"Бухоро" ва "Пахтакор"ни боғлаб турадиган 57, 41, 9 ва 7 рақамлари

"Пахтакор" Coca Cola Суперлигаси 15-турида "Бухоро" билан сафар ўйинида майдонга тушади. Тошкентликлар матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.

Жамоалар сафида ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юборадиган футболчилар мавжуд эмас.

Чемпионатлар тарихида ушбу жамоалар 57 бор ўзаро беллашган. 41 баҳсда "Пахтакор", 7 беллашувда "Бухоро" ғалаба қозонган. 9 тўқнашув дуранг билан якунланган. Рақиб дарвозаси "шерлар" томонидан 130 бор ишғол этилиб, бухороликлар 38 гол урган. 15 учрашувда "шерлар" рақибни йирик натижа билан таслим қилган. 2005 йил энг йирик натижа кузатилган. Сафарда пойтахтликлар 8:0 ҳисобида зафар қучган.

Меҳмондаги ўйинларда "Пахтакор" кўрсаткичи шундай кўриниш олган: 15 ғалаба, 7 дуранг ва 6 мағлубият. "Бухоро" дарвозасига 53 гол урилиб, 21 тўп ўтказиб юборилган. Сафарда охирги икки беллашувда Шота Арвеладзе шогирдлари йирик ҳисобда муваффақият қозонган.

Ўзаро ўйинлар тўпурари Сервер Жепаров саналади. У бухороликлар дарвозасига 10 гол урган. Драган Черан ҳисобида 9 гол мавжуд. Игорь Шквирин 8, Игорь Сергеев 7 тўп муаллифи бўлган. Анвар Солиевда 6, Миржалол Қосимов, Владимир Козак ва Зайниддин Тожиевда 5тадан гол бор. Андрей Стрельцов ва Леонид Кошелев эса 4тадан гол муаллифига айланган. Рақибдан Илҳом Қурбонов ҳисобида 3 гол бор. Геннадий Шарипов ва Баҳодир Пардаев ҳар икки жамоа сафида тўп киритишга эришган.

"Бухоро" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин бугун соат 18:00да "Локомотив" стадионида бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!