"Энг катта муаммо "Сурхон" билан боғлиқ бўлиб турибди". Камолиддин Мурзоев Таиланддаги конгресс ва қарздорликлар ҳақида гапирди
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида FIFPro ташкилотининг навбатдаги конгресси ўтказилди. Унда Ўзбекистон футболчилар уюшмаси бош директори Камолиддин Мурзоев ҳам иштирок этди. У ерда қандай масалалар кўрилгани, клубларимизни футболчилар олдидаги қарздорликлар ва кейинги режалар хусусида Sports.uz мухбирига қуйидагиларни гапирди.
Йиғилиш қандай ўтди?
- Ушбу сафаримиз ҳақида гапирадиган бўлсам, FIFProни ҳар бир минтақаси ҳар йили икки марта мана шундай йил ҳисоботи кўринишидаги семинарлар асосида ташкил этилади. Шу мақсадда биз Таиландда уюштирилган конгрессда бўлиб турибмиз. Бу ерда кўзланган мақсад ярим йил давомида қилинган меҳнат, олиб борилаётган ишларимиз ва ФИФА регламентидаги янги ўзгаришлар ва умуман FIFPro ташкилотидаги ўзгаришлар юзасидан амалга оширилаётган ишлар дастлабки кунимизда кўриб чиқилди.
Ҳалол ўйин шиори ҳақида
- Хабарингиз бор, Суперлигамиз клублари 3-турдан эътиборан ҳалол ўйин шиори остида майдонга тушишди. Бу лойиҳа айнан FIFPro ва ФИФАнинг футболчилар учун ҳалол футболни тарғиб этиш мақсадида йўлга қўйилган. Ўтган йили ЎФА билан бу лойиҳани юртимизга олиб келиш ишлари бўйича келишув борасида меморандум имзолаганмиз. Шунингдек, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан 3-турдан бошлаб барча жамоаларимиз ушбу шиор остида майдонга тушишди. Футболчиларимизни келишилган ўйинлардан ҳоли бўлишлари, тотализатордек ёмон иллатлардан сақланишлари ва умуман юртимизда олиб борилаётган мана шундай футбол ислоҳотларига лозим тарзда ўзларининг жавобини кўрсатган ва бунга ўз ҳиссаларини қўшган ҳолда ўзларини ушбу лойиҳа орқали ҳимоя қилишлари учун татбиқ қилдик. Бу лойиҳа аста-секинлик билан бутун дунёда қўлланила бошлайди. Бундан кўзланган мақсад футболчиларни ҳимоя қилиш ҳамда қинғир ўйинларда иштирок этмаслигига даъват қилиш бўлади.
Кейинги режа тўғрисида
- Эндиликда FIFPro билан ҳамкорликда мулоқотни ошириб борган ҳолда юртимизда аёллар футболига эътиборни янада оширмоқчимиз. Уларни янада кўпроқ қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Кейинги режаларимизни айнан аёллар футболига боғлиқ бўлган лойиҳа билан умумлаштирмоқчимиз.
Клублардаги қарздорликлар
- Тўғри, ҳар бир ишда камчилик бўлгани каби футболимиз ҳам бундан мустасно эмас. ЎзПФЛ билан кенг кўламли ҳамкорлик ишлари олиб бориляпти. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб клубларни футболчилар олдидаги қарздорликларини кечиктириш, пулларни бўлиб тўлаш масалалари бўйича гаплашяпмиз. Мана, “Андижон” ва “Бухоро” клублари олдидаги қарздорликларини қисман ёпиб келмоқда.
“Сурхон”даги вазият хусусида
- Бугунги кунга келиб энг катта муаммоли масала “Сурхон” жамоаси билан боғлиқ бўлиб турибди. Хабарингиз бор, “Сурхон”да раҳбарият ўзгариши юз берган. Бу вазият бўйича ЎФА ҳамда ПФЛга мурожаат қилганмиз. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчи, клубда ишлаган мураббий ҳамда ходимлар қолиб кетган маошларини олишлари керак. Умуман айтганда, бу вазиятда деярли мураккаб жараён йўқ. ФИФА регламенти, лицензиялаш, Ўзбекистон қонунчилигига ҳам асосан янги қабул қилиб олган раҳбарлари мавжуд қарздорликларни тўлиқ қоплаб бериши лозим бўлади. ПФЛ ҳам ЎФАга бу борада мурожаат қилиб чиққан ва шунга биноан мухлат белгиланган. Ўша муддат давомида икки раҳбар ўзаро келишиб олишлари ёки бўлмаса бу муддат тугаганидан кейин барча қазрдорликлар янги раҳбариятнинг зиммасига ўтиши кўзда тутилган. Чунки футболда янги раҳбар, эски раҳбар деган нарса йўқ. Футболда эса “Сурхон” клуби бор. Ходимлари олдида у жавобгар ҳисобланади. Ўйлайманки, бу масалада тез орада ечим топилади.
Фикрлар