“Рома”: Бу футболчи энди ўйнамайди! Моуриньо ким ҳақида гапирди?

2019 йилдан бери “Рома” шарафини ҳимоя қилиб келаётган Жордан Веретунинг клуб раҳбарияти ва бош мураббий Жозе Моуриньо билан муносабатлари бузилди. Харидори тобора кўпайиб бораётган франциялик легионер римликлар билан янги шартнома тузишни истамади.

Чунки, жамоага Сержиу Оливейра олиб келинганидан кейин Жордан захирада ўтириб қолмоқда ва шу боис “бўрилар” таркибини тарк этмоқчи. Қолаверса, яқинда Верету коронавирус юқтирган рафиқасининг туғилган кунини кенг даврада нишонлаб, карантин қоидаларини бузгани  клуб мутасаддиларига ёқмади.

Маълумотларга қараганда, Жозе Моуриньо мавсум охирига қадар франциялик футболчини майдонга туширмоқчи эмас.

- Верету биз билан машғулот қилмаяпти, олдиндаги ўйинчиларда ҳам ўйнамайди. Гапиришим таъқиқланган бошқа масалаларни ошкор қила олмайман, - деди Жозе Моуриньо.

Яқинда Франция чемпионати грандларидан “Марсель” клуби римликлардан Верету трансфери бўйича маълумотларни сўраган эди. Қишда эса, Жорданга “Ньюкасл”дан таклиф бўлди.

Айни пайтда футболчининг агентлари унинг хизматини “Ювентус” ва “Интер”га таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

29 ёшли Жордан Верету фаолияти давомида А Сериядан ташқари Франция ва Англия каби кучли бешлик чемпионатларида тўп тепган. Жорий мавсумда тажрибали ўйинчи 39 та учрашувда қанташиб, тўртта гол урди ва 9 та ассист муаллифи бўлди. Унинг амалдаги шартномаси яна икки мавсус давом этади.

“Рома” бизни шарманда қилди!

“Лацио” бош мураббийи Муарицио Сарри А Сериянинг ўтган турида пойтахт дербисида “Рома”га 0:3 ҳисобида ютқазганидан уялаётганини билдирди.

- Мен клубнинг барча ходимлари ва мухлислар олдида мағлубият учун уялиб қолдим. Биз шунчаки ютқазиб қўйганимиз йўқ, аксинча ўша баҳсда умуман ўйнай олмадик, - деди тажрибали мураббий.

Манбанинг маълум қилишича, Сарри пойтахт клублари ўртасидаги рақобатда қайд этилган натижадан эмас, балки шогирдлари кўрсатган сифатсиз ўйиндан хафа бўлган.

Моуриньо “Бавария” ўйинчиси керак

“Рома” скаутлари Жозе Моуриньога маъқул келадиган ижрочиларни қидириш билан банд. Ана шундай ўйинчилардан бири “Бавария”да асосий таркибга кира олмаётган Марк Рока бўлиши мумкин.

La Repubblica нашрининг ёзигича, Моуриньо 25 ёшли испан футболчисини Римга келишига қарши эмас.

“Эспаньол” клуби тарбияланувчиси икки йил муқаддам Мюнхен клубига кўчиб ўтганидан бери асосий таркибга кира олгани йўқ. Рока жорий мавсумда Бундеслига ва Чемпионлар лигаси доирасида 11 та учрашувда қатнашиб, ўзини кўрсата олмади.

Жозе Моуриньо майдон марказини кучайтириш учун “Бавария”да омади чопмаётган ўйинчига имкон беришга тайёр.

Роканинг “Бавария” билан шартномаси 2025 йилнинг ёзигача давом этишига қарамай, уч йил муқаддам трансфер суммаси 30 миллион еврони ташкил қилган Рокани келаси ёзда 7 миллион еврога харид қилиш мумкин.

Гедеш Моуриньо олдига боради

“Валенсия”нинг ҳужумкор футболчиси Гонсалу Гедеш унинг хизматларига ҳамюрти Жозе Моуриньо қизиқиш билдираётганидан мамнун бўлди.

Испаниянинг Todofichajes.com сайти хабар беришича, Гедеш фаолиятини “Рома”да давом эттиришга розилик берган. Ана шу мақсадда, 25 ёшли ўйинчи “Валенсия” билан шартномани узайтирмайди.

Амалдаги шартномаси яна бир йил давом этадиган Гедеш жорий мавсумда Испания чемпионати ва кубогида жами 33 та учрашув ўтказиб, 13 та гол ва бешта голли пас муаллифи бўлди. Унинг трансфери 40 миллион еврога баҳоланаётган бўлса-да, шартномаси якунланишига бир йил қолгани учун арзон нархда трансфер қилиш имкони бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!