Енгилмаётган Ислом Аҳмедовни клубда олиб қолишди. Мақсад эса ўта жиддий!

Ҳамюртимиз Ислом Аҳмедовни Қирғизистон чемпионатида фаолият олиб бораётгани ҳамда муваффақиятли иштироки хусусида сайтимиз орқали маълум қилиб бормоқдамиз.

Мавсум ўрталарида иш бошлаган Ислом Аҳмедов қўшни чемпионатда меҳнати ва натижалари орқали дарҳол ўзидан илиқ таассурот қолдира бошлади. Унинг бошчилигидаги “Абдиш-Ата” клуби мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Бу борада бизнинг мураббий ўз олдига қўйилган вазифани уддалади.

Шунингдек, яна бир асосий вазифа бу ОФК Кубогида муваффақиятли қатнашишдан иборат эди. “Абдиш-Ата” “Е” гуруҳида “Олтин Аср”, “Мерв” (иккаласи - Туркманстон) ва “Равшан” (Тожикистон) жамоалари билан жой олди.

ислом аҳмедов3_1

Аҳмедов жамоаси 6 та ўйиннинг 5 тасида ғалаба ва 1 тасида дуранг қайд этиб, 16 очко жамғарган ҳолда 1-ўрин билан кейинги босқич масаласини ҳал қилди.

Яқинда хабар берганимиздек, Ислом Аҳмедов Қирғизистонда йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун учта номзоддан бири эди. Лекин кеча бўлиб ўтган “KFU FOOTBALL AWARDS 2023” тақдирлаш маросимида “Танант” жамоаси устози ва Қирғизистон терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Урмат Абдукаимов энг яхши мураббийи номинациясида ғолиб бўлди.

Аммо Ислом Аҳмедовни Қирғизистонда иш бошлаганидан бери қайд этган натижаси янада эътиборди. Гап шундаки, ҳамюртимиз “Абдиш-Ата” бошқарувини ўз қўлига олганидан бери бу клуб мағлубият нималигини билмай келяпти. Натижалар шуни кўрсатяптики, Аҳмедов бошчилигида жамоа 13 та ўйиннинг 11 тасида ғалаба қозонди ва 2 тасида дуранг қайд этди. Тўплар нисбати 34\13. Ғалабалар фоизи 84.6 % ни кўрсатмоқда.

ислом аҳмедов5

Яна бир гап: Ислом Аҳмедов “Абдиш-Ата” билан шу йилнинг 14 декабрь кунигача шартнома имзолаганди. Натижалар эса кўриб турганингиздек, қониқарли даражада. ОФК Кубогида муваффақиятли иштирокдан кейиноқ клуб раҳбарияти ҳамюртимиз билан шартномани узайтириш ҳақида ўйлашни бошлаган ва якунда “Абдиш-Ата” ўзи ва мухлисларини хурсанд қиладиган келишувга эришди.

Маълум бўлишича, Ислом Аҳмедов билан шартнома 2025 йилга қадар узайтирилган. Асосий мақсад эса ОФК Кубогини қўлга киритиш. Ҳа, жиддий вазифа! Клуб раҳбарияти қўйилган мақсадга бизнинг мутахассис билан эришилишига ишонишгани учун ҳам икки йиллик келишув имзоланди.

ислом аҳмедов2_3

Биз учун ҳам энди янада қизиқ: Ислом Аҳмедов жамоаси билан ОФК Кубогини қўлга кирита оладими? Яқинда унинг ўзи ҳам Sports.uz га берган интервьюсида асосий вазифа ушбу мусобақада ғолиб чиқиш эканлигини алоҳида айтиб ўтганди.

Ҳозирча мағлубият нималигни билмаётган ҳамюртимиз аллақачон янги мавсум учун режалар ишлаб чиқишни бошлаган. Балки асосий мақсадга эришиш йўлида ўзбекистонлик футболчиларнинг ҳам хизматидан фойдаланса ажаб эмас. Воқеалар ривожини кузатамиз.

Шуҳратбек Жўраев.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Alizod
29/12/2023 08:01
Hozirgi Uzbekiston jamolarni va terma jamolarini yutugida Islom Ahmedovni hizmati juda katta