Европадаги катта тўқнашувда икки Нодирбек кучли гроссмейстерлар билан беллашди

TIGGO 2 PRO

Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Tata Steel Chess-2025” турнирининг бу йилги мусобақалари қизиқарли ўйинларга бойлиги билан ажралиб турибди.

“Мастерс” гуруҳида ғолиблик учун кураш олиб бораётган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 1-турда қора доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха билан куч синашди.

Ўзига хос кечган курашнинг 42-юриш ҳолатидаги тенглик томонларнинг муроса йўлини танлашига олиб келди.

1-тур якунларига кўра, Нодирбек 0,5 очко билан ғолибликка даъвогарликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Халқаро турнирнинг 2-турида Абдусатторов яна бир ҳиндистонлик Леон Люк Мендонка билан оқ доналарда куч синашади.

Мусобақанинг “Челленжер“ гуруҳида дона сураётган Нодирбек Ёқуббоев дастлабки турда ҳиндистонлик Дивья Дешмух билан рўбарў келди. Учрашувнинг 48-юриш вазиятида қора доналарда ҳаракатланган ҳамюртимиз ғалабани тантана қилди.

Энди турнирнинг 2-турида Ёқуббоев оқ доналарда қозоғистонлик Kазебек Ногербек билан баҳс олиб боради.

1-тур якунларига кўра, Абдусатторов 8 нафар шахматчи сингари 0,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 4-ўринни эгаллаб турибди.

Ушбу турда рақибларини мағлуб этган ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ва германиялик Винсент Каймер 1 очко билан етакчилик қилмоқда.

“Челленжер“ гуруҳида қатнашаётган 14 нафар шахматчи орасида Нодирбек Ёқуббоев 4 нафар иштирокчи каби 1 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 2-ўринда бормоқда.

13 та турдан иборат “Tata Steel Chess-2025” мусобақалари 2 февралга қадар давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!