Драган Черан: Барчага Осиёнинг энг кучли клуби билан бир хил даражада эканлигимизни кўрсата олдик

“Пахтакор” клуби Қатарда марказлашган ҳолда ташкиллаштирилган Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи доирасида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига ютқазиб қўйди ва олдинда яна ўша жамоага қарши навбатдаги жиддий тўқнашув кутмоқда. Ўйин олдидан эса, “шерлар” сафида жиддий йўқотиш бор. Жамоа етакчиси ва тўпурари Драган Черан иккинчи сариқ карточка туфайли “Ал-Ҳилол”га қарши иккинчи беллашувда майдонга туша олмайди.

Куни кеча у sports.uz сайти учун ўша ўйиндаги мағлубият ва бўлажак беллашув тўғрисида ўз фикрларини билдирди.

-  “Ал Ҳилол”га қарши дастлабки ўйин қизиқарли кечди. Аммо учрашувнинг охирида гол ўтказиб, “Пахтакор” аламли мағлубиятга учради. Ҳозир жамоанинг кайфияти қандай?

-  Ҳа, “Ал-Ҳилол”га қарши яхши ўйин бўлди. Биз ушбу учрашувни қизил карточка берилган  ҳолатгача назорат қилиб бордик. Лекин майдонда бир киши кам бўлиб қолганимиздан сўнг, асосий эътиборни ҳимояга қаратишимизга тўғри келди. Кўрган бўлсангиз, ушбу беллашув жуда юқори даражада ўтди. Биз Осиё Чемпионлар лигаси ғолибига қарши майдонга тушгандик ва ўйлайманки, чемпионга муносиб қаршилик кўрсатдик. Умуман айтганда, жамоадаги кайфият яхши ва навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўряпмиз.

-  Қизил карточка ўйин натижасига жиддий таъсир кўрсатди, деб ўйлайсизми?

-  Албатта, бир футболчи кам ҳолатда ярим соат ўйнаш анча қийинчилик туғдирди. Лекин шунга қарамасдан, биз катта ҳажмдаги ишни бажардик, деб ҳисоблайман. Фақат афсуслар бўлсинки, охирги сонияларда жуда аламли голни ўтказиб юбордик.

-  Ўйиннинг охирги сонияларида ўтказиб юборилган голда дарвозабон хато қилди деб ўйлайсизми?

-  Йўқ, ўша вазиятда рекошет бўлганди. Бундай зарбага дарвозабон реакция кўрсатиши қийин эди. Одатда, бу каби рикошетли зарбалар дарвозабонлар учун жуда қийин бўлади.

-  Сиз кейинги учрашувда “Пахтакор”га ёрдам бера олмайсиз ва бу жамоа учун жиддий йўқотиш. Ўйинни ташқаридан кузатиш оғир бўлса керак-а?

-  Афсуски, ҳа, мен ўша ўйинда иккинчи сариқ карточкани олдим ва навбатдаги учрашувни ўтказиб юбораман. Табиийки, ташқаридан ўйинни томоша қилиш оғир бўлади. Лекин умид қиламанки, жамоам керакли натижага эриша олади.

-  “Ал-Ҳилол”нинг бугунги даражаси “Пахтакор”никидан кучлими?

-  Бу борада шуни айтишим мумкинки, биз барчага Осиёнинг энг кучли клуби бўлган “Ал-Ҳилол” билан бир хил даражада эканлигимизни кўрсата олдик.

-  “Пахтакор” гуруҳдан чиқа олмаса футболчилар мукофот пулларидан воз кечишлари ҳақида айтишибди. Бу кимдан чиққан ташаббус ва нима учун?

-  Тўғриси, бу ҳақида ҳеч нарса билмайман.

-  Осиё Чемпионлар лигасидек жиддий мусобақада қисқа кунлар оралиғида кетма-кет оғир ўйинларни ўтказиш сиз футболчиларга катта муаммолар туғдирмайдими?

-  Тўғри, бу жуда ҳам қийин бўлади. Лекин бизда фақат битта мақсад бор ва биз бутун жамоа бўлиб ўша мақсад сари бирлашамиз. Муҳими, охиригача ҳаракат қиламиз.

-  Бир неча йиллардан бери “Пахтакор” ривожланиш учун катта ҳажмдаги ишларни бажаряпти. Сизнингча, клуб энди Осиё Чемпионлар лигасини ютишга қодирми?

-  Бунга аста-секинлик билан босқичма-босқич эришамиз.

-  “Ал-Ҳилол”дек рақибга қарши кетма-кет икки марта ўйнаш “Пахтакор” учун қўшимча қийинчиликларни туғдирмайдими? Рақиб ноқулай эмасми?

-  Ҳа, бу кўпроқ куч олди. Лекин бу Осиё Чемпионлар лигаси эканлигини ҳамда қитъанинг энг кучли жамоалари шу ердалигини унутмаслик керак. Шу боис ҳеч қачон баҳоналар ўтмайди. Бундай нарсалар қилиш керак эмас. Биз ҳамиша майдонга ғалаба учун тушамиз.

-  Қатардаги ташкилотчилик қандай? Коронавирус хавфи йўқми?

-  Бундай хавф йўқ. Биз кун бўйи меҳмонхонадамиз. Кечқурун бўлса машғулотга борамиз. Машғулотимиз тугагач, дарҳол яна меҳмонхонага қайтяпмиз. Шу боисдан коронавирус борасида хавф йўқ.

-  ОЧЛни ютиш учун асосий даъвогарлар сифатида қайси клубларни айта оласиз?

-  Ғолиб ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта. Бу ерда бир қатор юқори савиядаги клублар жамланишган. Қолганини вақт кўрсатади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Кахрамонжон Сафаров
16/09/2020 22:13
Иложи булса уша ердан йуколиб кетгин сен фойдангдан кура зараринг кимматга тушади крахабор