"Бухоро" 878 кундан сўнг ўзининг қадрдон стадионида ўйин ўтказади!

“Бухоро” стадиони футбол учрашувларини қабул қилишга тайёр. Кеча - 11 апрель санасида ЎзПФЛ ишчи гуруҳи Бухорода бўлиб, марказий стадион ҳолатини ўрганди.

Кейинчалик, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаевни қабул қилиб, “Бухоро” футбол клубидаги муаммолар ва уларнинг ечими борасида суҳбатлашди. Шунингдек, кечга яқин Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи раҳбари Акбар Фозилов билан учрашув бўлиб ўтди ҳамда унда клуб келажаги борасида, шу кунгача йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан фикр алмашилинди. 

“Бухоро” стадиони майсаси билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлавермагач, соҳанинг асл мутахассислари жалб қилинди. Ўрганишлар натижасида дренаж тизими, суғориш механизми ҳамда майса парвариши борасида қатор муаммолар аниқланди. Шундан келиб чиқиб, уларнинг барчаси тўғри йўналишга тушиб олиши учун иш бошланди. Қайд этиш керак, “Бухоро” стадионининг ҳозирги иш билан ўз вақтида “Насаф”, “Навбаҳор каби стадионлар майсаси билан шуғулланган, “Турон”, “Жар” каби стадионлардаги ишларга маслаҳатчи сифатида ёрдам берган мутахассислар шуғулланди. 

Майса 25 апрелга қадар тўла тайёр бўлади. Шундан келиб чиқиб, 29 апрель куни бўлиб ўтадиган Про лига 6-туридаги “Бухоро” — “Хоразм” беллашувини асосий аренада ўтказиш масаласида келишиб олинди. Айни вақтда ҳокимият вакиллари стадионни учрашувга тайёрлаш борасидаги қолган ишларни давом эттирмоқда.

ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!