Дилшод Нуралиев: Терма жамоамизнинг ғалабаси юбилейим учун катта совға бўлди
Миллий терма жамоамиз ўз майдонида Фаластин термасини қабул қилиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва шу билан уларнинг майдонидаги мағлубият учун реванш олишди. Одатда, терма жамоамизнинг ҳар бир ўйинидан кейин мутахассислар томонидан ўзига хос фикр ва мулоҳазалар билдирилади. Юртимизга таниқли ва кўзга кўринган мутахассис Дилшод Нуралиев учун эса терма жамоамизнинг ғалабаси алоҳида аҳамият касб этди. Чунки айнан терма жамоамиз ўйин ўтказган 19 ноябрь куни Нуралиев ўзининг 50 ёшини қаршилади. Шу сабабли Ўзбекистоннинг ғалабаси Дилшод Нуралиевнинг юбилейи учун ажойиб совға бўлди. Табиийки, ўйиндан кейин ушбу мутахассис ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Авваламбор сизни юбилей 50 ёшингиз билан табриклаймиз. Туғилган кунингизда миллий терма жамоамиз Фаластинга қарши учрашувда муҳим ғалабани қўлга киритиб мухлисларни хурсанд қилди. Айтинг-чи, терма жамоамизнинг ғалабаси сизнинг туғилган кунингиз учун муносиб совға бўлди десак бўлаверадими?
- Албатта, бугун миллий терма жамоамизнинг ғалаба қозонгани жуда ёқимли ҳолат бўлди. Айниқса, Саудия Арабистони билан ўйиндаги мағлубиятдан сўнг бугун футболчиларимизнинг ўз ўйинини топиб муносиб ҳаракат қилишгани барчамизни хурсанд қилди. Шу жумладан мени ҳам қувонтирди. Айниқса, юбилей туғилган кунимга катта совға бўлди деб ўйлайман. Албатта, миллий терма жамоамизда мен таниган ва билган ўйинчилар ҳам бор. Улардан бири Санжар Қодирқулов бўлиб, уни ўз вақтида жаҳон чемпионатига олиб борганман. Мана, эндиликда уни миллий терма жамоа либосида ўйнаётгани мени ҳам жуда хурсанд қилмоқда.
- Шу ўринда терма жамоамизнинг бундан олдинги Саудияга ютқазган ўйинига қандай изоҳ берган бўлардингиз?
- Тўғри, ўша куни йигитларимиз мағлубиятга учрашди-ю, аммо жамоамиз ёмон ўйнамаганди. Айниқса, биринчи бўлимда жанговор ўйин кўрсатишганди. Иккинчи бўлимни ҳам яхши бошлашганди. Фақат иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмидан сўнг футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати толиқиб қолганлиги сабабли мағлубиятга учрагандик деб ўйлайман. Лекин бу ҳолатда ўйинчиларимизни ҳам, мураббийни ҳам айблаб бўлмайди. Мураббий энг яхши футболчиларни терма жамоага жалб қилган. Кимдир ўйинчи алмаштиришда ундай ёки бундай йўл тутиш керак эди, деб ўз фикрларини билдиришди. Агар Вадим Карленович ҳаммасини билганида эди, балки ўша ўйинчи алмаштиришни амалга оширмаган бўлиши мумкин эди. У захирадаги футболчиларга ишониб майдонга туширганди. Ўйлайманки, терма жамоамиз бир ярим бўлим мобайнида ёмон ўйин кўрсатишмади. Фақат охирига келганда йигитларимизнинг кучлари етмай қолди.
- Шунингдек, Фаластинга қарши учрашувнинг охирги 10 дақиқасида ҳам футболчиларимизнинг чарчаб қолганлиги кўриниб қолди. Бу эса жамоамизнинг жисмоний томондан толиқиб қолганлигини билдирадими?
- Биласизми, терма жамоа мураббийига футболчиларнинг жисмоний ҳолатини янада яхшилашга вақти ҳам етмайди. Ўйинчиларга кўпроқ клубларидаги мураббийлари ва ўша ердаги жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассислари эътибор беришса тўғри бўларди. Чунки футболчилар терма жамоага келганда мураббийда кўпи билан икки ҳафтача вақт бўлади. Бундай вақт ичида ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини кўтариш қийин масала ҳисобланади.
- Фаластинни ютганимиздан сўнг яна 1-ўринга чиқиб олдик. Аммо унутмаслик керакки, ҳисобимизда иккита мағлубият бор ва биз ҳам вақти келганда тур ўйинлари чоғида дам оламиз. Умуман олганда, гуруҳдаги ҳозирги вазият ташвишланарли эмасми?
- Албатта, ҳозирги жараёнда ташвишли ҳолат бор. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим ва айниқса, ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш керак. Барибир менимча, Саудияга қарши охирги учрашув кўп нарсага ойдинлик киритиб берса керак.
- Умуман, Вадим Абрамов терма жамоага бош мураббий бўлиб келгач, яна мухлисларнинг ишончи ортди ҳамда вакилларимизнинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишона бошладилар. Барибир асосийси – бу учинчи босқич ҳисобланади. Шундай экан, Абрамов жамоаси ҳозирги вазиятдан келиб чиққанда янада кучайиши учун нималарга эътибор бериш керак деб ҳисоблайсиз?
- Боя айтганимдек, ҳар битта учрашув биз учун жуда муҳим. Айниқса, бу саралашдан ўтиб, кейинги босқичга чиқсак, янада жиддий учрашувлар кутиб турибди. Чунки охирги йилларда Осиёда ва унинг ҳар бир мамлакатида футбол ривожланиб келмоқда. Лекин шу билан бирга юртимизда ҳам футбол олдинга қараб силжимоқда. Умуман айтганда, олдингига кўра, ҳозирги пайтда Осиёда рақобат кучайиб кетди. Шу боис ҳамма учрашув муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, қаршимизда янада жиддий рақиблар бўлади. Табиийки, тайёргарликлар ҳам шунга яраша бўлади. Шунингдек, бош мураббийга вақт керак. Лекин бундай қисқа фурсат ичида инқилобий ўзгариш бўлади дейиш ҳам менимча нотўғри бўлади. Муҳими, йигитларимизда ўзларига бўлган ишонч пайдо бўлди. Ўйин услуби ўзгарди. Томошабоп ўйин кўрсатишни бошлашди. Албатта, ўйинимизнинг қаеридадир камчиликлар бор, йўқ эмас. Лекин Вадим Карленович барчасини билиб турибди ва мавжуд камчиликларни йўқотади деб ўйлайман. Биз яхши ният қиламиз ва жаҳон чемпионатига чиқамиз деб умид қиламиз.
- Кўпчилик Абрамовни таваккалчи дейишади. Сиз ҳам бу фикрга қўшиласизми?
- Таваккалчи нима дегани? Вадим Карленович кўпроқ ҳужумкор футболни ёқтиради. Унинг тажрибаси бор ва керакли учрашувларда нима қилиш лозимлигини билади. Жиддий рақибларга қарши учрашувларда у ҳимоявий ўйин услубини ҳам шакллантириб боради деб ўйлайман.
Фикрлар