Сўнгги йилларда «кўҳна қитъа»нинг нуфуз жиҳатидан энг катта турнири ҳисобланган УЕФА Чемпионлар Лигаси мўжизавий баҳсларга бой бўлмоқда. Мусобақа шу қадар кутилмаган натижаларга бой ўтмоқдаки, мухлислар ҳеч бир учрашувнинг ғолибини олдиндан айтиб бера олишмаяпти. «Барселона» қатнашган комбеклар, «Тоттенхем»нинг мўжизавий қайтиши ва бошқа бетакрор учрашувлар Европа футболи ихлосмандларига унутилмас лаҳзаларни ҳадя қиляпти. Биз, «Goal.com» сайти ЕЧЛ тарихидаги энг ҳайратланарли камбеклар ўнталигини тузиб чиқдик.

og-default

#10 «Монако» 3-1 «Реал Мадрид» ( Умумий ҳисоб 5-5, «Монако» меҳмондаги голлар ҳисобига ғалаба қозонган)

 

2003-04 йилги мавсум «галлактикос» айни қутурган пайтида «Монако»ни жиддий рақиб сифатида кўрмади. Монаколиклар биринчи баҳсда ҳам яхшигина қаршилик кўрсата билишган эди. Себастян Сквилаччи ва Фернандо Мориентеснинг «Бернабэу»да гол урганликларининг ўзиёқ буни исботлаши мумкин. Бироқ «Реал» ҳужуми ўша даврларда ҳақиқатан ҳам қўрқинчли эди. Иван Эльгера, Зинедин Зидан, Луиш Фигу ва Роналдо. Буларнинг бари Мадридда гол уришга эришишди. «Монако» майдонидаги баҳсда ҳам «қаймоқранглилар» мухлислари янада кўпроқ голларни кутишгани аниқ. Айниқса жавоб учрашувининг биринчи бўлимидан сўнг мадридликлар Раулнинг голи эвазига олдинга чиқиб олишгач, барча ҳаммаси ҳал деб ўйлаганди. Аммо барчаси олдинда эди. Жюли 45 дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, 3 дақиқа ўтар ўтмас унинг ҳаводан етказиб берган узатмасидан сўнг «Монако»га «Реал»дан ижарага ўтган Мориентес боши билан дарвозани ишғол қилиб, амалдаги жамоасини жавоб учрашувидаги ҳисобда олдинга олиб чиқди. Мана шу вазиятда ҳам мадридликлар ўта ҳотиржам ўйнашда давом этишди. Ташаббус тўлиқлигича рақибга бериб қўйилди. 66 дақиқага келиб, Жюли «Монако»нинг учинчи голини киритди ва умумий ҳисобни тенглаштириб, меҳмондаги гол фактори эвазига жамоасини олдинга олиб чиқди. Қолган вақтда ҳам монаколиклар ҳимояга ётиб олишмади. Заҳирадан майдонга тушган Шабани Нонда ва Эммануэль Адебайор сўнгги дақиқаларда галма-гал дарвоза устунларини нишонга олишди. Шундай қилиб, «галлактикос» чорак финалда мусобақа билан хайрлашишга мажбур бўлган.

10

#9 ПСЖ 1-3 «Манчестер Юнайтед» (умумий ҳисоб 3-3, МЮ меҳмондаги голлар эвазига ғолиб бўлган)

 

«Манчестер Юнайтед» 2018-2019 йилги Чемпионлар Лигаси нимчорак финалининг дастлабки учрашувида ПСЖ томонидан осонлик билан таслим қилинган эди. Неймар йўқлигига қарамасдан, Киллиан Мбаппенинг ўзи «Олд Траффорд»да шоу ташкил қилганди. Мағлубиятнинг манчестерликлар учун аянчли тус олишини Поль Погбанинг ўйин якунланиши арафасида олган қизил карточкаси таъминлаб берди.

Бироқ Парижда ҳаммаси кутилганидек кечмади. Лукаку ва Решфордни яхши шериклар деб бўлмайди. Аммо ўйинлари ўхшаса исталган рақиб учун қўрқинчли ҳужум жуфтлигига айлана олишарди. «Парк де Пренс»да ҳам уларнинг ишламай қолган симлари «қисқа туташув»га учради. Натижада «бум»! Лукаку биринчи бўлимдаёқ дубл қайд этди. Тўғри бу икки гол ўртасида Бернат ПСЖ номидан уларга ҳовлиқмасликни эслатувчи голни урди. Аммо иккинчи таймни ҳисобда олдинга чиққан ҳолда бошлаш «қизил иблислар»га қўшимча куч баҳш этди. Танаффусдан сўнг Сульшер Тахит Чонг ва Мейсон Гринвуд каби ёш иқтидор эгалари билан ПСЖ қариялари Буффон, Алвеш ва Силвага қарши курашишни маъқул кўрди. 89 дақиқада Диегу Далот узоқ масофадан зарба берди ва Преснел Кимпембега теккан тўп бурчакдан ўйинга киритиб берилиши кўрсатилди. Бирдан ҳакамнинг қулоқчинига ВАР ҳакамлари уланади ва узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг 94 дақиқада ПСЖ дарвозасига пенальти белгиланади. Решфорднинг 11 метрлик жарима зарбасини ижро этишини жароҳатланган Неймар ҳам мураббийлар майдончасидан кузатади. Маркус сўнгги дақиқалардаги улкан масъулиятни аъло даражада бажарди. Парижликларнинг ЕЧЛдаги омадсизликлари давом этади. Ҳа, омадсизлик…

9

#8 «Челси» 4-1 «Наполи» (қўшимча бўлимлардан сўнг умумий ҳисоб 5-4)

 

2012 йилда «Челси»нинг 1-3 ҳисобида мағлуб бўлган даврда клубда анчайин тартибсизлик ҳолати ҳукмрон эди. Андре Виллаш Боаш ўша даврларда ёш ва иқтидорли мураббий сифатида кўриларди. Аммо лондонликлар мураббийлигида унинг ишлари юришмади. Клуб уни мавсум энг чўққисига етиб келган жойда истеъфога чиқарди. Андренинг ўрнини бош мураббий сифатида айтарли фаолият юритмаган Роберто Ди Маттэо эгаллади. Таъкидлаш жоизки, у жамоани ўзгартира олди.

Асосий мавзуга қайтсак. «Аристократлар»нинг «кекса»лари ҳисобланган Дидье Дрогба, Жон Терри ва Френк Лемпарднинг голлари Инлернинг ягона жавоби билан бирга ўйиннинг экстра таймларга кўчирилишига сабаб бўлди. Қўшимча бўлимларда эса Бранислав Иванович катта саҳнага чиқди. Дрогбанинг узатмасини айнан сербиялик ҳимоячи голга айлантирди.

Умуман ўша даврларда «Челси»нинг иккинчи қавати исталган клубни даҳшатга солади. Чорак финалда «Бенфика», ярим финалда эса тўхтатиш имконсиздек кўринган «Барселона»ни шов-шувли тарзда мағлубиятга учратган лондонликлар финалда «Бавария»га йўлиқишди. Ўйин давомида мюнхенликлар рақибларига иккинчи қаватга тўпни кўтаришга имкон бермасликка ҳаракат қилдилар. Аммо «Бавария»нинг 17 та бурчак зарбасига жавоб тариқасида белгиланган, асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда ижро этилган «Челси»нинг ягона корнери Дрогбанинг голи билан якунланди. Пенальтилар серияси ёдингизда бўлса керак…

Ди Маттэо ноябрьда истеъфога чиқди, аммо у ҳали ҳеч қайси мураббий «Челси» учун олиб беролмаган «шалпангқулоқни» Лондонга олиб келгани билан барчанинг ёдида қолди.

8

#7 «Манчестер Юнайтед» 2-1 «Бавария»

 

Оле-Гуннар Сульшер 1999 йилги финал ҳақида гапиришни ёқтиради. Бунга етарли важ ҳам бор, аслида. «Камп Ноу»даги 90000 томошабин кўз ўнгида кечган финалнинг 6 дақиқасида Марио Баслер ижро этган жарима тўпидан сўнг кўпчилик ўша куни «Бавария» ўзининг дастлабки Чемпионлар Лигаси кубогини ютиб олади деб ўйлаган бўлса керак. Сабаби мюнхенликлар унгача 1976 йилда «кўхна қитъа»нинг энг номдор мусобақасида зафар қучишган, формат ўзгариб, мусобақа Чемпионлар Лигаси деб атала бошлангач, ҳали бирор марта ғолиблик нашидасини суриб кўришмаган эди.

 

84 ва 90 дақиқалар оралиғида «Бавария» устунликни қўлга олди. Буни кўрган мухлислар «Юнайтед» чарчади, деб ўйлашни бошлашди. Ҳеч ким уларни олдинда мўжиза кутаётганлигини билмасди. Учрашув асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда манчестерликлар бурчакдан тўпни ўйинга киритиш имконига эга бўлдилар. Бекхэм тўпни узатди, Раян Гиггзнинг зарбасини Тедди Шерингэм дарвозага тўғрилаб юборди. «Бавария»нинг чемпионлик ҳақидаги ширин орзулари чилпарчин қилинди. Бироз ўтиб Бекхэм яна бир бурчак зарбасини амалга оширди. Тедди Шерингэм боши билан тўп йўналишини ўзгартирди, Сульшер эса тўпни дарвозага йўллади. Тамом. 101 сония ичида 2 та гол урган, 4 кун аввал Англия кубогини ютган «қизил иблислар» нафақат ЕЧЛ ғолиблигини, балки инглиз жамоалари орасидаги биринчи треблни ҳам «Ноу Камп»да нишонлашди.

7

#6 «Депортиво ла Коруня» 4-0 «Милан» (Умумий ҳисоб 5-4)

 

Аслида Миландаги баҳсдаёқ «супердепор» амалдаги чемпионлар дарвозасига биринчи бўлиб йўл топиб, барчани ҳайратга сола билганди. Аммо Италия грандлари 53 дақиқанинг ўзида ҳисобни 4-1 кўринишига олиб келиб қўйишди. Миланликлар аллақачон ярим финалга тайёрлана бошлашди. Испанияликларни ҳамма чорак финалда «дафн қила бошлаган» бир пайтда, жавоб учрашувининг биринчи бўлими 3-0 ҳисобида ла корунияликлар ҳисобига ҳал бўлди. Валтер Пандиани, Хуан Карлос Валерон ва Альберт Луке ўз номларини таблога ёздириб қўйишди. Танаффусдан сўнг, 66 дақиқада Луке ўз ўрнини Франга бўшатиб берди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, айнан испаниялик футболчи ғалаба голига муаллифлик қилди.

Руи Кошта «россонерилар»ни яна ўйинга қайтариши мумкин эди. Аммо унинг кучли зарбасини дарвозабон Хосе Молина бартараф этиб, жамоасининг ярим финалга йўл олишида катта ишни амалга оширди. Ушбу ўйин «Депортиво» бош мураббийи Хавиер Ирурета учун орзулари рўёби эди.

6_1

#5 «Рома» 3-0 «Барселона» (умумий ҳисоб 4-4, римликлар меҳмондаги гол эвазига ғалаба қозонишган)

«Рома» «Камп Ноу»да ўз дарвозасига иккита автогол уриб, каталонияликларнинг йирик ҳисобда ғалаба қозонишларига катта ҳисса қўшганди. Аммо Эдин Жеконинг ягона голи деярли сўниб улгурган умид учқунларини қайтарган эди. Ҳа, бу ғалаба голи эмасди, бироқ ҳатто римликларнинг ўзлари ҳам бу «Олимпико»да урилажак голларнинг дебочаси эканлигини билишмаган бўлса керак.

Римда ҳам айнан Жеко тезкор гол тақдим этганди. Иккинчи бўлим аввалида Даниеле де Росси пенльтидан гол киритиб, барселоналикларни саросимага солиб қўйди. «Ноу Камп»даги иккинчи автогол муаллифи Костас Манолас, Ченгиз Ўндернинг бурчакдан узатган тўпига пешвоз чиқиб, уни Тер Штегеннинг олис бурчагига йўллади. «Олимпико» портлади!

Сўнгги дақиқаларда Мессида кичик бир имконият пайдо бўлганди. Аммо аргентиналик «эчки»нинг «кетмони» айни мана шундай муҳим вазиятларда «учмайди».

5

#4 «Аякс» 2-3 «Тоттенхэм» (умумий ҳисоб 3-3, «Тоттенхэм» меҳмондаги голлар эвазига кейинги босқичга йўл олган)

 

2019 йил ярим финали камбеклар билан ёдда қолди. Лондонликлар ўз уйларида ҳам, Амстердамдаги баҳснинг биринчи бўлимида ҳам кутилганидек ўйин намойиш эта олишмади. Харри Кейнсиз ўйнаётган «шпорлар» жавоб учрашувининг биринчи бўлими якуни муносабати билан ҳуштак чалинганда 0-3 ҳисобида ортда боришарди. Танаффусда Почеттино шогирдларига, айниқса Лукас Моурага нималарни гапиргани барчага бирдек қизиқ.

«Тоттенхэм»гача нидерландияликлар «Реал» ва «Ювентус»ни мусобақадан чиқариб юборишганди. 45 дақиқа қолган бир пайтда, ҳамма «Аякс» ва «Ливерпуль» ўртасидаги финал қандай ўтиши борасида ўйлай бошлаганди. Иккинчи бўлим бошида Ваньяманинг ўрнига Льорентенинг туширилиши ҳам шунчаки мухлислар ҳурматидан деб қаралаётганди. 55 ва 59 дақиқаларда Лукас Моура иккита гол уришга эришди. Шундан сўнг Тен Хааг натиж учун кураша бошлади. Ҳужумкор футболчилар Долберг, Шоне ва Ван де Бик заҳирага олинди. Сўнгги дақиқа мўжизасигача ҳар иккала жамоада ҳам биттадан ғоят қулай вазиятлар бўлди. Лукас Моуранинг сўнгги голида «лолалар юрти» вакиллари бутун мусобақа давомида таянган ёшлари ёшлигига борди.

Поччетино ғалабани шундай нишонладики, ҳамма ҳозир унинг юраги ёрилиб кетади деб ўйлади. Дарҳақиқат, аргентиналик мутахассис ўша тунда бор энергиясини «Йохан Кройф» аренаасини «бошига кўтариш» учун сарф этди. Ғалаба бунга арзирди.

4

#3 «Ливерпуль» 4-0 «Барселона» (умумий ҳисоб 4-3)

 

Месси барчасини биларди. «Камп Ноу»даги баҳснинг сўнгги дақиқасида Дембеле бўш дарвозани ишғол қилолмаганини учрашув якунланганидан кейин афсус билан эслади. Унинг кўнгли барчасини сезганди, чоғи. Месси ўша беллашувда олтинчи «Олтин тўп»ини ютиб улгурганди. Ўша куни Алиссон дарвозасига урилган жарима тўпи Леонинг фаолиятидаги энг чиройлиларидан бўлди. Мессининг ҳавотирли таҳминлари «Энфильд»да Дивок Оригининг голи билан ҳақиқатга айлана бошлади. Биринчи бўлим 1-0 ҳисобида якунланди. Учрашув антиқаҳрамони Хорди Альба биринчи таймдаёқ «қовун тушириш»ни бошлаб юборганди. Икки марта Альбада яхши вазият бўлишига қарамай, у барчасини барбод қилди. Каталонияликлар онгида ғалаба мавж урмасди. Улар биттагина гол уришни хоҳлашарди, шунда «Ливерпуль» яна 4 та гол уришига тўғри келарди. Айнан мана шу фикр уларни мағлуб этди. Жоржиньо Вийналдум танаффусдан сўнг майдонга тушиб, 3 дақиқада иккита гол уришга эришди. Биринчи голи учун Альбанинг пешонасидан ўпиб қўйса арзирди. Месси атрофида нималар бўлаётганини тушунмасди. Тушкунликка тушган Месси қандай ўйнаши барчага маълум эди. Мана шундай паллаларда Леода жангчилик, етакчилик қобилиятларининг йўқлиги яққол кўзга ташланиб қолади. Арнольднинг бурчак зарбасини эса у нафақат тушларида, балки ўғли Матэонинг сўзларида ҳам тез-тез эслаб турса керак.

3

#2 «Барселона» 6-1 ПСЖ (умумий ҳисоб 6-5)

 

2017 йилги чорак финалда «Барса» декададаги энг йирик мағлубиятини қабул қилиб олди. Ҳамма: мутахассислар, мухлислар, хатто карикатура ва мемлар ҳам каталонияликларни чорак финалчилар рўйхатида бўлмаслигини кўрсатарди. Бу мағлубият «блаугранас»да барчасини янгилаш кераклиги ҳақидаги огоҳлик қўнғироғи деб кўрилганди. 4-0 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ҳали ҳеч бир жамоа камбек амалга оширмаганди. Халқаро мусобақалар тарихида 213 марта биринчи учрашувлар 4-0 ҳисобида якунланган. Аммо кимдир, қачондир биринчи бўлиши ҳам керак эди. Ушбу «ремонтада» юқорида кўп тилга олганимиз - мўжизавий «Камп Ноу» стадионини яна катта саҳналарга олиб чиқди.

Суарес 2 дақиқадаёқ ПСЖ дарвозаси олдидаги тартибсизликдан унумли фойдаланиб кетди. Тайм сўнгида Курзава кулгили автоголга муаллифлик қилди. Иккинчи қирқ беш дақиқалик аввалида Месси пенальтидан барселоналикларнинг 3 голини киритди. Каванининг голи билан«кўк-анорранглилар» яна шунча гол уришга маҳкум бўлишди. 88 дақиқагача ҳисоб ўзгармади. Энг оптимист мухлисларнинг ҳам сўнгги умидлари сўна бошлади. Неймарнинг жаримадан урган голини «Барселона» мухлислари аянчли табассум билан қарши олишгандир. Аммо бу мухлисларни юпатиш учун урилган гол эмасди. 91 дақиқада Неймар пенальтидан умумий ҳисобни тенглаштирди, ПСЖ ҳамон олдинда. Ухлаганларни ҳам ухламаган қўшниларнинг овозлари қайта уйғотган бўлса ажаб эмас. Серхи Роберто охирги нуқтани парижликлар учун ғоят аянчли тарзда қўйди. «МСН» «Барса» ҳеч қачон курашсиз таслим бўлмаслигини барчага исботлашди.

2

#1 «Милан» 3-3 «Ливерпуль» (пенальтилар сериясида «Ливерпуль» ғалаба қозонган)

 

Жуда кўпчилик, шу қаторда бизнинг нашр ходимлари ҳам «Истанбул мўжизаси»ни энг юқори ўринга муносиб кўрамиз. Пенальтилар сериясида ғалабага эришишдан аввалроқ мерсисайдликлар руҳий жиҳатдан «Милан»ни енгиб бўлишганди. Истанбул 2600 йиллик тарихга эга шаҳар. 15 миллиондан зиёд аҳоли унда истиқомат қилади. Ўша тун нафақат бутун Истанбул, балки дунё футбол мухлислари шокка тушишди. Танаффусга эмаклаб чиқиб кетган «Ливерпуль» иккинчи бўлимни фантастик ўтказди.

«Милан» финалда кичик устунлик билан фаворит деб қаралаётганди. Мальдинининг биринчи дақиқадаги голи коеффициентларни яна бир поғона миланликлар томонига оғдирди. Эрнан Креспонинг 39 ва 44 дақиқаларда киритган голлари «Милан»ни танаффусга чемпиондек йўл олишига замин яратди. Кейин нима бўлганини биласиз. Жеррард, Шмицер ва Алонсонинг голлари атиги 54-60 дақиқалар оралиғида киритилди.

Пенальтилар сериясида «россонери»ларнинг икки етакчиси Пирло ва Шевченко панд беришди. Бенитез ливерпулликларни Европа тахтига шу тариқа олиб чиқди.

1

“Goal.com” нашри рейтингига асосланиб,

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!