Драган Черан: "Жамоа бир тактикага кўникиши учун маълум вақт керак"

"Пахтакор" ҳужумчиси Драган Черан Суперлигадаги тўпурарлик ва "шерлар"нинг ўйини ҳақида фикр билдирди.

– Драган, ғалаба билан табриклайман. Бу ўйинда ҳам гол урдингиз, тўпупарлик пойгасида натижангиз яна яхшиланди.

"Дерби ҳар доим дерби, доим муҳим ва қийин бўлади. Прессинг орқали ўйнашга ҳаракат қилдик ва бу натижа берди. Биринчи бўлимдаёқ икки гол уришга эришдик. Иккинчи бўлимда эса тўпни рақибга беришга қарор қилдик ва ўйин назоратини ушлаб қола олдик. Шу сабаб иккинчи бўлим бироз зерикарли бўлгандир, лекин футболда муҳими натижа ва биз унга эришдик".

– Сўнгги ўйинларда жамоа анча ёрқин кўринмоқда, вазиятлардан фойдаланишда муаммолардан халос бўлгандек. Жамоада кайфият қандай?

"Жамоадаги муҳит яхши. Мураббий тизимига ва тактикасига мослашаяпмиз. Натижалар ҳам ёмон эмас назаримда. Жамоа бир тактикага кўникиши учун маълум вақт керак. Ушбу мавсумни яхши якунлаб, кейинги мавсумда натижаларимиз бундан яхшироқ, ўйинимиз эса бунданда ёрқинроқ бўлади деб умид қиламан".

– Суперлигада уч мавсумдан буён энг яхшисиз. Бу йил ҳам шу анъанани давом этирасизми?

"Албатта, мен қолган учта ўйинда жамоага максимал тарзда ёрдам беришга ҳаракат қиламан ва биринчи мақсадим жамоа билан боғлиқ. Қолган учрашувларда ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритишга уринамиз. Тўпупарлар баҳсида бу йил ҳам ғолиб бўлишга ҳаракат қиламан ва бу натижани яна ҳам яхшилашга ваъда бераман".

"Пахтакор" матубот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!