи манзил ҳисобланади. Бу ерда у фаолиятидаги кейинги қадамни ташлаши мумкин, - деди Себастьян Пельцер.
Пельцер, шунингдек, Каримовнинг фаолиятини бир нечта клублар диққат билан кузатиб борганини ҳам таъкидлади.
- Қарорлар қабул қилишда биз учун молиявий жиҳатлар эмас, балки спортдаги истиқбол ва лойиҳанинг сифати устувор бўлиши керак. Биз ёш футболчиларга қизиқарли ва катта мақсадларга эга муҳитда ривожланиш имкониятини беришни истаймиз, - деди “Лугано” клуби спорт директори Себастьян Пельцер.
Эслатиб ўтамиз, Беҳруз Каримов Ўзбекистон Суперлигасида “Сурхон” таркибида жами 22 та учрашувда иштирок этиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари рақиблар дарвозасига учта гол уришни ҳам уддалаган.
Ўнг қанотда ҳимоядан ҳужумгача бўлган позицияларда ўйнай оладиган 19 ёшли футболчимиз “Лугано” билан беш йиллик шартнома имзолади ва Швейцария клуби билан 2031 йилнинг 30 июнигача ҳамкорлик қиладиган бўлди.
Легионеримиз жамоаси Европа Чемпионлар лигасида рақибни “илма-тешик” қилиб ташлади!
Шомуродовга янги харидор чиқди!
Мундиалдаги энг ёш ўзбек футболчиси Европа клубига ўтди
“Башакшеҳир” хўжайини Шомуродов трансфери бўйича муносабат билдирди
Суперклуб: Бизга Шомуродовни беринг! Ўрнига бошқа тўпурар юборамиз
Шунчаки даҳшат! Ҳусановнинг янги маоши маълум қилинди
Яхши бор, Ҳусанов! “Сити” Абдуқодирни кузатиб қўйди!
Ҳусанов синган оёқ билан майдонга тушганини тан олди

Фикрлар