Эҳтиёт бўл Генри Сехудо – UFC га яна бир ўзбек жангчиси ўтмоқда!
“Bellator” промоушени жангларида муваффақиятли иштирок этаётган ўзбекистонлик жангчи Зарруҳ Адашев яқин кунларда UFC билан шартнома имзолаши мумкин.
Sports.uz манбаларига маълум бўлишича, бу борада Нью-Йоркнинг энг машҳур промоутери Лоу Неглиа шуғулланаётган экан. Маълумки, Лоу бутунжаҳон кикбоксинг ҳамда ММА оламида жуда таниқли шахс ҳисобланади. Ўзининг шахсий шоулари бор. Жумладан, “Ring of combat mma” промоушенининг асосчиси ва ҳўжайини саналади. Энг асосийси у Дана Уайт билан жуда яхши алоқада... У UFC га 300 дан ортиқ жангчи етказиб берган.
Лоу Неглиа Адашевнинг мураббийи Артём Сахакян ҳамда менежери Давит Сахакян билан яқин ҳамкор ҳамда биргаликда профессионал кикбоксинг турнирлари ўтказишади. Бир сўз билан айтганда юртдошимизнинг промоутери десак янглишмаган бўламиз.
Фақат биргина ҳалал берувчи жиҳат бор... Маълумки, Зарруҳ “Bellator” турнирида Тевин Дайсни нокаутга учратган жангда қўлидан жароҳат олган эди. Дастлаб, ҳавотирсиз кўринган ушбу жароҳат кейинчалик бироз жиддий бўлиб чиқди. Натижада, ҳамюртимизнинг декабрь ойида кикбоксингнинг профессионал йўналишидаги жанги ҳам қолдирилганди. Хуллас, шунчаки даволаниш орқали тузалиб кетса, “нур устига нур”.
Лекин операция қилинадиган бўлса, деярли олти ой мобайнида жанг ўтказа олмайди. Бундай ҳолатда UFC билан шартнома бироз сўроқ остида қолиши мумкин. Ваҳоланки, UFC мутасаддилари юртдошимизга жиддий қизиқиш билдирмоқда ва жароҳати жиддий эмасликларига умид қилишмоқда.
Барчаси кўнгилдагидек бўлса, Зарруҳ Адашев 2020 йилдан 99 % UFC да фаолиятини бошлайди!
Маълумот учун: UFC нинг 56,7 кг вазн тоифасида яъни, ҳамюртимиз иштирок этиши кутилаётган двизион етакчиси ва чемпиони Генри Сехудо ҳисобланади. Қолаверса, Жозеф Бенавидес, Жуссиер Формига, Александр Пантоя, Аскар Аскаров каби кучли жангчилар фаолият юритишади.
Фикрлар