Диёр Имомхўжаев "Андижон" клубининг қайтадан ташкил этилаверганидан ҳайратга тушиб, Вуйович ишидан четга чиққани ҳақида маълум қилди

"Андижон" клуби 2015 йили жамоада ўйнаган футболчи Предраг Вуйович билан боғлиқ қарздорлик бўйича муаммога дуч келган. Хорижлик футболчи ФИФАга арз қилган. Аммо бу ҳал этилмаганди. Шунинг учун Вуйович Арбитраж судига мурожаат қилган, дея хабар берди Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида.

- Предраг Вуйович деган футболчи 2015 йил "Андижон" клуби шарафини ҳимоя қилган. Кейинроқ, у қарздорлик сабаб ФИФА томон шикоят ёзган.

ФИФА "Андижон" ФК қарзни тўлаши керак, деб қарор чиқарган. Аммо бу вақтга келиб Вуйовични ўйнатган клуб йўқ қилинган бўлиб, бошқаси фаолиятини бошлаганди. ФИФА каби ташкилот ҳам ҳайратда қолган. Ҳар икки клубни майда деталларгача солиштирган, футболкасининг рангидан тортиб, уй стадионигача. Хуллас, охир-оқибат ФИФА ҳам ишдан чарчаб, четга чиқди.

Энди Вуйович Арбитраж суди орқали қарзни ундириш ниятида. Бу вақтга келиб, "Андижон" ФК бир эмас, тўрт мартда ўзгариб улгурди. Айнан сўнгги ўзгариш арафасида Вуйовичнинг яна тилга киргани шубҳали. Бироқ айб унда эмас, айб бирор фирмани банкрот қилиб, янгисини очаверадиган томонда.

2009-2020 йилларда Андижон вилояти шарафини ҳимоя қилувчи бош жамоа сифатида рўйхатдан ўтган юридик шахслар тўғрисида маълумот:

2009 — Андижон профессионал футбол МЧЖ
2010 — Андижон профессионал футбол МЧЖ
2011 — Андижон профессионал футбол МЧЖ
2012 — Андижон бургут ПФК МЧЖ
2013 — Андижон футболи МЧЖ
2014 — Андижон футболи МЧЖ
2015 — Андижон профессионал футбол клуби МЧЖ
2016 — Андижон футбол спорт ПФК МЧЖ
2017 — Андижон бахтли ёшлари ПФК МЧЖ
2018 — Андижон футбол спорт ПФК МЧЖ
2019 — Андижон футбол спорт ПФК МЧЖ
2020 — Андижон футбол спорт ПФК МЧЖ

Ваҳоланки, регламент бўйича буларнинг бари мутлақо янги клуб сифатида фаолиятини энг қуйи лигадан бошлаши керак. Бироқ улар ЎзПФЛ рўйхатидан ўтаверган. Клуб уставини бирор киши текшириб ҳам кўрмаган.

Айни вақтда янги фирма жамоани Суперлигада ушлаб турибди. Бироқ ЎзПФЛ мазкур фирма билан имзоланган шартномаларни рўйхатдан ўтказаётгани йўқ. Мураббийларга ҳам мавсум сўнгига қадар шартли равишда захира ўриндиғидан жой олиш учун рухсат этилган. Бу масала Андижон вилояти ҳокимлиги, эски фирма, янги фирма, GM ҳамда футболга жавобгар ташкилот томонидан атрофлича муҳокама этилиши керак. Масала эски ҳаммом, эски тос бўлмаслиги шарт.

Маълумот учун. ЎзПФЛ сўнгги 4 ой ичида "Бухоро" ва "Динамо" футбол клуби бош директорини нима учун ўз вақтида рўйхатдан ўтказмагани ва кейинчалик унга рухсат бергани, "Қизилқум" футбол клубида пайдо бўлиб қолган бекорчилар масаласига ойдинлик киритгани каби масалалар ҳамма учун энди тушунарли бўлса керак. Шунингдек, мавсум аввалида Ғиждувон футбол клуби ҳам киши билмас бошқа фирма уставини ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказишга уриниб кўрди, аммо бу иш амалга ошмади.

Бирор муаммо чиндан ҳал этилиши керак бўлса, ўша муаммодан қочиш эмас, уни ечиш керак. "Андижон" футбол клуби билан боғлиқ юқоридаги фактларнинг барчасида муаммодан қочилган ва улар ечилмаган. Оқибатда 2015 йилларда тўп сурганлар масаласи ҳали ҳам осилиб турибди. Шунингдек, бирор жамоани юқори дивизионга сунъий равишда кўтараётганда ҳам мана шу жиҳатни инобатга олиш муҳим. Мақсад кимнинг қаерда ўйнаши эмас, масала ким аслида қайси нуқтада турганида. Сизни ишонтириб айтамизки, бизда мавжуд бўлган 80 фоиз клубнинг пойдевори мавжуд эмас. Биз фақатгина томи кўриниб турган уйларни узоқдан яхши қурилган, деб ўйлаяпмиз холос. 2021 йилдан бошлаб, барчаси тўғри йўлга тушиши учун эса тиним билмай ҳаракат қиляпмиз, - деди Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
04/11/2020 22:57
Joning bor uka. shu bolani kup kishi yomonloydi lekin har safar matbuot anjumoniga chiqsa ochiq kungil cheroyli nutuq suzlap hamma narsani batafsil tushunterib beradi. yana nima qilsin endi. keyin gapini ohiriga kimnider nimader savol qiynasa kelsin deydi. gap yuq bos gazini. uka.