Элшод Расулов: "Странджа" турнири кўп нарсани ҳал қилади!

  • 17.02.2026 11:23
  • Ahmadbek Eshmatov
  • 0
  • Бокс

Айни пайтда, бокс бўйича аёллар терма жамоамиз Россияда ўқув-машғулот йиғинида бўлиб турибди. Мазкур йиғин Болгарияда бўлиб ўтадиган "Странджа" турнирига тайёргарлик вазифасини ўтайди. 

Ушбу Халқаро турнир олдидан "Sports.uz" сайти терма жамоамиз бош мураббийи Элшод Расулов билан интервью уюштирди. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз. 

 

– Яқинда ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ҳақида фикрларингизни билдириб ўтсангиз?

– 2026 йилда катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати кутилганидек жуда ажойиб ва шиддатли ўтди. Мазкур мамлакат биринчилиги Халқаро  мусобақалар, Осиё ўйинлари ва Жаҳон кубогида иштирок этадиган терма жамоани шакллантиришимиз,  ёш, иқтидорли боксчи қизларни саралаб олишимиз учун катта имконият яратди.

– "Странджа" турнирига тайёргарлик қандай ўтяпти? Шу ҳақда бироз гапириб берсангиз.

– "Странджа" турнирига 2 та таркиб билан тайёргарлик кўряпмиз. Москва вилоятида, Россия терма жамоаси билан биргаликда ўқув-йиғин машғулотларини олиб боряпмиз. Машғулотларимиз 20 февралгача давом этади,  21 февралдан эса Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтадиган "Странджа" турнирига жўнаб кетамиз.

– "Странджа"га борадиган таркибда қандай ротатциялар кўришимиз мумкин? 

– Ҳозир ҳар бир вазнда 2 тадан боксчини танлаб олганмиз, чунки бу "Странджа" турнири кўп нарсани ҳал қилади, аниқроғи мазкур мусобақа кейинги Осиё чемпионати ва Жаҳон кубогида қатнашадиган спортчиларни бизга ажратиб беради. Қандай ротатциялар бўлишини эса вақт кўрсатади.

– Навбаҳор Хамидова ўтган йили профессионал боксда дебют қилганди. Бу йил у халқаро мусобақаларга эътибор қаратадими ёки профессионал боксга?

– Навбаҳор Ҳамидова 2026 йилда Халқаро мусобақалар, Жаҳон кубоги, Осиё чемпионати ва Осиё ўйинларига эътибор қаратади. Бундан ташқари, агар  профессионал боксдан таклифлар бўлса, албатта, буни ҳам ўтказади.

– Тўлқин Қиличев сизни ҳар доим ён дафтар олиб юришингиз ҳақида гапирганди. Айнан уларга нимани ёзиб борасиз?

– Ён дафтар олиб юришим тўғри. Унда кунлик режалар, машғулотлар ҳақида маълумотлар сақлаймиз. Ҳамма боксчиларга эътибор қаратган ҳолда, катта мусобақаларга тайёргарлик кўраётган қизларимизнинг ҳар кунги ҳолатини ёзиб бораман. Сабаби, биз ишлаб чиққан режалар тайёргарлик жараёнида ҳар хил таъсир қилиши мумкин, шуни кузатиб бориш ва хулосаларни эсдан чиқармаслик учун кундалик тутганман. Кейинги машғулотларга янгиликлар киритиш учун ҳам бу жуда қулай.

– Ҳозирда россиялик боксчи қизлар билан машғулотлар давом этяпти. Уларнинг даражаси ҳақида ҳам нима дея оласиз?

– Россияда аёллар боксига анча йиллар олдин катта эътибор қаратилган. Уларда аллақачон жаҳон, олимпиада ва кўплаб Европа чемпионлари бор. Боксчи қизлари жуда кучли, буни 2025 йил март ойида Сербияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 4 та олтин медал билан умумжаҳон ҳисобида 1-ўринни қўлга киритишганидан ҳам кўришимиз мумкин. Умуман олганда, Россияда аёллар бокси жудаям яхши ривожланган. Улар билан бирга машғулот қилиш ўзимизнинг қизларимииз учун катта тажриба бўлади.

– Боксчи сифатида энг кучли жиҳатингиз оёқ ҳаракатларингиз бўлган.  Айнан бу жиҳатни қайси шогирдларингизда кўряпсиз?

– Бундай боксчиларимиз кўп. Лекин ўзим ҳам мавжуд билимларимни барча шогирдларимга доим ўргатиб бораман. Биласиз, ҳаваскор боксда кўпроқ оёқ ҳаракатлари, ҳимоя ва мана шунга ўхшаш техникалар жуда муҳим. Улар ҳар бир жангда қўл келади.

– Бўлажак мусобақалар олдидан сиз ва терма жамоамизга омад тилаймиз!

– Раҳмат.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!