Диёр Имомхўжаевдан в б олиб ташланди ёхуд ЎзПФЛга бош директор тасдиқланди
Бугун Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитасининг янги сайланган таркибдаги илк йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Унда ЎзПФЛ Ижроия қўмитасининг жами 9 нафар аъзосидан 8 нафари иштирок этди. Жумладан, ташкилот раҳбари Диёр Имомхўжаев, ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов, ЎФАнинг Аёллар футболи бўлими бошлиғи Азиза Татлимуратова, ЎзПФЛ юрисконсулти Ойбекхон Иброҳимхонов, АГМК футбол клуби бош директори Баҳодир Мирзаев, “Локомотив” футбол клуби бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов бевосита қатнашган бўлса, 2 нафар аъзолар – “Насаф” футбол клуби бош директори Алишер Юсупов ҳамда “Хоразм” футбол клуби бош директори Мақсуд Каримов Zoom платформаси орқали иштирок этишди. Бир нафар Ижроқўм аъзоси “Турон” футбол клуби президенти – Олимхон Аҳмедов эса айни пайтда хориж сафарида экани боис овозини алоҳида тақдим этди.
ЎзПФЛ Ижроия қўмитаси йиғилишида ташкилот бош директори лавозимига ЎФА президенти киритган тақдимномага асосан Диёр Имомхўжаев номзодини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Унга кўра, 2020 йилнинг 25 май кунидан бошлаб ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган Диёр Имомхўжаев ортда қолган муддат давомида амалга оширган ишлари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Уставига мувофиқ ЎФА президентининг тақдимномасига асосан Лиганинг Ижроия қўмитаси аъзолари томонидан овоз бериш йўли орқали лавозимга тасдиқланди. Ижроия қўмитасининг барча аъзолари ушбу номзодни тасдиқлаш учун овоз беришди ва Диёр Имомхўжаев 4 йил муддатга Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори этиб тасдиқланди.
Фикрлар