Энди жаҳон чемпионлари узук тақади

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

2026 йилги жаҳон чемпионати ғолиблари футбол тарихида биринчи бўлиб ўзига хос мукофот – чемпионлик узукларини қабул қилиб олишади. Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) матбуот хизмати хабар берди.

ФИФА шафелигида ўтаётган мусобақалар тарихида биринчи марта чемпионлик узуклари топширилади. Бу анъана АҚШ спорт лигаларида кенг тарқалган бўлиб, Шимолий Америка мамлакатлари мезбонлик қилаётган бу галги жаҳон чемпионатида ҳам ушбу ғоя амалга оширилмоқда.

Ҳар бир узук чекланган миқдорда – аниқ 2026 дона нусхада ишлаб чиқарилади ва улар индивидуал рақамларга эга бўлади. Бу эса мусобақа ўтказилаётган 2026 йилга ишора ҳисобланади.

Улардан 30 та узук ғолиб жамоа футболчилари ва мураббийларига топширилади, қолган 1996 таси эса ФИФАнинг расмий лицензияланган маҳсулоти сифатида бутун дунё бўйлаб сотувга чиқарилади.

Узукнинг бир томонида жаҳон чемпионати кубоги тасвири жойлаштирилади, иккинчи томонида эса ғолиб жамоанинг логотипи акс эттирилади.

Ҳар бир узук рақамланади, эгасига мос ўлчамда тайёрланади ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи сертификат билан таъминланади.

Финал тугаганидан сўнг ғолиб жамоанинг капитани ва бош мураббийига тантанали маросим учун вақтинчалик узуклар топширилади. Кейинчалик барча 30 та чемпионлик узуги махсус буюртма асосида тайёрланади ва расмий тақдирлаш маросими ўтказилади.

Мундиал финалида Испания ва Аргентина терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Учрашув 19 июль куни Нью-Жерси штатидаги стадионда бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!