"Динамо"да қолишга нима мажбур қилгани, ўғлининг дипломат бўлишини истагани, Миланга ташрифи! Ёхуд рўза тутаётган Агамуродов хусусида
Юртимизда ишлаётган мутахассислар орасида ўзидан ажойиб таассурот қолдирган Тачмурод Агамуродов алоҳида мавзуга айланади. Боиси аксарият мухлислар унинг чемпионатимиздаги фаолиятини яхши билишади. Айниқса, “Пахтакор”даги мураббийлик иши орқали анчагина ҳурмат ва эътибор қозонган.
Ҳозирда эса у “Динамо” клубини бошқармоқда. Маълумки, бугунги карантин пайтида футболчилар асосан мураббийлар кўрсатмаларига асосан индивидуал тарзда уйда шуғулланишмоқда. Аммо бундай пайтда мураббийларнинг ўзлари қандай иш билан банд, улар нималар билан шуғулланмоқдалар? Агамуродов дастлаб шу ҳақида гапирди.
- Тушунарли, карантин даврида ҳеч қандай назарий ёки амалий машғулотлар бўлмайди. Гапингиз рост, бундай пайтда футболчилар индивидуал тарзда шуғулланишлари мумкин. Аммо биз мураббийлар шундай маҳалда кўпроқ эътиборни назарий билимларимизни оширишга ҳаракат қилиб, керакли рисолаларни ўқиймиз. Қолаверса, мураббийлик соҳасига оид бундай қўлланмалар етарлича топилади.
Шунингдек, у ёки бу ўйиннинг видеоёзувларини томоша қилиб, ўзига хос таҳлил, хулосалар чиқариш мумкин. Шундай экан, биз мураббийлар ҳам карантин чоғида беиш қолиб кетмаяпмиз, десам муболаға бўлмайди. Уйда мана шундай ишлар билан шуғулланяпман, зерикишга вақт ҳам қолмаяпти.
Бундан ташқари, муқаддас ой Рамазонни арконларига мос равишда ўтказяпмиз. Кўрсатилганидек, рўза тутяпмиз. Бўш пайтларимда уйдаги ишлар билан ҳам шуғулланяпман. Вақт кўплиги боис биз мураббийлар ҳам ўзимизнинг жисмоний ҳолатимизни ушлаб туришга ҳаракат қиламиз. Масалан, ўзим кунда бадантарбия қиляпман. Уйда қолишнинг бирор-бир ноодатий тарафи йўқ. Ҳаммаси одатдагидек. Шунчаки, карантинга қадар бўлган даврдан фарқли равишда асосан уйда қолиб кетяпмиз холос.
Тачмурод Шамакович ўтган мавсумнинг охирларида самарқандликларни бошқаришга киришганига қарамай, барибир унинг жамоаси Суперлигани тарк этди. Шундай бўлса-да, Агамуродов яна “Динамо”да қолишга қарор қилди. Балки унга Суперлигадан жиддий таклиф бўлганида кетган бўлармиди? Хуллас, мутахассисни “Динамо”да қолишига нима туртки бўлганига тўхталди.
- Биринчи навбатда шуни айтишим керакки, “Динамо” билан мавсум охирида кучлилар сафида қолишимиз учун бизга бироз омад кулиб боқмади. Ўзингиз яхши эсласангиз керак, ўшанда жамоамиз ҳам охирги ўриндаги бошқа икки клуб сингари бир хил миқдорда очко жамғарган эди. Иш шундай якун топдики, қуйи поғоналардаги уч жамоадан бири сифатида биз қўшимча кўрсаткичлар туфайли Суперлигани тарк этишга мажбур бўлдик.
Шуни айтишим керакки, қўл остимда шуғуллантираётган йигитлар билан бирга ишлаш менга ёқмоқда. Асосийси, улар иш асносида менинг талабларим, ўйинни ташкил этишга бўлган қарашларимни теран тушуна бошлагандилар. Шунинг ҳисобига бўлса керак, мавсум охиридаги уч учрашувда шогирдларим жуда яхши ўйин намойиш этишди. Улар иштирокидаги ёрқин ўйинни томоша қилиш мухлисларимизга ҳам ёқди, деб ўйлайман. Мана шундай йигитлар билан ишни яна давом эттириш қизиқарли бўлишини ҳис этиб про-лигада ҳам ишлашга рози бўлдим.
Боз устига “Динамо” раҳбарияти менга бундан кейин ҳам жамоада қолиб ишлашни таклиф қилди. Табиийки, бундай таклифни ҳеч иккиланишсиз қабул қилдим. Қолаверса, ўзимни “Динамо”нинг ажралмас бир қисмига айлангандек ҳис қила бошлагандим. Яна шуни қўшимча қилишим керакки, “Динамо”нинг қуйи лигага тушиб кетишида ўзимни ҳам айбдор ҳис қилганим боис клубни ташлаб кета олмасдим. Таъкидлашим жоизки, футболчиларни ташлаб кетишга кўзим қиймади. Айниқса, клубдаги ёш, навқирон йигитларнинг кўзларида учқунни кўриш, ишни келган жойидан давом эттиришга ундамасдан қолмасди. Биргаликда ҳаммамиз “Динамо”ни яна Суперлигага қайтаришга ахд қилганмиз. Раҳбарият билан шу масалада гаплашган чоғимизда ҳаммасини муҳокама қилганмиз. Мутасаддилар билан 1+1 кўринишида шартнома тузишга келишиб олганман.
Шундан келиб чиққан ҳолда айтишим керакки, Суперлигадан бўлган таклифларни кўриб чиққаним йўқ. Айтайлик, рад этиб бўлмас таклиф келиб тушган тақдирда ҳам аввало ҳаммасини раҳбарият билан келишиб олардим. “Динамо”нинг истиқболи йўлида бундан кейин ҳам ишлашни ўз бурчим деб ҳисоблайман.
Нима бўлганда ҳам эндиликда Агамуродов ҳамда “Динамо”нинг асосий эътибори про-лигага қаратилган. Улар бир мавсумнинг ўзидаёқ яна Суперлигага қайтишга уриниб кўришади. Бу йўлда “Динамо”га кимлар жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин? Бош мураббийни эса ушбу масала ҳам ўйлантирмоқда.
- Ҳа, сизни тушундим. “Динамо”га бу йўлда про-лигадаги етакчи клублар халақит беришга интилишади, - дея мавзуни давом эттирди, Тачмурод Шамакович. - Масалан, водийдан “Нефтчи”, “Истиқлол”, “Турон” жамоалари бор. Улардан ташқари “Шўртан” ҳам ўз олдига юқорига кўтарилишни мақсад қилган. Ўйлайманки, бундай жиддий рақиблар билан курашиш мутлақо осон бўлмайди. Бундай рақиблар охирги турга қадар курашишга тайёрлар. Ахир ҳар қандай жамоа кучлилар лигасида иштирок этишни истайди. Суперлигага кўтарилиш учун фақат футболчилардаги иштиёқ, меҳнатнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун клубда инфратузилма ҳам рисоладагидек бўлмоғи даркор.
Ишни кўнгилдагидек ташкил этиш аввало раҳбариятнинг вазифаси ҳисобланади. Ҳаммаси учун моддий техник база керак бўлади. Ўз навбатида ишлаш учун етарли шарт-шароитлар юзага келган бўлмоғи даркор. Шундай экан, ҳаммаси осон эмас. Футболчилар ҳар томонлама қулай бўлган шарт-шароитларда ишлашга ўрганишган. Бу ҳам асосий масалалардан биридир.
Агар эътибор билан разм солсангиз, ўзбек футболида бюджети бошқаларникидан яхшироқ бўлган клубларни етакчи ролларда кўрасиз. Бундай ҳолатни сиз журналистларга эслатиш шарт ҳам эмас. Ишлаш учун шароитларнинг кўнгилдагидек бўлиши биз мураббийлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этмасдан қолмайди. Хуллас, ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Моддий материал базанинг яхши ҳолатда эканлиги ҳар қандай кишини янада ишлашга руҳлантирмасдан қолмайди. Фақат шундагина натижа кутилган даражада чиқиши мумкин.
Мутахассис Суперлиганинг бугунги даражаси ҳақида гапирар экан, у бевосита иштирокчилар сонига алоҳида эътибор қаратди.
- Айни чоғда бу масалада ҳеч нарса дея олмайман. Чунки чемпионатнинг дастлабки турларида бирор-бир ўйинни томоша қила олмадик. Устига-устак учинчи турдан сўнг карантин бошланиб кетди. Фақат шуни айтишим мумкинки, бундан икки йил олдин Суперлигада бўлган пайтимда унинг савияси чакки эмаслигини таъкидлагандим. Ҳозир ҳам шу фикримда қоламан.
Бундан ташқари, ўшанда олий лигадаги иштирокчи жамоаларнинг сонини ҳозиргига нисбатан ошириш яхши бўлишини айтгандим. Айниқса, иқтидор эгаларига бой бўлган Ўзбекистонда шундай йўл тутиш мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзбекистоннинг имконияти бунга ҳар томонлама жавоб бера олади. Юқори лигада иштирокчиларнинг кўплиги, камида 15 та клубнинг биринчиликда қатнашиши мухлислар учун ҳам қизиқарли бўларди. Айтмоқчиманки, бундай қатнашчилар Суперлига даражасига мос тушишини исботлаб бера олдилар.
Регламентга мувофиқ тенг миқдорда очко жамғарган клублардан бири тушиб кетди. Бахтга қарши ўша жамоа “Динамо” бўлди. Икки йил олдинги фикримда қоламан: суперлига иштирокчилари сонинии ҳозиргига нисбатан ошириш жуда тўғри иш бўларди. Бу менинг шахсий фикрим. Ўйлайманки, ассоциациядагилар кейинчалик албатта бу масалани кўриб чиқиб, худди аввалгидек Суперлига иштирокчилар сонини 16 та етказсалар керак. Бу ҳар томонлама тўғри бўларди. Чиндан ҳам шундай йўл тутиш керак. Биргина Самарқанд вилояти мисолида оладиган бўлсак, вилоятнинг энг кучли клуби саналмиш “Динамо” Суперлигада унинг шаънини ҳимоя қилиш керак, аслида.
Албатта, бундай жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, шунинг баробарида спорт тамойилларини назардан қочирмаслик керак. Нима бўлган тақдирда ҳам вилоятлардан юқори лигада камида биттадан иштирокчининг бўлиши тўғри бўлса керак. Менинг бу масаладаги қарашим шундай. Ўз навбатида Хоразм, Қорақолпоғистон Республикасидан ҳам камида битта клубнинг кучлилар сафида бўлиши тўғри бўларди. Вилоятлардаги энг муносиб клублар ўртасидаги курашларни кузатиш эса ҳар қандай ишқибозга завқ бағишлаши аниқ.
Ўз ўрнида буни вилоят тепасида турганлар ҳам тушунган ҳолда якунда ҳаммаси шундай кўриниш ҳосил қилиши учун эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо буни қандай амалга ошириш мумкинлигини афсуски билмайман.
Агамуродов ўз вақтида мураббийлик малакасини ошириш учун Италиянинг “Милан” клубида амалиёт ўтаганидан хабарингиз борми? Ўзаро мулоқот давомида у ўша хотираларини ва Андрей Шевченко билан муносабатларини эслади.
- Албатта, малака ошириш чоғида бир қатор таниқли шахсларни кўрганман. Тўғри, ўшанда базада яшамаганман, лекин кунда шу ерга келиб ишлар қандай йўлга қўйилганини бевосита кузатганман. 2000 йилларда “Милан” таркибида Мальдини, Шевченко, Леонардо, Жоржиньо, Неста, Бобан сингари зўр футболчилар тўп суришарди. Хуллас, ўша кезлардаги “Милан”ни таркиби юлдуз футболчилардан иборат бўлган.
Адашмасам, мен малака оширган ўша 2000 йилда “Милан”ни Альберто Заккерони бошқарганди. Ўшанда кўпроқ Андрей Шевченко билан гаплашишимга тўғри келган. Чунки у рус тилини яхши биларди. Бунга узоқ йиллар бўлиб кетди, кўп нарса эсимдан чиқиб кетган. Булардан ташқари, кейинчалик Москвада, Киевда малакамни оширганман. Киевда про лицензиясини олгандим. Уни қўлга киритганимга ҳам етти йил бўлибди.
Унинг ўғирллари ҳам изидан бориб мураббий бўлиб етишишди. Ҳозирда катта ўғли Ахмет Агамуродов Туркманистон олимпия терма жамоасини бошқармоқда. Аммо, қизиғи, Тачмурод Шамакович фарзандларини мураббий бўлишини истамаган экан.
- Ростини айтсам, ўғлимнинг ҳам худди мен каби мураббийлик соҳасидан кетишини истамагандим. Чунки бу соҳанинг ўзига яраша машаққатлари қандай эканлигини яхши биламан. Аммо у Туркманистондаги Университетни тамомлаганидан сўнг мураббийлик соҳасини танлаб Москвада ўқишга қарор қилди.
Ўзимга қолса, ўғлимнинг дипломат бўлишини истардим. Бироқ ўғлим худди мен сингари мураббий бўлишга қарор қилди. Қанчалик қаршилик қилмай ўғлим барибир ота изидан боришга ахд қилди. Унинг бу ролдаги ишлари ёмон кетмаяпти. Олимпия терма жамоасидан ташқари Ашхабодда ўғлимнинг хусусий клуби ҳам бор.
Тўғри, ўғлим болалар клубига эга. Унинг мураббий сифатидаги ишлари қизғин кетяпти, десам хато қилмайман. Яна шуни айтишим керакки, мураббийликни танлаган Ахмедга иккинчи ўғлим Азат ёрдам беряпти. Азат асосан акасининг хусусий клубида фаолият юритяпти. Ўғлимга қарашли “Олтин тож” жамоасида укасидан ташқари яна етти нафар мураббий ҳам ишлайди.
Ҳозирги пайтда кўпчиликнинг эътибори ва муҳокамасида бўлиб турган Россиядаги легионеримиз Элдор Шомуродов борасида Агамуродов ҳам ўз фикрини билдирди ва Европага кетса, у сояда қолиб кетмаслигини айтди.
- Мутахассис сифатида Шомуродов ҳақида шуни айтишим мумкинки, бугунги кунда у бемалол Европадаги бирор-бир кучли чемпионатда тўп сура олган бўларди. Чунки унинг катта потенциали бор. Ўйлайманки, Шомуродов Ғарбдаги клублардан бирига кўчиб ўтган тақдирда ҳам янги иш жойида бошқа шерикларининг соясида қолиб кетмайди. Чунки Элдор катта иқтидорга эга бўлган ҳужумчидир.
Унинг Россия премьер-лигаси тўпурарлари рўйхатида пешқадамлардан бири бўлиб тургани ҳам шунчаки тасодиф эмас. Шомуродов ҳақида фақат яхши фикрларни айта олишим мумкин холос. Ўйлайманки, унинг келажаги олдинда. Хориж клубларидан бирига кўчиб ўтиш Элдор учун олдинга ташланган катта қадам бўлади.
Тўғри, Россия чемпионатининг савияси ҳам чакки эмас. Аммо Шомуродов айни пайтда ўзини бундан ҳам кучлироқ бўлган Ғарб биринчиликларидан бирида бемалол давом эттира оладиган қобилятга эга. Агар унга чиндан ҳам Ғарбдаги клублардан бири қизиқиш билдираётган экан, Шомуродов буни қабул қилиши керак.
Фикрлар