Энди бизга ўтақол! Фоденни "Манчестер Сити"дан топ-клуб олиб кетмоқчи
«Манчестер Сити»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Фил Фоденга «Бавария» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, агар «Манчестер Сити» молиявий қоидаларни бузгани учун кескин жазога учраса, Фоден мюнхенликлар учун асосий трансфер мақсадларидан бирига айланиши мумкин. Германия гранди вазиятни яқиндан кузатиб бормоқда ва имконият туғилса, 26 ёшли футболчини сотиб олишга тайёр.
«Шаҳарликлар» тарбияланувчиси бўлган Фоден жорий мавсумда барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда олти учрашувда майдонга тушиб, икки голли узатма муаллифига айланди.
Фоденнинг «Манчестер Сити» билан амалдаги шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 70 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Фикрлар