"Бунёдкор" Кубокни ютишга тайёрми? Мурод Отажонов: "Чиройли савол..."
“Бунёдкор” янги мавсумни ғалаба билан бошлаганини биласиз. Зоминда “Сўғдиёна”га қарши баҳсда меҳмонлар ягона гол эвазига ғалаба қозонди ва ўз ҳисобига дастлабки уч очкони ёздириб қўйдилар. Янги бош мураббий Мурод Отажоновнинг дебюти муваффақиятли чиқди. Бу унинг учун энг муҳими ҳисобланади.
Шунингдек, кеча Ўзбекистон Кубоги гуруҳ баҳсларига ҳам қуръа ташланди. “Бунёдкор” рақибларини билиб олди. Машғулотдан сўнг клуб бош мураббийи Мурод Отажонов билан суҳбатлашдик ва аввалига Кубок учун ташланган қуръа хусусида гап борди.
- Ўзбекистон Кубоги гуруҳ баҳсларига қуръа ташланди. Жамоангиз “С” гуруҳида “Бунёдкор” “Нефтчи”, “Металлург” ва “Юниред”га қарши майдонга тушади. Қуръадан аввал нима кутгандингиз?
- Қуръа масаласида қандайдир сюрпризлар бўлган бўлиши мумкин. Қайсидир гуруҳларда Суперлигадан учта, яна айримларида битта ва ҳатто Суперлига жамоалари жой олмаган гуруҳлар ҳам бўлди. Ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа чиқади ва келажак ўйинлари янада қизиқарли ўтиши мумкин. Ўзбекистон Кубоги Суперлигадан кейинги иккинчи мусобақа. Бунга ҳам албатта тайёргарлик кўришимиз керак. Бир томондан иккала мусобақада ўйнаш қизиқарли, иккинчи тарафдан ПФЛ вақтларни тўғри тақсимласа бизларга ҳам осонроқ бўларди. Агар ўйинлар ораси қисқа бўлиб қолса, тайёргарлик кўришга қийинроқ бўлиб қолади. Ҳар бир учрашувга тайёргарлик кўрамиз.
- Сиз учун “ўлим гуруҳи” қайси?
- Қараб чиқишимиз керак. Ҳар бир мураббий ўз гуруҳини “ўлим гуруҳи” дейиши мумкин. Ёки енгилроқ деб ҳисоблаши ҳам ҳеч гап эмас. Буни футбол дейишади. Қаерда нима бўлишини билмайсиз. Қаердадир ютасиз, қаердадир қийинчиликка йўлиқасиз. Майдон текис, тўп думалоқ. Кимгадир кўпроқ омади келса, ютиб кетади.
- “Бунёдкор”ни Кубок мусобақасида яхши натижа кўрсатмаганига анча бўлди. Балки сизни бошчилигингизда жамоа янги саҳифа очмоқчидир, вазифа қандай?
- Ҳар бир мусобақада ўзимизга юқори мақсадларни қўямиз ва шунга эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Финалда қатнашиш жуда ҳам ёқимли ва ширин. “Бунёдкор” тўрт марта Кубокни ютган бўлса, охирги 7-8 йилдан бери ярим финалгача ҳам етиб кела олмаган. Қанча юқори чиқсак, бизга ҳам шунча яхши.
- “Бунёдкор” Кубокни ютишга тайёрми?
- Айтяпман-ку, бу – футбол. Мана, жаҳон чемпионатида амалдаги чемпион Аргентинани ютолмади. Ҳар бир ўйин қийин бўлади.
- Хўш, саволга дангал жавоб берсангиз, “Бунёдкор” Кубокни ютишга қодирми?
- (Бироз ўйлангач, кулиб) Чиройли саволлар, керакли саволлар. Биз ютишга ҳаракат қиламиз.
- “Бунёдкор” Суперлигани ғалаба билан бошлади. Кўпчилик жамоангизнинг “Сўғдиёна”га қарши ўйинида мезбонлар яхшироқ ўйнагани, аммо имкониятлардан фойдалана олмагани ҳақида гапиришмоқда...
- Ўйин тугагач, уч очкони олганимиздан сўнг ҳамма нарсани айтиш мумкин-да. Тўғри, “Сўғдиёна”да имкониятлар кўпроқ бўлди, деб айтишлари мумкин. Лекин биз гол уриб кетдик ва шундан сўнг яна айрим вазиятларимиз бўлди. Агар яна урсак, бошқа гап бўларди. Мабодо, “Сўғдиёна” гол урса балки яна бошқача бўлиши мумкин эди. Ким кучли бўлса, ўша жамоа ғалабани илиб кетади.
- “Бунёдкор” ютган бўлса-да, нимадандир кўнглингиз тўлмадими?
- Биринчи таймда ўйинимиз унчалик қовушмади. Майдонга кўника олишмадими ёки биринчи ўйин бўлгани учун жамоа қовуша олмадими, билмадим. Аммо иккинчи таймда ҳаммасини жой-жойига қўйдик ва тегишли кўрсатмаларни бердик. Шундан кейин йигитлар ўйнаб кетишди ва ўзларига ишончи ортди. Қарасак, биринчи тайм билан иккинчи таймни катта фарқи бўлди. Танаффусдан кейин осонроқ ўйнадик, деб ўйлайман.
- Сиз учун биринчи турда ҳайрон қолдирган натижа қайси бўлди?
- Менимча, “Насаф” – “Андижон” ўйини. “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасида ҳамиша қатнашиб келяпти. “Андижон” про лигадан энди чиққанди. Ўша учрашувдаги натижани кутмагандим. Боз устига “Андижон” сафарда ўйнаб ғалабани илиб кетди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар