Дуранг кимга фойда ёхуд "Бобур арена"да мухлислар гол кўрмадилар
Суперлиганинг 24-турини якунлаб берган “Андижон” – “Қизилқум” ўртасидаги беллашув ҳар икки жамоа учун муҳим эди. Айниқса, “Андижон” дастлабки дақиқалардан иккита хужумчи эвазига ҳужумкор таркибда ўйнай бошлади. “Қизилқум” эса аввало ҳимояга асосий эътиборини қаратди ва қарши ҳужумлардан пайт пойлади.
Учрашувни фаол бошлаган майдон эгалари дастлабки дақиқаларда ҳисобни очишга яқин келганди. Ҳужумчи Рустам Турдимуродовнинг жарима майдони атрофида йўллаган зарбасини “Қизилқум” дарвозабони Роберт Озолс қийинчилик билан бартараф этди. Биринчи бўлимдаги яна бир хавфли вазият ҳам Турдимуродовда бўлди. У жамоадошининг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтариб юборган маҳалда қайтган тўпни дарвозага киритиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлди. Бироқ шошиб йўллаган зарбаси дарвоза юқорисидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар ўйинини кучайтиришди. Ўйин давомида “Қизилқум”нинг грузиялик легионери Акаки Шулайянинг айрим зарбалари хавфли чиқди. Мураббийлар вазиятдан келиб таркибда ўзгаришларни амалга оширдилар. “Андижон” гол уриш учун ҳаракат қилди, аммо ҳужумда етарлича самарадорлик етишмади. Таблодаги 0:0 ҳисоби эса учрашув охирига қадар ўзгармай қолди.
Ушбу дуранг кўпроқ "Қизилқум"га фойдали бўлди. Чунки 9-ўрини сақлаб қолди ва бир очко ҳам қўшиб қўйди.
Энди “Андижон” навбатдаги турни 23 ноябрь куни яна “Бобур арена”да ўтказади. Бу сафар Самарқанднинг “Динамо” жамоасига қарши майдонга тушади.
“Андижон” – “Қизилқум” – 0:0.
10 ноябрь. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 5442 томошабин.
Ҳакамлар: Тўрабек Суюнов, Максим Нехочин, Расулжон Фозилов
Захира ҳаками: Жалолиддин Хуснитдинов
ВАР: Даврон Акмалов
АВАР: Эдита Миробидова
Назоратчи: Александр Попов
Комиссар: Диёр Ҳотамқулов
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Владимир Бубанья, Илдар Маматказин, Абдулвоҳид Ғуломов, Сардор Азимов (Любиша Пецел, 84), Фарҳод Бекмуратов (Илҳом Абдуғаниев, 72), Муҳаммадкарим Тоиров (Шахром Самиев, 84), Дамир Темиров (Леван Арвеладзе, 65), Бектемир Абдуманнонов, Рустам Турдимуродов, Лука Згурский (Фарҳод Соҳибжонов, 65).
“Қизилқум”: Роберт Озолс, Асрор Ғофуров, Файзулло Қамбаров, Николай Тарасов, Жамолиддин Убайдуллаев (Илҳом Ваҳобов, 70), Самандар Шукуруллаев, Бахтиёр Қосимов, Шахзод Раҳматуллаев (Даврон Анваров, 79), Файзулла Жуманқўзиев (Бобомурод Бозоров, 79; Абдуҳолиқ Турсунов, 90+6), Диёр Раҳматуллоев, Акаки Шулайя.
Огоҳлантиришлар: Илдар Маматказин, 54 – Жамшид Саидов (бош мураббий), 60. Асрор Ғофуров, 90+6.
Фикрлар