"Бухоро"даги "Янги Месси": "Пахтакор"да захирада ўтиришни истамадим, янада кучлироқ бўлиб қайтмоқчиман"

Про лигада иштирок этаётган “Бухоро” мавсум бошига нисбатан ҳозир буткул ўзгарган. Айниқса, ёзги селекцияда сифатли футболчилар олиб келинди. Уларнинг орасида энг аввало кўзга ташланаётгани – бу Ҳумоюнмирзо Иминов.

“Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланган ярим ҳимоячи илгари Беларусь чемпионатида “Энергетик БГУ” сафида ҳам ярим йил тўп сурган. Айтиш лозимки, ушбу футболчи “Бухоро”нинг ўйинига ранг-баранглик олиб кирди. Sports.uz мухбири Иминов билан боғланди.

- Ўйинларингизни анчадан бери кузатиб келамиз. Бу йил ёзги селекцияда “Пахтакор”дан “Бухоро”га кўчиб ўтдингиз. Бундай қарорга келишингизга нима сабаб?

- “Бухоро” клубига ўтишимнинг сабаби шуки, “Пахтакор”да ўйин амалиётим кам бўлаётганди. Кейинги йилга “Пахтакор”га кучлироқ бўлиб қайтмоқчиман. Қолаверса, “Бухоро”нинг олдига қўйган мақсади бор. Мен мана шу вазифа бўйича жамоага ёрдам бермоқчиман. Чемпионат охиригача ижарага келганман.

- Биламизки, “Бухоро”да тўп сураётган Сардор Эминовнинг укасисиз. Шу жараён ҳам сизни ушбу клубга ўтишингизга муҳим роль ўйнадими?

- Албатта, катта роль ўйнади. Клубдагилар ҳам мени ўтишимни хоҳлашди. Мураббийлар ҳам, раҳбарлар ҳам. Уларга ишониб ёрдам бериш учун келдим.

- “Пахтакор”ни тарк этиш режангизда бормиди?

- У ерда мураббий алмашганининг таъсири бўлди. Аслида йил бошида кетишим керак эди, ўхшамай қолганди.

иминов1

- Қаерга кетмоқчи эдингиз?

- Ҳали вариант кўриб чиқмагандим. Аммо кетиш режа бор эди, ижарага.

- Кейинги тақдирингиз бўйича бош мураббий Максим Шацких билан ҳам гаплашганмисиз?

- Албатта, гаплашганман.

- Нима деб ўйлайсиз, у сизга ишонмадими?

- Йўқ, ишониш ёки ишонмаслик ҳақида гап бўлмаган. Шунчаки, яна захирада ўтиришни истамадим. Шу боис ўзим кетишни истадим. Юқорида айтганимдек, қишда “Пахтакор”га янада кучлироқ бўлиб қайтмоқчиман.

- “Бухоро”нинг ўйини энди анча ўзгарди. Янги клуб ва про лигада ҳақида фикрингиз қандай? Ҳаммаси сиз кутганчалик эканми ёки...

- Ҳаммаси зўр. “Бухоро”га янги футболчилар келган. Қолган ўйинчилар билан барча бир хил савияда. Мураббий ҳаммага ишонади. Фақат кимни майдонга тушириш бу мураббийнинг танлови. Кучли футболчилар бор, жамоа яхши, кўз тегмасин. Мураббийлар ҳам зўр. Бизга бир-иккита учрашувларда омад етишмади, шу холос.

- “Бухоро”га келганингиздан кейин сиз ҳақингизда шундай таърифни эшитдик: “Янги Месси”!

- Ёшлигимда “Пахтакор”га келган пайтимда шунақа дейишган. “Бухоро”га эса янги қўшилганман. Ким нима деяётгани билмадим.

- Лекин сизни шундай деб чақиришлари ёқадими?

- Албатта. Легенда бўлган футболчига ўхшатишлари кимга ҳам ёқмайди?

иминов2

- Яқинда “Турон”га қарши ўйинда қизил карточка олдингиз, адашмасам бу фаолиятингиздаги биринчисими?

- Ҳа, биринчиси бўлди.

- Ўзи нима бўлди? Охирида асаблар дош бермадими?

- Йиқитган вазиятда 50х50 эди. Бермаса ҳам бўларди. Сариқ карточка олганимдан кейин биринчи фолни ишлатгандим. Рақиб футболчисини қарши ҳужумда бирга-бир ҳолатда чиқиб кетаётганида йиқитмагандим. Бу ҳакамнинг қарори бўлди, унга қўшилмасдан иложимиз йўқ.

- Интрига кучли. “Бухоро” 1-ўриндаги “Андижон”дан 10 очкога, 2-поғонадаги “Турон”дан эса 5 очкога ортда қоляпти. Имкониятларни қандай баҳолаяпсиз?

- Бешта кучли жамоалар қолган. Ҳамма бир-бири билан ўйнаб чиқади. Барчаси ўзимизга боғлиқ. Суперлигага чиқишни мақсад қилиб қўйганмиз. Худо хоҳласа, элитага чиқамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!