“Чарм тўп-2019”. Косоннинг “Навбаҳор” жамоаси республика босқичига йўлланмани қўлга киритди
Жорий йилнинг 15-16 август кунлари Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жойлашган Насаф футбол мактабининг футбол майдонларида ҳамда “Геолог” спорт соғломлаштириш мажмуасининг футбол майдонида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳалла ёшлари ўртасида “Чарм тўп” анъанавий мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берди.
Мазкур “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақасида вилоятнинг туман (шаҳар) босқичларида ғолиб бўлган 15 та жамоалардан 240 нафарга яқин 18-30 ёшли маҳалла ёшлари иштирок этишди.
Мусобақанинг биринчи кунги натижаларига кўра Ғузор туманидан ташриф буюрган “Авғонбоғ” МФЙ ёшлари фахрли 3-ўринни эгаллаган бўлсалар, мусобақанинг ҳал қилувчи финал йўлланмасига Касби туманидан ташриф буюрган “Оққамиш” МФЙ ёшлари ҳамда Косон туманидан ташриф буюрган “Навбаҳор” МФЙ ёшлар жамоалари эга чиқишди.
Мусобақанинг финал босқичи Қарши шаҳрида жойлашган “Геолог” спорт соғломлаштириш мажмуасининг футбол майдонида байрамона тарзда ўтказилди.
Финал баҳсида Касби туманидан ташриф буюрган “Оққамиш” МФЙ жамоаси ҳамда Косон туманининг “Навбаҳор” МФЙ жамоаси майдонда тўп суришди. Муросасиз кечган ўйинда “Навбаҳор” МФЙ жамоаси 3-2 ҳисоби билан рақибидан устун келди ва республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Якунда ғолиб совриндор бўлган жамоалар диплом, медал, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар, шунингдек, мусобақа давомида фаол иштирок этган жамоа аъзолари турли номинациялар бўйича эътироф этилди.
Фикрлар