«Челси» "Брайтон" ярим ҳимоячисини нишонга олди
«Челси» 50 миллион евро баҳоланаётган «Брайтон» яримҳимоячиси Ясин Аяри трансфери учун жиддий кураш олиб бормоқда.
«Брайтон» марказий ярим ҳимоячиси Ясин Аярига Лондоннинг «Челси» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар тарқатди.
Манба маълумотларига кўра, Аярининг «Брайтон» билан янги шартнома борасидаги музокаралари тўхтаб қолган. Шу вазиятдан фойдаланишга «Челси» уринаётгани айтилмоқда. Бироқ швед футболчисига талабгорлар фақат лондонликлар эмас: унга «Галатасарай», «Фенербахче», «Милан» ҳамда Англия премьер-лигасининг яна бир неча клублари назар ташлаган.
Шунга қарамай, «Брайтон» раҳбарияти 23 ёшли яримҳимоячини жамоада сақлаб қолиш тарафдори экани қайд этилмоқда. Клуб Аярининг трансфер қийматини тахминан 50 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
Жорий мавсумда Ясин Аяри барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда 12 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол уришга муваффақ бўлди.

Изоҳлар (0)