Диего Коста “Лестер”га, Иттураспе МЮга: АПЛ фаворитлари муҳтож бўлган эркин агентлар

Премьер-лигада футболчилар янги йил арафасида ҳам футбол ўйнашга мажбур этилди. Ушбу ҳафта ичида АПЛ ўйинлари ўтказилмади. Аммо инглиз футболи мутасаддилари шу кунларда ҳам футболчиларни бўш қолдиришни истамади. Англия кубоги баҳслари доирасидаги навбатдаги босқич учрашувлари бўлиб ўтди. Олдинда яна узоқ муддатли мавсумнинг ярми борлигини инобатга олсак, ушбу клубларга захира имкониятларини ошириб олиш нақадар керак эканлигини англаб етишимиз мумкин. Бугун Европа футболида ўзи учун паноҳ излаётган бир қатор юлдузлар мавжуд. Тасаввур қилинг, Премьер-лига ғолиблиги учун даъвогар бўлиб турган жамоалар биттадан ўзи учун керакли футболчилар билан шартнома имзоласа… Бошладик!

“Ливерпуль”: Эзикель Гарай 

Сўнгги клуби: “Валенсия”

Бугун Англия футболига бефарқ бўлмаган инсон борки, “Ливерпуль” марказий ҳимоячига муҳтожлигини билади. Ҳа, Гарай ушбу кемтикни ёпиш учун жуда яхши вариант ҳисобланади. Аввало, еврофутболда уни анча яхши даражадаги ҳимоячи сифатида билишади. Шунингдек, мерсисайдликларнинг ҳимоячи учун сарф этишга ортиқча пули йўқ. Ван Дейк сафга қайтгач, сотиб олинган футболчининг кераги бўлмай қолиши ҳам мумкин. 

34 ёшли футболчи ўзини жуда кўп лигаларда синаб кўрган. Англияга саёҳат унинг учун ҳам қизиқарли бўлиши турган гап. 

15909253331156

“Манчестер Юнайтед”: Андер Итурраспе

Сўнгги клуби: “Эспаньол”

Ҳа, тўғри фикрдасиз: “Эспаньол”да ўзини кўрсата олмаган футболчининг “Юнайтед”га нима кераги бор? Гап шундаки, Сульшер шогирдлари айни дамда Премьер-лига чемпионлиги учун кураш олиб боряпти. Лига кубоги ва Европа Лигаси каби мусобақаларга бир қатор етакчиларни, хусусан, Бруну Фернандешни асраш учун испаниялик ярим ҳимоячининг хизматлари керак бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, Итурраспе Манчестерга текинга келишини инобатга олсак…

gettyimages-1202122110-612x612

“Лестер”: Диего Коста

Сўнгги клуби: “Атлетико”

Испаниялик форвард АПЛда ўзининг энг ёрқин даврларининг бир қисмини ўтказган. Аммо у ўша пайтда кийган кўк либос бошқа клубга тегишли эди. Бугун “Лестер” Англияда чемпионлик учун кураша олиш имкониятига эга катта жамоага айланди. Таиландлик сармоядорларнинг самарали меҳнати ўз натижасини бермай қолмаяпти. 

Ўзининг “телба” характери билан бутун футбол оламида ном қозонган Диего Коста “тулкилар” ҳужуми учун айни керакли футболчи. Жейми Вардига шерик сифатида қараладиган Келечи Ихеаначо етарлича барқарор футболчи эмас. Йирик совринларга эришиш учун Коста каби катта номлар талаб этилади. 

0_What-deals-could-be-done-in-the-Premier-Leagues-January-transfer-window

“Тоттенхэм”: Рамирес

Сўнгги клуби: “Палмейрас”

Ёзда Бразилия клуби билан шартномаси тугаган Рамирес бир неча интервьюларида АПЛга қайтиш истаги борлиги ҳақида гапириб ўтди. Ҳозирда “Тоттенхэм”дагина унинг учун қулайроқ шароит мавжуд. Аввало, бу ерда унинг эски таниши Моуриньо мураббийлик қилмоқда. Шунингдек, “шпорлар” ярим ҳимоясидаги ҳеч бир футболчи мунтазам ўз ўрнига эга бўла олмайди. Ротацияни ёқтириб қолган Жозе учун унинг дидига мос яна бир футболчининг таркибга қўшилиши фақат фойда бўлар эди. Сиссоко ёки Хёйбьергдан бири жароҳат олган тақдирда, 33 ёшли ярим ҳимоячи лондонликларга роса асқатади. 

ramires_palmeiras_delfin_26_11_2020

“Манчестер Сити”: Квадво Асамоа

Сўнгги клуби: “Интер”

Олександр Зинченконинг турмуш ўртоғи Пеп Гвардиолани танқид қилганидан сўнг, украиналик ҳимоячининг “шаҳарликлар” таркибидаги тақдири катта сўроқ остида қолиб кетди. У клубни тарк этса, испаниялик мутахассис ихтиёрида фақатгина Бенжамен Менди қолади. “Лейпциг” таркибида супер ўйинлар намойиш этаётган Анхелиньо “Сити” захирасига қайтмоқчи эмас. Шу сабабли, манчестерликларга яна битта чап қанот ҳимоячиси керак бўлиб қолиши мумкин. Гвардиола кўплаб учрашувларда аслида ўнг қанот вакили ҳисобланган Канселуни чап тарафга ўтказиб ўйнатди. Португалиялик футболчи бундан нолимаётгани аниқ. Аммо ҳар бир ишни ўз устаси бажаргани маъқул. 

kwadwo-asamoah-inter-milan-2019-20_18otvawkjmi2g1r54l8q67f03p

“Челси”: Лассе Шоне

Сўнгги клуби: “Женоа”

“Аристократлар” ўз лақабига мос равишда ёзги трансферлар ойнасида анча серхаражат бўлди. Аммо ушбу харидлар клубга кутилган фойдани келтирмади. Марказий ярим ҳимоя зонасига яна битта “жангчи” керак. Узоқ масофадан берадиган кучли ва аниқ зарбалари орқали жаҳон футболида ном қозонган Шоне Лондонда яхши захира вариантига айланиши мумкин. Фрэнк Лэмпарднинг ўзи ҳам худди шу ўринда ҳаракат қилгани учунми, даниялик типидаги футболчиларни анча қадрлайди. 

lasse-schone-genoa-cfc-1596022582-44421

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)