Дарбадарликдан севимли бўлишга қадар. Раджа тарихи

 А сериянинг энг кутилмаган ҳолатларидан бири – бу “Каляри”нинг қойилмақом юриши бўлди. Мусобақа бошидаги иккита мағубиятдан сўнг, мағлубият нималигини билмасдан келяпти.

Охирги 5 турдан 4 тасида ғалаба қозонди ва 3-ўринни “Лацио” билан бирга эгаллаб турибди. Ундан пастроқда “Аталанта”, “Рома” ва “Наполи”. Бу кутилмаган ҳолат. Чунки ўтган мавсум сардинияликлар 14-ўринни зўрға эгаллаганди.

Ёзда “Кальяри” энг ёрқин юлдузидан айрилди. Николо Баррелла “Интер” футболчисига айланди. Кетганлар ўрнига янги футболчилар сотиб олинди.Марказга иккита уругвайлик – Наитан Нандес (“Бока Хуниорс”) ва Крстиан Оливу (“Насьонал”) олиб келинди. Ижарага яна 4 та футболчи олинди. Джованни Симеоне “Фиорентина”дан, Марко Рог “Наполи”дан, Лука Пеллегрини иккинчи марта ўйин амалиёти учун Сардинияга қайтди, дарвозабон Робин Улсен эса “Рома”дан ташриф буюрди. Энг шов-шувли трансфер эса албатта, Раджа Наинголаннинг “Интер”дан олиб келиниши бўлди.

Раджа оғир характерли инсон бўлиб, ҳар қандай режимга тушиб кетавермайди. Шунинг учун ҳам “Нерадурри”ларни тарк этишга мажбур бўлди. Антонио Конте баҳордаёқ Белгия футболчисини таркибда кўрмаётганини айтиб ўтган эди. Раджанинг Сардинияга қайтишига яна бир сабаб бор, унинг турмуш ўртоғИ Клаудияда онкологик касаллик аниқланган. У химиятерапияга муҳтож эди. У Сардинияда туғилган, шунинг учун даволанишни Милан ё Римда эмас, ўз она юртида давом эттиришни истади. Раджа ҳам бу борада айтиб ўтди: “Мен “Кальяри” ва Клаудига ёрдам бермоқчиман. Агарда майдонда боримни бериб ўйнайдиган бўлсам, барча оғриқлар унутилишига ишонаман”. Бу қанақа касаллик эканлигини Раджа жуда яхши билади. Тўққиз йил олдин онаси ҳам худди шу касаллик туфайли вафот этганди. Ҳозирда Раджа ва Клаудия иккита қизалоқни тарбиялаяпти ва футболчи касаллик ортга чекиниши учун қўлидан келган ҳамма нарсага тайёр.

Шунинг учун у майдонда курашяпти. “Фиорентина”га қарши ўйинда футболчи 3 та голли пас берди ва ўз ҳисобига гол ҳам ёздириб қўйди. Белгия устози Роберто Мартинес билан тортишиб қолиб, терма жамоага чақирилмаётгани ҳам яхши бўлган экан, бўлмаса ҳоир турмуш ўртоғини ташлаб, терма жамоанинг навбатдаги ўйини учун Санкт-Петербургга келишига тўғри келарди.

“Кальяри”нинг муваффақиятини битта футболчига боғлаб қўйиш ярамайди. Барча бирдек ҳаракат қиляпти. Робин Улсен, Римдагидек хатоларга йўл қўймаяпти, Жованни Симеоне ҳам ва албатта, Жоао Педро ҳам. Бразилиялик ярим ҳимоячи бу мавсумда 7 та гол уришга муваффақ бўлди. Ўтган мавсумда эса бутун бошли 38 та турда 5 та гол билан кифояланган эди. Бундай яхши натижага эришишида мураббий Роландо Мараннинг ҳиссаси бор. У Мариони ҳужумда Симеонега шерик қилиб қўйди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи ролида эса Раджа Наинголан ўйнаяпти. Аслида бу жой Жоаога тегишли бўлиши керак эди, аммо Маран иккала яхши футболчидан бир вақтда фойдаланиш мақсадида бирини ҳужумга ўтказишга қарор қилди ва бу натижа берди.

Мавсум стартидаги “Брешия” ва “Интер”дан учралган мағлубиятдан сўнг Маран мураббийлик постини бўшатишига сал қолди. Аммо раҳбарият 53 ёшли мураббийни шунчаки қўйиб юборишни исташмади. Унга имконият беришди. Бу имкониятдан эса Маран ишончли тарзда фойдаланди ва кетма-кет 3 та ғалаба (“Парма”, “Женоа” ва “Наполи”)га эришди. Ҳозирда чемпионатда жамоа 4-ўринни эгаллаб турибди ва 3-ўриндаги “Лацио” билан бир хил очко тўплаган.

Робин Улсен “Рома”дагидан кўра, ишончли ҳаракат қиляпти. Майдондаги тўртта ҳимоячи – Фабрисио Каччаторе, Фабио Писакане, Рагнар Клаван ва Лука Пеллегринилар ўз ишини аъло даражада бажаряпти. Баъзида ҳужумга ҳам қўшилиб туришади. Марказдаги учта ярим ҳимоячи – Марко Рог, Лука Чигарини ва Найтан Нандес ўйинларда катта ҳажмдаги ишларни бажаришмоқда. Раджа эса эркин футболчи мақомида. У майдонда ўзи истагандек ҳаракат қилади. Ҳужумда эса Жованни Симеоне ва Жоао Педро ажойиб тандем ҳосил қилишган.

Ҳозирги “Кальяри”нинг ёрқин юлдузи, албатта, Раджа ҳисобланади. У жамоадошларига руҳият бағишлаб туради. У майдонда жон куйдириб ҳаракат қилганда, шериклари ҳам у истагандек ҳаракат қилишга интилишмоқда. Натижалар эса буни исботлаб турибди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!