Черан бу натижани такрорлаган чемпионатимиз тарихидаги тўртинчи ҳужумчи!

Драган Черан ўтган мавсумда 23 та гол билан тўпурар бўлгач, янги мавсумда ҳам яна ўша сермаҳсуллигини кўрсата олармикин, деган саволлар билдирилганди. Мана, сизга жавоб: Черан яна тўпурар, бу сафар унга 21 та гол уриш кифоя қилди. Бошқа ҳеч ким “Пахтакор”нинг сербиялик ҳужумчисига бас кела олмади, ҳеч ким! 

Шу ўринда, чемпионатлардаги тўпурарларга боғлиқ айрим қизиқ фактлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Шу пайтгача учта ҳужумчи кетма-кет икки йил тўпурарликни ҳеч кимга бермаган. Аниқроғи, 1995 ва 1996 йилларда Олег Шацких "Навбаҳор" таркибида 26 ҳамда 23 та, 1996 ва 1997 йилларда Жаъфар Ирисметов “Дўстлик” сафида  23 ҳамда 34 та гол билан тўпурар бўлган. Кейин эса 2003 ва 2004 йилги мавсумларда “Навбаҳор” голеадори Шуҳрат Мирҳолдиршаев ҳам 26 ҳамда 31 та  гол билан энг яхши тўпурар бўлганди.

Ана шундан бери Черан бу натижани такрорлай олди. Ўтган йили 23 та голи билан тенгсиз эканини кўрсатганида, балки ушбу мавсумда ҳам уни яна бир карра тўпурарлик шоҳсупасига кўтарилишига ишонмаганлар бўлгандир. Черан эса буни уддалади.

Яна бир гап. Олти нафар хорижлик ўйинчи Ўзбекистон чемпионатида тўпурар бўла олган. Дастлаб, жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан Ривалдо 2009 йили “Бунёдкор”да 20 та гол урди ва илк бор чемпионатимиздаги легионер тўпурарга айланди. Кейинчалик Трифунович, Пишур, Геворкян, Безерра каби четдан келган ўйинчилар гол уриш бобида сермаҳсуллик намойиш этдилар. Черан чемпионатимизда тўпурар бўлган олтинчи хорижлик футболчи ҳисобланади.

Тўпурарлар орасида энг кўп гол урган ҳужумчи кимлигини билсангиз керак-а? 2000 йили Жаъфар Ирисметов “Дўстлик” таркибида 45 та гол муаллифига айланган. Шундан бери унинг рекордини ҳеч ким такрорлай олмаяпти ва ҳатто яқинига ҳам кела олмаяптилар. Энг кам гол уриб тўпурар бўлган ҳужумчилар иккита – Носир Отақўзиев билан Алишер Холиқов. 2010 йилги мавсумда уларнинг қўштўпурар бўлишига бор-йўғи 13 та гол етарли бўлган. Қизиқ Суперлигада саргузаштларини давом эттираётган Драган Чераннинг парвози яна қачонгача давом этаркин? Дарвоқе, у 33 ёшни қарши олди ва шунда ҳам юқори спорт формасини сақлаб келаётгани аҳамиятлидир. Янги мавсумда нима бўлишини эса вақт кўрсатади. Аммо охирги уч йилдан буён тўпурарлик хорижлик футболчиларга насиб қиляпти. Қизиқ, қани ўзимизнинг ҳужумчилар?

Ўзбекистон чемпионатларидаги барча тўпурарлар рўйхати:

Йил      Футболчи                      Клуби        Голлари

1992    Валерий Кечинов             “Пахтакор”    24

1993    Рустам Дўрмонов             “Нефтчи”       24

1994    Равшан Бозоров              “Нефтчи”       26

1995    Олег Шацких                  “Навбаҳор”    26

1996    Жаъфар Ирисметов         “Дўстлик”      23

           Олег Шацких                “Навбаҳор”      23

1997    Жаъфар Ирисметов        “Дўстлик”       34

1998    Игорь Шквирин             “Пахтакор”      22

           Миржалол Қосимов       “Пахтакор”       22

1999    Умид Исоқов                  “Нефтчи”        24

           Бахтиёр Ҳамидуллаев     “Андижон”      24

2000    Жаъфар Ирисметов         “Дўстлик”       45

2001    Умид Исоқов                 “Нефтчи”          28

2002    Бахтиёр Ҳамидуллаев       “Андижон”    22

2003    Марсел Идиатуллин         “Қизилқум”    26

          Шуҳрат Мирҳолдиршаев    “Навбаҳор”    26

2004    Шуҳрат Мирҳолдиршаев   “Навбаҳор”    31

2005    Анвар Солиев                   “Пахтакор”    29

2006    Павел Соломин                  “Трактор”    21

2007    Илҳом Мўминжонов           “Қурувчи”    21

2008    Сервер Жепаров              “Бунёдкор”    19

2009    Ривалдо                           “Бунёдкор”    20

2010    Алишер Ҳолиқов                 “Нефтчи”    13

          Носир Отақўзиев                “Олмалиқ”    13

2011    Милош Трифунович          “Бунёдкор”    17

2012    Анвар Бердиев                   “Нефтчи”    19

2013    Олександр Пишур            “Бунёдкор”    19

2014    Артур Геворкян                   “Насаф”    18

2015    Игорь Сергеев                 “Пахтакор”    24

2016    Темурхўжа Абдуҳолиқов  “Локомотив”    22

2017    Марат Бикмаев                “Локомотив”    27

2018    Тиагу Безерра                   “Пахтакор”    17

2019    Драган Черан                    “Пахтакор”    23

2020    Драган Черан                    “Пахтакор”    21

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)