"Динамо" - "Насаф" учрашувидаги пенальти асослимиди? 22-турдаги баҳсли вазиятлар юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси
Жорий йилнинг 28 октябр санасида Суперлига 2024-йилги мавсумнинг 22-тури якунига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мазкур учрашувлар тугагач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувларда жами 6 та баҳсли вазият юзага келди.
Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:
1-вазият: "Сурхон" - "Локомотив" ўйини: баҳсли пенальти.
"Сурхон" - "Локомотив" учрашувининг 32-дақиқасида мезбонларнинг 66-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонида тўп учун кураш олиб борди ва йиқилиб тушди. Бош ҳакам Акмал Раҳимов дастлаб пенальти белгилади. Лекин ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, рефери қарорини ўзгартирди ва баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашиб, тўғри қилган. Ҳимоячи рақибга нисбатан қўполлик ишлатмаган. У ҳужумчига қаршилик кўрсатган, аммо бу мувозанат йўқотиш учун етарли эмас. Пеналти белгилаш учун асос йўқ. Комиссия ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.
https://youtu.be/LhA_oUUNmcA?list=PL4tHyf5I--ng1mbCeEhiZFTFrVvd6ArCs
2-вазият: "Сурхон" - "Локомотив" ўйини: баҳсли пенальти.
"Сурхон" - "Локомотив" учрашувининг 54-дақиқасида меҳмонларнинг 7-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва тўп учун курашдан сўнг йиқилиб тушди. Бош ҳакам Акмал Раҳимов дастлаб пенальти белгилади. Лекин ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, рефери қарорини ўзгартирди ва баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашиб, тўғри қилган. Ҳимоячи рақибга нисбатан қўполлик ишлатган. Аммо қоидабузарлик жарима майдончаси ташқарисида қайд этилган. Пенальти белгилаш учун асос йўқ. Комиссия томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.
https://youtu.be/XXFiJA4Rmmo?list=PL4tHyf5I--ng1mbCeEhiZFTFrVvd6ArCs
3-вазият: "Сурхон" - "Локомотив" ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.
"Сурхон" - "Навбаҳор" учрашувининг 63-дақиқасида меҳмонларнинг 97-рақамли аъзоси мезбонларнинг 17-рақамли футболчисига қўполлик ишлатди. Бош ҳакам Акмал Раҳимов дастлаб пеналти йўқлигини қайд этди. Лекин ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, рефери нуқтага ишора қилди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашиб, тўғри қилган. Ҳимоячи тўпга улгурмаган ва рақибнинг оёғига зарба бериб, қўполлик ишлатган. Пеналти белгилаш учун асос етарли. Комиссия ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб топди.
https://youtu.be/xPLWFfJpVZI?list=PL4tHyf5I--ng1mbCeEhiZFTFrVvd6ArCs
4-вазият. "Навбаҳор" - "Металлург" қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка.
"Навбаҳор" - "Металлург" учрашувининг 41-дақиқасида мезбонларнинг 77-рақамли футболчиси бекободликларнинг 15-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Тўрабек Суюнов дастлаб футболчига сариқ карточка кўрсатди. ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач эса рефери қарорни қизил карточкага ўзгартирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга тўғри аралашган. Футболчи йиқилганидан сўнг бутсасининг таг қисми билан рақибининг белдан паст қисмига зарба берган. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблади.
https://youtu.be/agp3K8uU34U?list=PL4tHyf5I--ng1mbCeEhiZFTFrVvd6ArCs
5-вазият: "Андижон" - "Олимпик" ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.
"Андижон" - "Олимпик" учрашувининг 45+2-дақиқасида меҳмонларнинг 10-рақамли аъзоси ўз жарима майдонида тўпни қайтариб юборди. Бош ҳакам Олим Тўйчибоев футболчи қўл билан ўйин йўқлигини ва қоидабузарлик ҳолати қайд этилмаганини маълум қилди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячининг қўлига тўп теккан ёки тегмаганлигини камера ракурсларидан кўришнинг иложи йўқ. Шу боис, комиссия ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлайди ва уни тўғри, деб топди.
https://youtu.be/Lcl4G4csp3s?list=PL4tHyf5I--ng1mbCeEhiZFTFrVvd6ArCs
6-вазият. "Динамо" - "Насаф" қарама-қаршилиги: баҳсли пенальти.
"Динамо" - "Насаф" учрашувининг 90+3-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда тўп мезбонларнинг 44-рақамли футболчиси қўлига тегиб, ўйинга қайтди. Бош ҳакам Шавкат Насибуллаев монитор орқали вазиятни кўргач, мазкур эпизодда тўп қўлга текканини қайд этди ва нуқтага ишора қилди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчининг қўли нотабиий турибди. Ҳимоячининг тана ҳолати қўл ёрдамида кенгайтирилган ва тўп шу боисдан йўналишини ўзгартирган. 11 метрлик жарима зарбаси учун асос етарли. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.
https://youtu.be/gfH1GnsB1hU?list=PL4tHyf5I--ng1mbCeEhiZFTFrVvd6ArCs
Фикрлар