Чемпионлар лигаси финали бошқа жойда ўтказиладими? Ёхуд нега инглизлар Туркияга боришни хоҳламаяпти?

Чемпионлар лигаси финалига Англиянинг икки жамоаси чиққани УЕФА учун муаммо туғдирмоқда. Боиси, “Манчестер Сити” ва “Челси” финал бўладиган шаҳар – Истанбулга бора олмаслиги мумкин. Ҳозир ҳаммаси жиддий. Ҳатто “Астон Вилла” клуби ЕЧЛ финалини ўз стадионида қабул қилиш истаги билан УЕФАга мурожаат қилди. Бироқ, УЕФА ушбу таклифни қабул қилмади ва ўз қарорига мувофиқ, финал Истанбулда ўтказилишини маълум қилди.

Барчасини эпидемиологик вазият мураккаблаштирмоқда. Гап шундаки, бир ҳафта олдин Туркияда локдаун эълон қилинган эди. Бугун Буюк Британия ҳукумати Чемпионлар лигаси финалига мезбонлик қиладиган давлатни “қизил ҳудуд”га киритди. Бу эса инглизларнинг Туркияга ташрифини тақиқлайди. УЕФА "Манчестер Сити" ва "Челси"га финал учун 4000та чипта тақдим этишни режалаштирган, аммо ҳозирги шароитда клублар ушбу квоталардан фойдалана олмайди. Транспорт масалалари бўйича мамлакат бош котиби Грант Шаппс Англия футбол ассоциацияси УЕФА билан аллақачон мезбон шаҳарни ўзгартириш бўйича музокаралар бошлаганини ва бу борада якуний қарорни УЕФА қабул қилишини айтди.

"Буюк Британия томошабинлар билан ўйинлар ўтказиш бўйича муваффақиятли тажрибага эга, шунинг учун бизда бу борада барча имкониятлар мавжуд. Биз бу таклифга розимиз, лекин якуний қарорни УЕФА қабул қилади. Финалга Англиянинг иккита клуби чиққанлигини ҳисобга олиб, биз уларнинг қарорини сабрсизлик билан кутмоқдамиз ", - деди Шаппс.

Бундан ташқари, Британия ҳукумати футболчи ва клуб ходимларининг саёхатларига қўйиладиган чекловлар масаласига ҳам ечим қидирмоқда. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда. Карантин қоидаларига кўра, "қизил ҳудуд"га киритилган давлатлардан қайтиб келган Буюк Британия фуқаролари 10 кун давомида ҳукумат томонидан тасдиқланган меҳмонхонада карантинга олиниши керак. Шунинг учун ҳам инглиз клублари иштирокидаги Чемпионлар лигаси плей-оффининг бир қатор учрашувлари нейтрал майдонларда бўлиб ўтди.

Қайд этиш лозимки, Чемпионлар лигаси финалининг Истанбулда ўтказилиши Европа чемпионатида ўйнайдиган футболчиларга ҳам тўсқинлик қилиши мумкин. Ахир, финал ўйини 29 майга белгиланган, “Евро-2020” эса 11 июнда бошланади. Шу сабабли, футболчилар қитъа чемпионатига тайёргарлик кўриш ўрнига, Англияда карантинда ўтиришга мажбур бўлади.

Турецкая Медицинская Ассоциация: Турция может столкнуться с «цунами»  COVID-19, вводятся новые ограничения | Туристические новости от Турпрома

Агар УЕФА Истанбулдаги финални яна қолдирадиган бўлса, бу Туркия шаҳри учун кетма-кет иккинчиси бўлади. Чунки Истанбулдаги финал аслида 2020 йилда бўлиши керак эди, аммо пандемия туфайли ЕЧЛ ўйинлари марказлашган ҳолда Португалияда ўтказилди ва финал Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтди.

Энди Англия томони ҳам финалга мезбонлик қилувчи стадионни топиши керак. Одатда ҳал қилувчи ўйинларга мезбонлик қиладиган Лондондаги “Уэмбли” стадионида шу куни Чемпионшипнинг плей-офф финали ўтказилади. Ҳозир ЕЧЛ финалини қабул қилиши мумкин бўлган 2 та номзод қолди. Булар “Астон Вилла” ҳамда “Тоттенхэм” стадионларидир. Аммо Бирмингемдаги стадионни зудлик билан финалга ҳозирлаш керак бўлади. Агарда Лондон варианти танланса, бу табиийки “Челси” мухлислари учун қулайлик яратади.

Мақоламиз якунида мусобақа финалчилари – “Челси” ҳамда “Манчестер Сити”нинг ҳал қилувчи босқичгача қандай етиб келганини яна бир бор эслатиб ўтишга қарор қилдик. Демак, “аристократлар” Чемпионлар лигасини “E” гуруҳида бошлади ва “Севилья”, “Краснодар” ва “Ренн” клубларига қарши баҳс олиб борди. Якунда 14 очко тўплаган “Челси” ўз гуруҳида 1-ўрин билан плей-оффга йўл олди. Лондонликлар 1/8 финалда “Атлетико”ни, 1/4 финалда “Порту”ни, 1/2 финалда “Реал”ни мусобақадан чиқариб юборди ва финалга чиқди. Чемпионлар лигасининг “C” гуруҳида “Порту”, “Олимпиакос” ва “Марсель” клубларига қарши кураш олиб борган “шаҳарликлар” 16 очко жамғарган ҳолда 1-ўрин билан 1/8 финалга йўл олди. “Манчестер Сити” ушбу босқичда “Боруссия” Мюнхенгладбахни таслим қилган бўлса, 1/4 финалда “Боруссия” Дортмундни мусобақадан “улоқтириб” ташлади. Финал остонасида ПСЖ “тиз чўктирилди”.

УЕФА представил официальный мяч финала Лиги чемпионов в Стамбуле

Айни дамдаги расмий маълумотга кўра, “Челси” ва “Манчестер Сити” ўртасидаги инглизча финал 29 май куни Истанбулдаги “Отатурк” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!