Дониёр Абдуманнопов: "Ваҳимали нарса эмас"

  • 21 январь, 18:22
  • Шуҳратбек Жўраев
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришди. Бош мураббий Сречко Катанец саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра ушбу йиғинда қатнаша олмайди. Йиғин давомида терма жамоамиз билан ёрдамчи мураббийлар - Алеш Чех ҳамда Владо Радманович иш олиб боришади.

Мазкур йиғинга Суперлигамизда тўп сураётган ва ўзини кўрсатган кўплаб ўйинчилар жалб қилинган ва уларнинг орасида илк бор терма жамоадан чақирув олган йигитлар ҳам бор. Бу эса ана шундай футболчилар учун ўзларини кўрсатиш борасида ниҳоятда муҳим.

Маълумки, “Андижон” жамоасининг ярим ҳимоячиси Дониёр Абдуманнонов ҳам миллий терма жамоамизнинг Қатардаги ўқув-машғулот йиғинига жалб этилганди. Бироқ футболчи оёғидан енгил жароҳат олгани сабабли терма жамоамизнинг мазкур йиғинини ўтказиб юборадиган бўлди.

Айтиш лозимки, аслида бу жароҳат “Пахтакор” сафида ўйнаб юрган пайтида ОЧЛ доирасидаги баҳсда юз берганди.  

Лекин Дониёр “Андижон” клуби билан Туркия йиғинида иштирок этади. Футболчи эса жароҳати ҳақида шундай деди:

“Тожикистондаги йиғинда оёғимни қарийб олгандим. Қолаверса, соғлигимда бироз муаммолар ҳам кузатилди. Кейин терма жамоамиз шифокорларига кўриндим. Улар бироз дам бериб, даволанишим зарурлигини таъкидладилар. Лекин ваҳимали нарса эмас. Бир ҳафта атрофида ҳаммаси жойига тушади. Худо хоҳласа, яна сафга қайтаман, - дейди Абдуманнопов.  

Абдуманноповда чиндан катта иқтидор бор. Уни бежизга миллий терма жамоага жалб этишмаган. Бироқ жароҳат унга Қатардаги йиғинда иштирок этишига йўл қўймади. Шунга қарамай, ўзи таъкидлаганидек, бу ваҳимали ҳолат эмас. Дониёр тезроқ тикланиб “Андижон”нинг Туркиядаги йиғинида фаол иштирок этиш ҳаракатида. У яна терма жамоага чақирилишига умид қилмоқда ва бу борада ўзини кўрсатиш иштиёқида.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!