"Давралар оралиғида янги чақирувларга тайёрлигимни ҳис қилдим" ёхуд легионеримиз Беларусь орқали Европа эшигини очмоқчи
Куни кеча андижонлик иқтидор эгаси Дониёр Абдуманнопов клубини ўзгартиргани ҳақида Sports.uz орқали хабар берганимизни биласиз. Футболчи фаолиятида олдинга катта қадам ташлаш мақсадида легионерга айланишни истади.
Дарҳақиқат, Абдуманнопов охирги пайтларда тез-тез тилга олинаётганди. Чунки унинг кўрсатаётган ўйинлари кўплаб мутахассисларда катта қизиқиш уйғотгани рост.
Шу сабабли Суперлиганинг аксар клублари Дониёрни ўз сафида кўришни истадилар. Лекин футболчи “Андижон”дан фақат хорижга кетиши мумкинлигини айтганди. Кўриб турганингиздек, у энди Беларусь чемпионатида тўп суради.
“Энергетик-БГУ”дан мавсум бошида ҳам таклиф бўлганди”
Дониёр фаолиятида янги саҳифа очди. У олдида турган кўплаб таклифлар орасидан “Энергетик-БГУ” жамоасини танлади. Андижонлик ярим ҳимоячи аввало нима сабабдан ушбу клубни танлагани ҳақида гапирди.
- Биласизми, “Энергетик-БГУ” жамоасидан аниқ таклиф менда мавсум аввалида ҳам бўлганди. Насиб шу кунга экан. Айнан чемпионатимизда мавсумнинг биринчи қисми тугаб, давралар оралиғи пайтида ушбу қарорга келдим. Ўзимни Европада синаб кўрмоқчиман, - деди Абдуманнопов.
“Андижон” менга трамплин вазифасини бажариб берди”
Албатта, бундай иқтидор эгасининг кетиши “Андижон” жамоаси учун катта йўқотишга айланди. У тўғри гапирди, мавсум бошида ҳам клубни тарк этиши мумкин эди. Ўшанда “Андижон” раҳбарлари уни жамоада олиб қолишга эришгандилар. Барибир кун келиб Дониёрнинг айниқса, четга легионер сифатида йўл олиши кутилаётган ҳолат эди. Шу тариқа, футболчи “Андижон”ни тарк этди. Лекин у кетар чоғида “Бобур арена” стадионида ишқибозлар билан учрашди ва уларнинг дуосини олган ҳолда хайрлашди. Дониёр Абдуманнопов “Андижон”да ўтказган фаолияти ва клубни қай тариқа тарк этгани ҳақида ҳам сўзлади.
- “Андижон” клубидаги фаолиятим мени ўсишимга ва катта футболга кириб келишимга трамплин вазифасини бажариб берди деб ўйлайман. “Андижон” жамоасини худди ўз уйимни тарк этаётгандек хиссиёт билан тарк этяпман. Клуб ҳамда мухлислар билан дўстона равишда хайрлашдим.
“Давралар оралиғида рақобатга тайёрлигимни ҳис қилдим”
Дониёр илк бор хорижда тўп суради. Одатда биринчи маротаба легионер сифатида ўйнайдиган йигитларда ўзига яраша ҳаяжон кузатилади. 21 ёшли футболчи ўзини легионер сифатида четда синаб кўришга ҳар томонлама тайёрми? Бу борада футболчи қуйидагича жавоб берди.
- Чемпионат бошида ҳам ўзимни легионер сифатида хорижда синаб кўриш иштиёқи бор эди. Фақат у пайтда футболчи сифатида ўзимни яна озроқ тайёрлашни афзал кўрганман. Давралар оралиғи пайтида эса янги чақирувларга ва рақобатга тайёрлигимни ҳис қилдим. Натижада кетишга қарор қилдим.
“У ерда кучли мураббий бор ва ўйинчиларни ўсишига ёрдам беради”
Шундай қилиб, Дониёр Абдуманноповнинг “Энергетик-БГУ”даги ҳаёти бошланди. Бу унинг учун чақирув ва олдинда қизиқарли фаолият кутяпти, деб ишонамиз. Шуниси аниқки, ўзбекистонлик футболчи у ерга шунчаки вақт ўтказгани кетгани йўқ. У легионерга айланишдан кўзлаган асосий мақсади нима эканини айтди.
- “Энергетик-БГУ” томонидан таклиф анчадан бери мавжуд эди. У ерда кучли мураббийнинг борлиги ўйинчининг ўсишига катта ёрдам беради. Қолаверса, кейинчалик менга Европа эшикларини очиб бериш учун ҳам “Энергетик-БГУ” вариантига тўхтадик.
“Андижон”нинг Суперлигада қолишига ишончим комил”
Юқорида айтганимиздек, бу футболчининг кетиши “Андижон” учун жиддий йўқотиш. Бундан ташқари клуб яна бир қатор етакчиларидан ҳам айрилди. Натижада маҳаллий мухлисларда хавотир ортди. Чунки иккинчи даврада жамоа қандай кўринишда бўларкин, Суперлигада қолиш вазифасини уддалай олармикин, қабилидаги саволлар кўпайди. Аммо бу масалада Дониёр Абдуманнопов қатъий равишда шундай деди:
- “Андижон”нинг элитада қолишига ишончим комил. Боиси, янги ўйинчилар олиняпти. Тайёргарлик ҳам ажойиб ўтди. Менинг фикримча, “Андижон” иккинчи даврада буткул ўзгача ўйин намойиш этади, - дейди футболчи.
“Убайдуллаевдан барча маълумотларга эга бўлдим”
Дарвоқе, Абдуманнопов янги клубида ёлғиз эмас. Яхши биласиз, “Энергетик-БГУ” сафида Шахзод Убайдуллаев билан Бобур Абдуҳолиқов ҳам тўп сурмоқда. Уларнинг борлиги эса Дониёрга янги жамоасига тезроқ мослашишида қўл келиши шубҳасиз. Футболчи Беларусга кетишдан аввал янги клуби ҳақида юқоридаги легионерларимиз билан гаплашганми?
- Ҳа, албатта. Шахзод Убайдуллаев билан гаплашдим, жамоадаги шароитлар ҳақида сўрадим. Барча керакли маълумотларга эга бўлганимдан кейин ушбу танловни амалга оширдим, - дея жавоб берди, Абдуманнопов.
Фикрлар