"Челси" 35 ёшли собиқ "Манчестер Юнайтед" ва "Арсенал" ҳужумчисини сотиб олиши мумкин
«Челси» клуби ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида тажрибали форвард Данни Уэлбекни олиб келиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Манбага кўра, «Челси» бош мураббийи Хаби Алонсо 35 ёшли Уэлбекни нафақат майдондаги ўйини, балки лидерлик фазилатлари учун ҳам юқори баҳоламоқда.
«Брайтон» раҳбарияти лондонликларнинг тажрибали ҳужумчига бўлган қизиқишидан хабардор. Барча томонлар эҳтимолий трансфер бўйича хушумид, бироқ музокаралар ҳозирча дастлабки босқичда экани таъкидланмоқда.
Данни Уэлбекнинг амалдаги шартномаси уни «Брайтон» билан 2027 йилнинг ўрталаригача боғлаб туради. У ўтган мавсумда Англия премьер-лигасида ўз карьерасидаги энг самарали натижани қайд этди — 38 ўйинда 13 та гол урди.
Уэлбек бундан аввал бир қатор йирик клублар шарафини ҳимоя қилган. Хусусан, у «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» таркибида ҳам майдонга тушган.

Фикрлар