Дзюдочиларимизнинг Екатеринбургдаги ишлари юришмаяпти

Россиянинг Екатеринбург шаҳри дзюдо бўйича катта дубулға турнирига мезбонлик қилмоқда. 15 март куни бошланган мусобақа ҳамюртларимиз учун омадсиз кечмоқда.

Хусусан, бугунги кунги беллашувларда -73 кг вазн тоифасида дастлаб Улуғбек Отамуродов саралаш босқичида қирғизистонлик Ишен Амановга имкониятни бой берган бўлса, эстониялик Оскар Пертелсонни мағлуб этган Обидхон Нўъмонов иккинчи босқичда швециялик Томми Мациас тўсиғини енголмади.

Шунингдек, кун дастуридан ўрин олган -81 кг вазн тоифасидаги полвонлар баҳсида Акмалжон Нажмиддинов грециялик Алексиос Нтанацидисни енголмаган бўлса, Мусо Собиров Россия вакили Аббос Азизовга мағлуб бўлди.

Қайд этиш лозим, кечаги кунги беллашувларда -60 кг вазнда Кемран Нуриллаев дастлабки босқичда туркиялик Мирҳач Аккушга, -66 кг вазн тоифасида эса дастлаб чехиялик Павел Петриковни мағлуб этган Муҳриддин Тиловов россиялик Иса Исаевга имкониятни бой бериб қўйганди.

Маълумот учун, эртанги кунги беллашувларда -90 кг вазн тоифасида ҳамюртларимиздан Шаҳзодбек Собиров россиялик Измаил Хамхоевга қарши татамига кўтарилса, +100 кг вазндаги вакилимиз Ҳусниддин Ҳусанов ўз иштирокини россиялик Антон Кривобоковга қарши баҳс билан бошлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!