Элдор Шомуродов: "Бугунги ўйинларимда Карпиннинг таъсири катта"

Ўзбекистон терма жамоаси яқинда Тошкентда КХДР ва Сурияга қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказиб ишончли ғалабаларни қўлга киритди. Масалан, Шимолий Корея дарвозасига жавобсиз тўртта гол урилган бўлса, сурияликларга қарши беллашувда Элдор Шомуродовнинг дубли ўйин тақдирини ҳал қилди. Шуни алоҳида айтиш керакки, у «Ростов»да фаолиятини бошлаганидан бери ўйинида катта ўзгариш ва ўсиш кузатилмоқда. Буни Осиё Кубогида ҳам кўрдик.

Бугунги кунда терма жамоамизнинг юлдузига айланди десак хато қилмаган бўламиз. Илгари ҳужум чизиғимизнинг заифлиги юзасидан кўп танқидлар бўларди. Энди бўлса, айнан Элдорнинг ўйинлари ва сермаҳсуллиги орқали олдинги чизиқдаги муаммолар бартараф этилаётгандек туюлмоқда. Унинг «Ростов»га кўчиб ўтиши футболимиз учун фақат фойдадан ҳоли бўлмаяпти. Уни ўз клубида ҳам яхши кўришади. Айниқса, маҳаллий мухлисларнинг ёқимтойига айланганлиги ҳам биз учун қувонарли. Яқинда эса Шомуродов жамоаси билан шартномасини расман узайтирди. Айни пайтда эса футболчи ёзги таътилга чиққан ва ҳозирда Сурхондарёда ҳордиқ чиқармоқда. Бундан унумли фойдаланган ҳолда Элдор билан суҳбатлашдик.

«Хориждан қулай таклиф бўлса, «Ростов» мени қўйиб юборади»

- Куни кеча «Ростов» клуби билан шартномангизни узайтирганингиз ҳақидаги хабар чиқди. Лекин аввалига уч йиллик янги битим тузганингиз ёзилди, кейин эса шартномани беш йилга узайтирганингиз айтилди. Қайси бири тўғри?

- Биринчи чиққан хабар норасмий эди. Чунки клуб расмий сайти бундай хабар бермаган. Кейинчалик «Ростов» клуби томонидан беш йилга шартнома узайтирилди, деган хабар берилди ва шуниси тўғри. Мен чиндан ҳам клуб билан шартномамни беш йилга узайтирдим.

- Табиийки, ўртадаги битимни узайтириш ташаббуси клуб томонидан чиқдими?

- Ҳа, албатта. «Ростов» билан шундоқ ҳам икки йиллик шартномам бор эди. Энди эса уни узайтирдик.

- Янги тузилган беш йиллик шартнома албатта катта муддат. Бу таклифни қабул қилишда обдон ўйлаб кўрдингизми?

шомуродов

- Шубҳасиз, сизга бундай таклиф билдирилганидан кейин у муҳокама қилинади-да. Ахир беш йил ҳам кичкина муддат эмас. Биз ҳаммасини гаплашиб, келишган ҳолда шартномани узайтирдик.

- Элдор, сизни «Ростов» орқали Европанинг янада кучлироқ чемпионатларидан бирига кетишингизни кутаётгандик. Лекин «Ростов» билан узайтирилган беш йиллик шартнома нимани билдиради?

- Биласизми, агар менга хориждан яхшироқ таклиф бўлса, кетишим у қадар муаммо бўлмайди. Тўғри, янги шартнома тузилаётганда четдан яхши таклиф бўлса, мени қўйиб юбориш ҳақида алоҳида банд киритилмаган. Лекин клубни яхши биламанки, агар ўз футболчисига қулай таклиф келиб тушса, уни сотиш орқали пул ишлайди. Яъни, «Ростов» яхшироқ таклифларни доим ўрганиб чиқишга тайёр ва ўйинчиларни сотиб даромад топишни истайди. Айтмоқчиманки, чиндан ҳам яхши вариантлар пайдо бўлса, «Ростов» футболчисини кўп ҳам ушлаб ўтирмайди.

- Шунингдек, сизга четдан таклифлар борлиги ҳақида ҳам эшитгандик. Булар ҳақиқатми ёки миш-мишми?

- Мен бу ҳақида эшитмаганман. Чунки ҳеч ким менга ҳеч нима демаган. Балки клубга ёки агентларимга таклиф билан чиқишгандир. Ҳаммасини улар ҳал қилишади. Лекин мен бехабарман.

«Ростов»да ўзимга бўлган ишонч ортди»

- Жорий мавсумда «Ростов»даги ўйинларингизда анча ўсиш сезилди. Ҳар ҳолда клубга келган илк пайтларингиздаги фаолиятингиз билан солиштирганда ўзгаришлар билиниб турибди. Айтинг-чи, бунинг фарқларини нималарда кўряпсиз?

- Биринчи навбатда ҳаммаси ўзимга эмас, балки четдан қараганларга яхшироқ кўринади. «Ростов» жамоасида иккинчи мавсумимни ўтказдим. Ўтган вақт давомида эса бу клубга тўлиқ ўрганиб кетганман. Лекин олдинда ҳали қиладиган ишларим кўп. Мен бундан ҳам яхшироқ ўйинлар кўрсатиш учун ўсишим керак. Албатта, «Ростов»га келган илк пайтларимда янги муҳитга мослашиш жараёнини ўтказганман ва бу ҳолат мен учун осон кечмаган. Ҳозир эса ўзимни жуда эркин ва қулай ҳис қиламан.

- «Ростов» сизнинг хориждаги илк жамоангиз саналади. Легионер сифатида ўзингизда энг катта ўзгариш сифатида нимани айтган бўлардингиз?  

Эдор Шомуродов

- Тўғриси, ўзимга-ўзим бир нарса деб баҳо бера олмайман. Бундай ўзгаришлар аста-секин билинади. Бу ерда ўйнашни бошлаганимдан бери биринчи навбатда ўзимга бўлган ишонч ортган.

- Якунига етган Россия премьер-лигасида «Ростов» 9-ўринни эгаллади. Ортда қолган мавсум ҳақида ўзингизга яраша тегишли хулосалар чиқарган бўлсангиз керак. Шундай экан, мавсум сизда қандай хотиралар билан ёдда қолди?

- Назаримда, ўйин томонлама ўтган йилгига қараганда яхшироқ ўтди деб ўйлайман. Аммо кўрсаткич ва натижалар борасида эса унчалик кўнглим тўлмади. Чунки кўпроқ голлар уришни истагандим. Албатта, кейинги мавсум учун ўйлаётган режа ва мақсадларим катта. Муҳими, келаси йили янада кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламан. Барибир ҳужумчи бўлганим учун мендан биринчи навбатда гол сўралади. Шунинг учун бу йилги голларим камроқ бўлди.

- Тўртта гол урдингиз…

- Чемпионатда учта гол, биттаси Кубокда.

- Лекин голларингиз камроқ бўлса-да, муҳими жамоангизга натижа келтирди. Қувонарлиси, сиз ўша голларингиз орқали мухлислар орасида ўзига яраша овоза ҳам бўлдингиз. Яъни, эсда қоларли голларни киритдингиз.

- Албатта, ўзим учун ҳам ёқимли бўлди. Гол уриш барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам кишига катта завқ бағишлайди. Бунинг устига сиз ҳам билсангиз керак, «Ростов»да мухлислар жуда ашаддий ва улар жамоани ўта фаол тарзда қўллаб-қувватлашади. Бундай қайноқ муҳитда ва уларнинг қўллаб-қувватлашларини ҳис этган ҳолда голлар уриш жуда ёқимли туюлади.

«Терма жамоамиз муҳим баҳсларга тайёр»

- Тўғри, маҳаллий мухлисларнинг сизга бўлган эътибори ҳам кучли ва уларнинг ёқимтой футболчиси бўлдингиз десам ҳам муболаға қилмаймиз…

- Мухлисларнинг далдасини сезиб тураман ва кўпчилиги менга ишонишади. Менга бўлган эътиборлари катталигидан терма жамоадаги ўйинларимни ҳам кўриб туришади. Мухлислар билан кўришганимда ҳам доим мендан кўп нарса кутишаётганини айтишади. Уларнинг бундай сўзлари эса табиийки, менга қўшимча куч ва масъулият бағишлайди. Мен улар учун ҳам янада кўпроқ ўйнаб ҳаракат қилишим керак.

- Улар билан терма жамоадаги ўйинларингиз ҳақида гаплашганингизда қандай фикрларни айтишади?

- Албатта, клубдагилар билан ҳам бу масалада гаплашиб турамиз. Терма жамоадаги ўйинларимни кўришгач, бу ерда ҳам худди шундай ўйнашинг ва мана шундай голлар уришинг керак, дейишади ва кўп ҳазиллашиб туришади.

- Миллий терма жамоамиз сентябрь ойида бошланадиган ЖЧ-2022 саралаш баҳслари учун ўртоқлик учрашувларида иштирок этди ва тайёргарлик якунига етди. Эктор Купер эса бу борада кўнгли тўлганлигини айтиб ўтди. Айтинг-чи, ўтказилган учта ўртоқлик учрашуви биз учун бўлажак баҳсларда қанчалик фойда бера олади деб ўйлайсиз?

- У ўртоқлик ўйини бўладими ёки расмий учрашувми, муҳими, ҳар битта ўйин биз учун катта тажриба вазифасини бажаради. Масалан, Туркияга қарши ўйнадик. Кейин КХДР ва Сурия билан беллашдик. Айтмоқчиманки, ўтказиладиган ҳар бир беллашув бизга саралаш баҳсларида катта ёрдам беради деб ўйлайман. Биз ҳам бундай йиғинлардан максимал фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ўзи шундоқ ҳам терма жамоада бирга бўлиш учун кам вақтимиз бўлади. Аммо шундан ҳам биз имкони қадар максимал фойдаланиб қолишга интиламиз ва бор эътиборимиз саралаш баҳсларига қаратилган.

- Аслида кучли рақибларга қарши ўйнашимиз жуда яхши ва бу биз учун фойдали. Аммо мана шундай ўйинлардаги мағлубиятлар мухлисларни қаттиқ ранжитмоқда ва кескин танқид қилишмоқда. Аммо ўз савиямиздаги ёки биздан пастроқ бўлган жамоаларни ютсак табиийки, мухлислар бундан хурсанд бўлишади. Бундай қарашлар қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?

- Қанақа ўйин бўлишидан қатъий назар агар мағлубият бўлса ҳамма мухлис хафа бўлади. Агар жамоаси ғалаба қозонса хурсанд бўлишади. Буни нормаль ҳолат деб ўйлайман. Энг муҳими ўзимизнинг қарашларимиз ва услубларимиз бўлиши керак.

- Фикрингизча, терма жамоамиз тайёрми?

- Албатта, тайёр.

Элдор Шомуродов3

 «Сергеев аста-секин спорт формасига қайтяпти»

- Охирги матбуот анжуманида Эктор Купер сиз ҳақингизда фикр билдириб, Элдор Шомуродовнинг ҳозирги спорт формасидан максимал даражада фойдаланишимиз керак деди. Унинг бу сўзлари сиз учун қандай аҳамиятга эга?

- Албатта, мураббийдан бундай гапларни эшитиш яхши ва ёқимли. Лекин мен бундай гапларга камроқ эътибор беришга ҳаракат қиламан. Ҳар қандай вазиятда ҳам мен ўз ўйинимни кўрсатишга бутун эътиборимни қаратаман.

- Бунгача Ўзбекистонда ҳужумчи муаммоси ҳақида кўп гапирилди. Лекин охирги пайтларда сиз ўз ўйинингиз ва голларингиз билан бу муаммони бартараф этаётгандексиз. Бунга ўзингиз нима деган бўлардингиз?

- Миллий терма жамоамизнинг ҳужум чизиғидаги рақобат ҳам кучли. Темурхўжа Абдуҳолиқов бор. Игорь Сергеев ҳам аста-секин спорт формасига қайтяпти. Мана буёқда эса олимпия терма жамоасида ҳам яхши ҳужумчилар етишиб чиқмоқда. Ҳар бир ўйинчи асосий таркибга кириш учун ҳаракат қилади. Тўғриси, бизда яхши ҳужумчилар етарлича деб ўйлайман. Бизда фақат соғлом рақобат бор.

- Бизни бир жиҳат қизиқтиряпти. Ўйинингизнинг шаклланишида ва сермаҳсуллигингиз ошишида барибир меҳнатингиздан ташқари мураббийларнинг ҳам роли катта. Клубда Валерий Карпин билан, терма жамоада эса Эктор Купер билан ишлаяпсиз. Ўйинингиз шаклланишида кўпроқ қайси мураббийнинг таъсири катта бўляпти?

- Аслида ҳам иккала мутахассиснинг меҳнати етарлича. Кимнидир яққол ажратиб кўрсата олмайман-у, лекин кўпинча Валерий Карпин билан гаплашиб тураман. Ўзи ҳам ҳужумчи бўлгани учун мен билан индивидуал томондан ҳам алоҳида ишлайди ва маслаҳатлар бериб туради. Эктор Куперда эса умумий жамоа билан ишланади. Тан олиш керак, барибир терма жамоада вақт камроқ бўлади. Мураббий эса қисқа фурсат ичида ҳамма нарсага улгуришга ҳаракат қилади. Шу боис жамоавий ўйинга кўпроқ аҳамият қаратади. Шу боис термада футболчи билан индивидуал ишлашга вақт ҳам етмайди.

- ЎФАда яна ўзгариш бўлди. Умид Аҳмаджонов эрнини Равшан Эрматов эгаллади. Бунга фикрингиз қандай?

- Бу ҳақида фикр билдира олмайман. Раҳбарлар нима қилишни ўзлари билишади. Ҳамма ўз ишини қилади. Бизнинг ишимиз фақат майдонда.

- Ростовдан ташқари, ўзбекистонлик мухлислар ҳам сизга ишонч кўзи билан қарашмоқда. Уларга нима дея оласиз?

- Бизни қўллаб-қуввталашдан чарчашмасин. Уларнинг олдида юзимиз ёруғ бўлиши ва хурсанд қилиш учун ҳам ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Ҳар доим мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши бизга куч бағишлайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Баходир Джурабоев
18/06/2019 20:18
Eldor uzbek futbol kelajagi
Said Said
18/06/2019 11:54
Koz tegmasin masha Alloh
&
Surxon turon
18/06/2019 11:14
Элдоржон гап сӯзларга етибор бермай газига бос растофда асосийда кӯришни хохлаймиз сени
Абдусамат Жураев
18/06/2019 08:41
Максим Шатскийдакка хужумчи булгин омадингни берсин
Абдусамат Жураев
18/06/2019 08:38
ЮЛДУЗЛИ КАСАЛИГА УЧМАГИН
Абдусамат Жураев
18/06/2019 08:39
Остон Уруновга ухшаб узини уйлайдиган уйинчи булди бу Элдор шундок кетгин
&
Ходжиакбаров Акмал
23/06/2019 01:14
Тугри фикр