Осиё ўйинлари-2026: Ўзбекистон бир кунда 9 та медаль олди
Ўзбекистон терма жамоаси Аичи ва Нагоя шаҳарларида (Япония) ўтаётган Осиё ўйинларининг 11-куни якуни бўйича тўққизта медални қўлга киритди.
Юртдошларимиз ҳисобига яна икки олтин, икки кумуш ва бешта бронза медали ёзилди. Совринлар дзюдо, грек-рим кураши ва бокс турларида қўлга киритилди.
Олтин медаллар эгаси бўлган спортчилар – 52 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан дзюдочи Сита Кадамбоева ҳамда 67 килограммгача бўлган вазнда беллашган юнон-рум кураши вакили Айтжан Халмахановдир.
Кумуш медалларни эса 66 килограммгача бўлган вазнда иштирок этган дзюдочи Абдураҳим Нутфуллоев ва 130 килограмм вазн тоифасида курашган юнон-рум кураши устаси Рафаэль Цицуашвили қўлга киритди.
Учта бронза медали боксчилар ҳиссасига тўғри келди: 51 килограммгача бўлган вазнда Феруза Казакова, 60 килограмм вазн тоифасида Ситора Турдибекова ва 70 килограммгача бўлган вазнда Шавкатжон Болтаев учинчи ўринни қўлга киритди. Бокс бўйича совриндорларни тақдирлаш маросими 2 октябрь куни ўтказилади.
Яна икки бронза медалига 60 килограмм вазн тоифасидаги дзюдочи Самариддин Қўчқоров ҳамда 87 килограммгача бўлган вазнда курашган юнон-рум кураши вакили Жалғасбай Бердимурадов сазовор бўлди.
11-куни якунларига кўра, Ўзбекистон умумжамоавий ҳисобда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Терма жамоа ҳисобида жами 54 та медаль бор: 16 та олтин, 19 та кумуш ва 19 та бронза.

Фикрлар