Энди Шомуродовга осон бўлмайди!
“Рома” раҳбарияти “Будё-Глимт” ҳужумчиси Ола Сольбаккенни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Норвегиялик ҳужумчининг Конференциялар лигаси доирасида римликларга қарши ўтказилган икки учрашувдаги ҳаракатлари Жозе Моуриньода яхши таассурот қолдирган.
“Будё-Глимт” халқаро турнир дорасида “Рома”ни 6:1 ҳисобида мағлуб этиб, Моуриньони уялтириб қўйди. Ўша баҳсда Сольбаккен дубл қайд этди. Римдаги учрашувда норвегияликлар 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Ола рақиб майдонида ҳам тўп кирита олди.
Умуман олганда, 23 ёшли ҳужумчи Конференциялар лигасида саралаш, гуруҳ ва плей-офф босқичларида 14 та учрашувда еттита гол урди ва учта ассист қайд этди.
Сольбаккен ўнг қанот ҳужумчиси ҳисобланади. Бироқ, зарур пайтда Элдор Шомуродов ўйнайдиган чап қанотда ҳам жуда фаол ҳаракат қила олади.
Қизиғи шундаки, Конференциялар лигасининг чорак финали қуръаси “Рома” ва “Будё-Глимт”ни яна ўзаро рўбарў қилди. 7 апрель куни биринчи учрашув Норвегияда ташкил этилади. “Олимпико”даги жавоб ўйини 14 апрелга белгиланган.
Бўлажак икки ўйин давомида Жозе Моуриньо ўзи харидор бўлаётган ҳужумчининг ҳаракатларини яна бир бор синчковлаб ўрганиб чиқиш имконига эга бўлади.
Дзаньолога “Наполи” ҳам харидор
“Рома”нинг ҳужумкор футболчиси Николо Дзаньоло ёзда бошқа жамоага ўтиб кетиши мумкин. Унга Англия ва Италиянинг етакчи жамоаларидан таклифлар бор.
Николога иш таклиф қилаётган клублар қаторига “Наполи”га ҳам қўшилди. Бу ҳақда Corriere dello Sport нашри хабар бермоқда.
“Рома” ва футболчи ўртасида янги шартнома борасида олиб борилган музокаралар турли сабабларга кўра, тўхтаб қолди. Римликлар икки йилдан кейин эркин агентга айланадиган ўйинчи билан битимни янгилаб кейинроқ уни қиммат нархга сотиб юбормоқчи.
“Рома” спорт директори Тьяго Пинто клуб Дзаньолонинг трансферига қарши эмаслигини, бироқ унинг нархи 70-80 миллион евродан кам бўлмаслигини таъкидламоқда.
“Рома” рақибдан ўйинчи олмоқчи
Рим клуби ёзда таклиф этиладиган ўйинчилар қаторига уч йилдан бери “балонья”да тўп тепаётган Жерди Схоутенни ҳам киритди. Бу кутилмаган танлов бўлди.
25 ёшли нидерландиялик футболчи ҳеч қачон номдор клубларда ўйнамаган. Ўз юртида “АДО Ден Хаг”, “Телстар” ва “ксельсиор” клублари шарафини ҳимоя қилган марказий ярим ҳимоячи 2019 йили 2,15 миллион евро эвазига “Болонья”га кўчиб ўтди.
Схоутен жорий мавсумда А Серияда ўнта ўйин ўтказиб, жамоадошларига битта голли пас узатди холос.
Нидерландиялик ўйинчининг амалдаги шартномаси яна икки мавсум давом этади. Унинг трансфери 8 миллион еврога баҳоланмоқда.
Дзаньоло узоққа бормайди
“Рома” етакчиларидан бири Николо Дзаньоло Конференциялар лигаси чорак финали дастлабки учрашувида қатнашмайди.
22 ёшли футболчи кейинги пайтда кўп жароҳат олмоқда. Яқинда мушакларидаги оғриқ туфайли “Сампдори”га қарши учрашувни ўтказиб юборган Николо Норвегиядаги ўйинга ҳам бормаслиги айтилмоқда.
Маълумотларга қараганда, совуқ ўлкадаги стадион сунъий қопламага эга. Жароҳатга мойил ўйинчилар учун бу хавфли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Дзаньоло сафар учрашувида қатнашмайди.
Клуб мутасаддилари унга Италияда қолиб, А Серия доирасида бўладиган “Салернитана”га қарши ўйинга тайёрланишни маслаҳат берган.
Фикрлар