"Бунёдкор"нинг янги ҳужумчиси ўзини кўрсатишни бошлади...ми?
«Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффнинг иккинчи раундида Ироқнинг «Ал Завра» клубини 4:1 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этди. Ушбу баҳсда эса «Насаф»дан таклиф қилинган ҳужумчи Ҳумоюн Муртазоев ўз ҳисобига иккита гол ёзиб қўйишга эришди. Балки унинг дебюти муваффақиятли чиқишини ўзи ҳам кутмаган бўлса керак. Бир сўз билан айтганда, Муртазоевнинг «Бунёдкор»даги дебюти омадли чиқди. Биз эса футболчи билан боғланиб бир қатор саволларга жавоб олдик.
- «Бунёдкор»даги дастлабки дебют ўйинингиз Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф доирасида Ироқнинг «Ал Завра» жамоасига қарши кечди. Буни қарангки, сиз ва жамоангиз учун дастлабки босқич жуда муваффақиятли чиқди…
- Доим жамоанг ғалаба қозонса ва бунга ўз ҳиссангни қўшар экансан, бу жуда ҳам ёқимли ҳолат бўлиб туюлаверади. «Бунёдкор» билан илк расмий учрашувда муваффақиятга эришганимиз ҳам қувонарли бўлди. Тўғри, биз рақибни йирик ҳисобда енгдик. Аммо бу ғалабани осонликча қўлга киритдик дегани эмас. Учрашув биз учун қийин кечди. Ҳар доим футболчининг дебют ўйини осон кечмайди. Шундай экан, менинг ҳам «Бунёдкор»даги илк ўйиним бўлди ва ўзига яраша машаққатли томонлари сезилди. Аммо биринчи голни уриб олганимиздан кейин ўзимизга анча келиб олдик. Бунгача биз хорижда йиғин ўтказдик. Айтишим керакки, қишки тайёргарлик жараёнларида биз барча футболчилар билан ҳамжиҳатликда ишладик ва бир жамоа эканлигимизни ҳис қила бошлагандик. Яширмайман, дебют ўйиним Осиё Чемпионлар лигасига тўғри келгани сабабли учрашувнинг дастлабки 10-15 дақиқасида ҳаяжонланиб турдим. Шу нарсани енгиб ўтганимдан кейин ўз ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Энг муҳими, биз муҳим учрашувда ғалаба қозондик.
- Бундан ташқари, сиз фаолиятингизда илк бор Осиё Чемпионлар лигасида дебют қилдингиз. Бунгача асосан ўзимизнинг чемпионатда ўйнаган футболчи сифатида бунинг фарқини қай даражада сездингиз?
- Чемпионлар лигасида ўйнасангиз бунинг қандайдир босими бўлади, салобати ҳам билиниб туради. Ҳозир айтиб ўтганимдек, барибир ҳаяжон бўлар экан. Лекин бу ёғига фақат мослашиб кетамиз деб ўйлайман. Ишонаманки, кейинги учрашувларда биз бундан ҳам яхшироқ ўйинлар кўрсатамиз.
- Барибир «Ал Завра»га қарши баҳсда сизнинг иккита гол уришингиз балки кўпчилик учун кутилмаган сюрприз бўлгандир. Ўзингиз эса воқеалар ривожи шу тариқа тус олишини пайқаганмидингиз?
- Биласиз-ку, ҳар бир ҳужумчи майдонга фақат гол уриш учун тушади. Гол эса севимли жамоангизга хурсандчилик олиб келади. Агар гол ура олмасангиз бу қайсидир маънода хафагарчиликка ҳам олиб келиши мумкин. Мен ҳам ҳужумчи эканман, демак майдонга тушганда гол уришдан кўра бошқа нарсани ўйламайман. «Бунёдкор» мени бежизга чақирмаган, шу боисдан ўзимни кўрсатишим ва айниқса голларим билан жамоамга ёрдам бериш истаги кучли эди. Майдонда эса ўша иштиёқим кучли бўлди. Бу биринчи ўйиним эди ва албатта гол ураман деб ўзимга тўлиқ ишонгандим. Бошланиши яхши, энди қолган баҳсларда ҳам голли сериямни давом эттиришни истайман.
- «Бунёдкор» плеф-офф доирасидаги охирги учрашувини сафарда «Ал Айн»га қарши ўтказади. Бу рақиб эса янада кучли ва жамоангизга икки ҳисса оғир бўлиши турган гап…
- «Ал Айн»нинг кучли рақиб ва кучли жамоа эканини биламиз. Лекин биз рақиб танламаймиз. Мақсадимиз Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқиш экан, унда олдимиздан чиқадиган ҳар қандай рақибни ютишимиз керак бўлади. «Бунёдкор» фақат ғалаба учун ўйнайди. Мухлисларимизни хурсанд этган ҳолда имкони қадар чемпионлар лигасида узоқроққача боришга ҳаракат қиламиз. Менинг «Бунёдкор»даги мақсадларим ҳам катта. Айтайлик, янги жамоамнинг ҳар бир ўйинида ғалаба қозонишида ўз ҳиссамни қўшиш ва голларим билан ёрдам беришни истаяпман.
- Шу ўринда «Насаф»дан «Бунёдкор»га кўчиб ўтишингиз аслида қандай юз берганига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Ўйлашимча, чемпионатимиздаги ҳар бир футболчи Осиё Чемпионлар лигасида ўйнашни жуда исташади. Менга эса шундай вазият яратиб беришдики, мен бунга йўқ дея олмадим. Натижада «Бунёдкор»дан тушган таклифга ижобий жавоб бердим. Яширмайман, ўзимнинг ҳам орзуим чемпионлар лигасида ўйнаш эди. Бундай имконият пайдо бўлгани учун ундан воз кеча олмадим.
- Ёш футболчининг янги жамоага кўникиб кетиши осон жараён эмас. Шундай экан, «Бунёдкор»га мослашишингизда сизга кимлар ёрдам беряпти?
- Бу жамоа аҳил экан. Мени бу ерда илиқ кутиб олишди ва «Бунёдкор»га анча-мунча кўникиб кета олдим. БААда ҳам яхши шуғулландик. У ердаги йиғинимиз ҳам менинг янги жамоамга кўникиб кетишимда муҳим роль ўйнади. Менга бу клубга мослашиш қийин эмас, аксинча осон кечяпти.
- «Бунёдкор»ни бошқараётган Вадим Абрамов миллий терма жамоанинг ҳам бош мураббийи бўлгани сабабли унинг қўл остида тўп суришингиз сизга янада кенг имкониятлар эшигини очади деб ўйлаяпсизми?
- Ҳа, бу томондан ҳам ўйласа бўлади. Аммо ҳар қандай футболчи ўзини кўрсата олса, Ўзбекистон терма жамоаси учун ўйнай олади. Бошқа клубда ўйнаган тақдирда ҳам у яхши жиҳатларини кўрсатса албатта терма жамоага чақиришлари мумкин. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Бироқ Абрамовнинг олдига келдим, энди мен ҳам терма жамоада ўйнайман деб фикр юритса, бу нотўғри бўлади. Ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги керак. Футболчи ҳамма вақт ўсишда давом этиши лозим. Абрамовнинг менга нисбатан ишончини ҳис қиляпман.
- «Насаф»да ўтказган фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Қаршида оиламни ташлаб келгандек бўлдим. Лекин ўзим учун яна бир ажойиб оилага қўшилдим. «Насаф»даги фаолиятимни ижобий деб айтган бўлардим. Агар 3-4 йилдан кейин яна у ерда тўп суриш имконияти бўлганида иккиланмасдан «Насаф»га қайтган бўлардим.
- «Насаф»нинг ҳозирги қийин вазиятга тушиб қолгани сизни ташвишлантирмаяптими?
- «Насаф»да ҳар йили қийин аҳволга тушдик дейишади-ку, лекин у ерда доим янги иқтидорлар кашф қилинаверади. Бунда эса кўпроқ мураббийнинг ҳиссаси катта бўлади. Бу йил ҳам «Насаф» яна зўр жамоага айланади. Чунки у ердан янги иқтидорлар етишиб чиқмоқда. Кўпчилик у ердан етакчилар кетди, энди бўлди деб ўйлашади-ю, аммо доим яна янгилари чиқаверади.
Фикрлар
Nasaf un iliq fikirlarga raxmat.