Диёр Имомхўжаев: Агар биз бу ишни қила олсак, футболдаги адолатсизликлар яна биттага камаяди
ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида футболимиздаги оғриқли мавзу ҳақида фикр билдирди.
- Бугун Ўзбекистон футзал термаси Осиё чемпионати саралашида Непални таслим қилди. Олдинда Афғонистон ва Тожикистонга қарши ўйинлар бор.
Мана шу ўйинлар қатор саволларга жавоб беради. Яқинда Ўзбекистон U-19 футзалчилари CAFA мусобақасида иштирок этиб, шундай натижа қайд этганди:
Ўзбекистон — Эрон 1:7
Ўзбекистон — Афғонистон 1:8
Ўзбекистон — Қирғизистон 3:9
Ўзбекистон — Тожикистон 3:1
Танқид қилишга етарлича сабаб бор. Мисол учун бизда ёшлар футзалига эътибор ҳозиргача бўлмаган. Футзални яхши кўрадиган айрим фидойи мураббийлар кўча-кўйдан иқтидор топиб, уларни шу спортга жалб қилиб турган. Фақатгина шу йил илк бор ЎзПФЛ U-18 жамоалари иштирокида мусобақа ташкил қилмоқчи. Бу доимий бўлсагина, биз юқоридаги каби турнирларда бирор нарсадан умид қилишимиз мумкин.
Ва яна бир муҳим жиҳат бор. Юқоридаги ўйинларда рақиблар сафида тўп сурган футболчиларнинг асл ёши ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Биз ўтган 15 йил давомида ўсмирлар ва ёшлар турнирларини қалпоқ қилиб ташладик. Футболчиларни Ўзбекистон ифтихори қилдик, машиналар, пуллар бердик, мураббийлари Эпика-ю Малибулар минишди. Вақт эса футболчилар ёши ўқланганини кўрсатди. Шунинг учун ҳам ўша с понтом умиди ёшлар катта футболда сариқ чақага ҳам арзимайдиган футболчилар бўлишди.
Биз сўнгги 4 йилда ёшни кичиклаштириш масаласига жиддий эътибор қилмоқдамиз. Хусусан, ЎзПФЛ ҳар йили апрель ва август ойида ўзининг илк профессионал шартномасини имзолаган футболчилар рўйхатини эълон қилади ва айнан уларни тегишли органлар орқали текширтиради. Ҳар йили 2-3 нафар ғирромчи ота-онанинг уятсиз фарзанди аниқланади ва унинг паспорти аслига ўзгартирилади. Агар биз шу масалани тўла тартибга солсак, ёшлар футболидаги натижаларимиз аввалига ортга кетади. Аммо келажакда катта футбол ўзига кела бошлайди. Футболдаги адолатсизликлар яна биттага камаяди.
Футзал бизда футзалчилар уни севганидан ўйнаётгани учун ҳам яхши натижалар қайд этиб келади IMHO. Чунки бунда пул катта эмас. Футзалчи пул деб ўзини ҳар кўйга солавермайди. Ишонаманки, олдинда осон ўйинлар бўлмаса-да, улар Афғонистон ва Тожикистондан устунлигимизни исботлай олишади. Яъни, катта футзал Марказий Осиё жамоаларининг ҳақиқий ҳолатини намоён қилади.
P.S. Марказий Осиё футзал жамоалари ҳам тинимсиз ўсяпти. Бу, албатта, яхшиликка. Ён атрофингда сенга жиддий қаршилик қила оладиган жамоаларнинг бўлишидан-да яхшироқ нарса йўқ. Бу нафақат бизни, ҳаммамизни ривожлантиради, - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар