Ўзбек футболчисини Европада эътироф этишди
Беларусь олий лигаси ўзбек футболчилари учун омадли чемпионатга айланиб бормоқда. Ҳар ҳолда сўнгги йилларда бу чемпионатда ўйнаган футболчиларимиз фаолиятида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини кўришимиз мумкин.
Айниқса, “Энергетик-БГУ” жамоаси ҳар мавсум бир неча футболчимиз билан ўз таркибини кучайтирмоқда. Бу жамоада берилган имкониятдан унумли фойдалаёнтган ҳамюртиларимиз ўзини Европада танитиб, ҳатто Ўзбекистон миллий терма жамоасидан ҳам чақирув олгани бор гап.
Мисол тариқасида, Европадаги фаолиятини “Энергетик-БГУ”дан бошлаб, қисқа фурсат ичида Беларусь ва Польша чемпиони бўлган Жасур Яхшибоевни келтиришимиз мумкин. Тақдир тақозоси билан Молдованинг энг қудратли клуби “Шериф”дан қўним топган Жасур УЕФА Чемпионлар лигасида “Сантьяго Бернабеу”да “Реал” дарвозасини ишғол қилиб, тарих яратгани ва мавсум охирида Молдова чемпионлигини расмийлатириш эҳтимоли катталиги ҳам ўзбекистонлик мухлисларни хушнуд этади.
Жорий мавсумда ҳам Беларусь чемпионатини синчковлик билан кузата бошладик. Бу гал ҳам “Энергетик-БГУ” ўзбек футболчи тарбияланувчиларининг ёрдамига таянмоқда. Жамоадаги тўққизта легионердан уч нафари бизнинг футболчилар – Абдуқодир Ҳусанов, Шоҳруҳ Абдураҳмонов ва Бобур Абдухолиқов.
Олий лиганинг дастлабки икки тури якунларига кўра, “Энергетик-БГУ” юз фоизлик натижа кўрсатаётган икки жамоадан бири бўлиб турибди. Минсклик “талабалар” кетма-кет икки ўйинда бир хил 3:1 ҳисобида зафар қучди. Учала футболчимиз иштирок этган ҳар икки учрашув қаҳрамони Бобур Абдухолиқов бўлди.
Қашқадарёлик футболчи бу ўйинларда иккитадан тўп киритиб, биттадан ассист қайд этди.
Чемпионат ҳомийси Parimatch компанияси биринчи тур якунларига кўра, Бобур Абдухолиқовни “Fair Play” номинацияси ғолиби сифатида тақдирлади. Мухлислар ўртасида ўтказилган сўровномада ҳужумчимиз энг кўп овоз тўплаб, асосий рақобатчилари – Иван Бахар ва Владислав Малькевични ортда қолдирди.
Беларуснинг энг нуфузли спорт нашри www.pressball.by сайтининг ёзишида Бобур Абдухолиқов “Витебск”га қарши ўтказилган учрашувда иккита гол уриб, битта голли пас берганидан ташқари, ўйин давомида ўзига нисбатан ишлатилган қўполликларга умуман эътибор қаратмади, профессионал муносабатда бўлгани билан ажралиб турди.
Parimatch компанияси матбуот хизмати тақдирлаш маросимидан кейин Бобур Абдухолиқовнинг фикрларини эълон қилди.
- “Fair Play” соврини бўйича таассуротим ижобий. Жуда ёқимли бўлди. Мен учун овоз берганларнинг баридан миннатдорман. Ўзбекистондаги кўплаб мухлислар ҳам мени қўллаб-қувватлаб турганини билдим. Ҳаммага саломимни йўллайман. Келажакда ҳам ҳалол, самарали ва яхши савияли ўйиним билан мухлисларни хушнуд этишга ҳаракат қиламан. Ҳалол ва масъулиятни ўйин ҳар қандай спорт турининг муҳим қисми ҳисобланади.
- “Энергетик-БГУ” ҳақида икки оғиз гапирсангиз. 2 та ўйин, 3:1 ҳисобидаги 2 та ғалаба, сиздан голлар ва ассистлар. Янги жамоангизни таърифлаб беринг. Чемпионат стартидаги бундай натижалар қаердан келяпти?
- Бу ёш ва жуда яхши жамоа. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун ўйнаймиз. Хато ва камчиликлар бор, биз ўйиндан ўйинга уларни тузатиб боришга ҳаракат қиляпмиз.
Шахсий мақсадларим қандай? Ҳар бир беллашувда гол уриш ва жамоадошларимга голли паслар узатиш. Ҳар гал буларни кўпайтириб бориш.
Таъкидлаш жоизки, Бобур Абдухолиқов иккинчи турнинг ҳам энг яхши ўйинчиларидан бири бўлди. Иккита ўйинда тўртта гол урган ҳужумчимиз тўпурарлар баҳсида биринчи ўринга кўтарилиб олди.
Фикрлар