Дзюдо. Сирдарёда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган мусобақа ўтказилди
Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят Спортни ривожлантириш бош бошқармаси, вилоят дзюдо федерацияси билан ҳамкорликда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан дзюдо бўйича ўсмирлар, ёшлар, қизлар ва катталар ўртасида “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаси ташкил этилди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Мазкур мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 200 нафарга яқин спортчи-ёшлар 10 та вазн тоифасида ғолиблик учун татамида беллашишди.
Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев юртимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор натижасида ёшларимизнинг халқаро спорт майдонларида оламшумул муваффақиятларга эришаётгани, биргина дзюдо спорти билан минглаб ўғил-қизлар шуғулланиб, юқори натижаларни қўлга киритаётганликларини, шунингдек, спортчиларни дунёнинг манаман деган спортчилари билан бемалол беллаша оладиган этиб тарбиялашда мураббийларнинг ўрни муҳимлигини таеидлаб, устоз ва мураббийларни касб байрами билан алоҳида табриклаб ўтди.
Қизғин ва муросасиз руҳда ўтган дзюдо баҳслари якунига кўра, умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Сайхунобод тумани, 2-ўрин Гулистон шаҳри ва 3-ўрин Гулистон тумани спортчиларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга медал, диплом, кубок ва пул мукофотлари тақдим этилди.
Фикрлар