"Динамо" 4 нафар футболчи билан шартномани узайтирди

Янги мавсумга Ҳаким Фузайлов қўл остида тайёргарлик кўраётган «Динамо» жамоаси таркибни кучайтириш ишларини бошлаб юборди. 

Икки ҳафтадан буён Самарқандда машғулотлар ўтказаётган жамоа сафида бир қатор футболчилар кўрикда иштирок этмоқда. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди. Мураббийлар штаби аксарият футболчилар масаласида аниқ қарорга келгач, клуб бир қатор футболчилар билан шартнома имзолаб, аксарияти билан келишувни узайтирди.

Хусусан, «Динамо» жамоаси сафида 2020 йилги мавсумда ҳам тўп сурган ҳимоячи Обид Жўрабоев, Комил Шарофутдинов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, дарвозабон Фарҳод Раҳматов билан шартнома узайтирилиб, футболчилар 2021 йилда ҳам «Динамо» сафида қоладиган бўлишди. Шунингдек, амалда шартномаси бўлган ярим ҳимоячи Шохруҳ Абдураҳмонов ҳам янги мавсумни «Динамо» сафида бошлайди.

«Динамо» билан 2021 йилнинг июль ойига қадар шартномаси бўлган дарвозабон Ботирали Эргашев билан амалдаги келишув икки томоннинг розилиги билан бекор қилингани боис, футболчи жамоа билан хайрлашди.

Маълумот учун, «Динамо» жамоаси кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказмоқда. Жисмоний тайёргарликлар «Олимпия» стадиони залида ўтказилаётган бўлса, машғулотлар Чархин ва Самарқанд туманидаги БЎСМ майдонида ўтказилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!