"Бухоро" учун 2:2 ҳисоблари қандай таъсир кўрсатаётганини биласизми?

“Бухоро” Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашмоқда. Мавсум бошидан бери эса бу жамоада нималар бўлганидан хабардорсиз, албатта.

Эндиликда таркибда кўпроқ ёшлар, биз ҳали яхши билмайдиган, танимайдиган футболчилар тўп суряпти. Лекин бош мураббий Жамшид Саидов ўша ёшлардан курашувчан жамоа тузмоқда. Тўғри, ҳали вазият клуб учун мураккаб. Негаки, “Бухоро” 8 очко билан 13-ўринда. Аммо унинг олдидаги рақиблари ҳам у қадар катта фарқ билан илгарилаб кетмаган. Лекин бухороликларнинг айрим ўйинларига назар ташлар эканмиз, балки вазият бошқачароқ тус олиши ҳам мумкин эди.

Гап шундаки, биз клубнинг мавсум бошидан буён ўтказган ўйинларига қараб чиқдик ва эътиборимизни тортган учта жиҳатни аниқладик. Яъни, шу пайтгача клуб уч марта 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган бўлиб, булар ўзига яраша воқеликларга сабаб бўлган.

4-тур. “Бухоро” – “Андижон” – 2:2. Мавсумдаги илк очко

Ёдингизда бўлса, клуб мавсумни кетма-кет учта йирик ҳисобдаги мағлубиятлар билан бошлади. Яъни, рақибларига фақат 0:3 кўринишида ютқазиб, 4-турда “Андижон” билан беллашди. Ўша дастлабки карантиндан кейин ўтказилган ушбу ўйинда “Бухоро”га ғалаба жуда зарур эди. Ўша учрашув давомида эса воқеалар ривожи ўзгариб турди. Аввалига Жасур Ҳакимов 22-дақиқада ҳисобни очиб, “Бухоро”ни олдинга олиб чиққанди. Кейинчалик андижонликлар икки марта пенальтидан гол уриб ғалабага яқин тургандилар. Ўйин эса катта эҳтимол билан 1:2 ҳисобида “Андижон”нинг ғалабаси билан тугаётгандек эди. Лекин сўнгги сонияларда Беҳруз Саъдиллоев томонидан киритилган гол якунда “Бухоро”ни мағлубиятдан қутқариш билан бирга жамоасига мавсумдаги дастлабки очкони тақдим этган ўйин сифатида ҳам ёдда қолди. Оқибатда “Андижон” ҳам тайёр ғалабани қўлдан чиқарди ва мана ҳалигача улар ҳеч бир ўйинда муваффақият қозона олмаяпти.

13-тур. “Бухоро” – АГМК – 2:2. Бош ҳакамнинг хатолари ва қўлдан чиқарилган  ғалаба

Тошкентда марказлашган ҳолда ўтказилган Суперлига учрашувлари доирасида “Бухоро”нинг АГМКга қарши намойиш этган ўйини аксарият мухлису, мутахассислар томонидан олқишланди. Кеча АГМК “Металлург” билан баҳсда мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Бироқ холисона фикр билдириб, вазиятга реал қарасак, аслида олмалиқликларнинг илк мағлубияти биринчи давранинг охирги беллашувида кузатилиши катта эҳтимол эди. Аммо ўша ўйинда нималар бўлганини энди кўпчилик билади. Лекин ўйин жуда қизиқарли кечганди. Бу сафар шундай бўлдики, аввалига Элгужа Григалашвили АГМКни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 73 ва 89-дақиқаларда эса, Иззатилла Абдуллаев билан Илҳом Алижоновнинг чиройли голлари туфайли “Бухоро” ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Бир қарашда ўйин 2:1 ҳисоби билан якунланадигандек туюлганди. Бош ҳакам Вадим Агишев тўхталишлар учун тўрт дақиқа қўшиб бергани, якунда эса АГМК 90+6-дақиқада ҳисобни тенглаштирганини кўпчилик кўрди. Расмий протоколда эса Шаҳзод Нурматовнинг голи 90+5-дақиқага ёзилган. Кейинчалик эса ҳакамлар қўмитаси томонидан Агишевнинг хатти-ҳаракатлари ўрганиб чиқилди ва ўйин давомида бир қатор камчиликларга йўл қўйгани аниқланиб, дисквалификация қилинди. Ҳолбуки, ўша куни “Бухоро” деярли ғалаба қозониб бўлганди ҳам. Аммо ҳакамнинг хатолари Саидов жамоасига қимматга тушди.

14-тур. “Бухоро” – “Қўқон-1912” – 2:2. “Андижон”га қарши ўйин сценарийси такрорланган баҳс

Иккинчи давранинг илк туридаги учрашув ҳам ҳужумкорлик борасида бошқа ўйинларга ўрнак бўла олади. Эътиборлиси 4-турда “Андижон”га қарши кузатилган ўйин сценарийси “Қўқон-1912” билан учрашувда ҳам такрорланди. Аввалига Жасур Ҳакимов ҳисобни очган бўлса, кейин қўқонликлар икки марта жавоб қайтаришди. Лекин ҳакам томонидан қўшиб берилган тўрт дақиқанинг охирги сонияларида яна ўша Жасур Ҳакимов катта саҳнага чиқиб, жамоасининг жонига оро кирувчи голни урди ва “Бухоро”ни муқаррар мағлубиятдан қутқариб қолди. Демак, кўриниб турибдики, “Бухоро” футболчиларига охиригача курашиш муҳимлиги яхши тушунтирилган. 

Жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар бор, аммо камчиликлар ҳам етарли

Бош мураббий Жамшид Саидовнинг ёш ўйинчилар билан қандай жамоани шакллантираётгани кўз олдимизда гавдаланиб боряпти. Ҳар ҳолда легионерларсиз ҳам “Бухоро” рақибларига қаттиқ қаршилик кўрсатадиган, ғалаба учун курашадиган клуб сифатида намоён бўлиб боряпти. Муҳими, клуб осонликча таслим бўлаётгани йўқ. Саидов ва Хомяков тандеми яхши натижа беришини мухлислар кутмоқдалар. Аммо камчиликлар ҳам етарлича, ахир жамоа ўйинидаги барча муаммоларни бирданига ҳал қилиб ҳам бўлмайди. Аслида клубнинг 13-ўриндалигининг ўзи бир муаммо. Бундан ташқари, ўз дарвозасидан гол ўтказиш бўйича “Бухоро” пешқадам бўлиб турибди. Улар 15 та учрашувда 31 та голни олиб чиқишди. Демак, ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш асосий вазифалардан бирига айланмоқда. Лекин жамоанинг ўйинига ранг-баранглик кириб бораётгани ва бу ҳол маҳаллий ишқибозларга навбатдаги учрашувларга ишонч билан қарашга асос бўлмоқда. Энди бухороликлар 15-турда дам олади. “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки сабабли бу ўйин 5 сентябрга белгиланиб, йирик ҳисобда пойтахтликлар ғалаба қозонди. Демак, қолган учрашувлар ўз-ўзидан “Бухоро” учун финалдек катта аҳамият касб этади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
13/09/2020 22:54
Nasafdan ham achko oluvdi. Durang uynovdi. bulmasa Nasaf bilan himoyaga bardish berish qiyin. kurapmiz. nicha yilderku. uyin bobiga Nasaf hamma kamandadan bir bosh ustin. shunday kamandadan achko olishi. Buhoro uzi hohlasa. kuchli uynashi mumkin.