"Европанинг гранд клубларига йўл олиш учун келганман, хурсанд қиладиган таклифлар бор". Эрондаги легионеримиз учун ортга йўл йўқ
Эрон чемпионатида тўп сураётган легионеримиз Шрезод Темиров куни кеча жамоаси учун муҳим гол урди.
Гап шундаки, Кубок доирасида кечган баҳсда футболчимиз ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида “Истиқлол” (Хузистон) дарвозасига урган голи туфайли “Пейкан” кейинги босқичга йўл олди.
Ушбу ўйиндан сўнг Sports.uz журналисти Темиров билан боғланди.
- Аввало ғалаба билан ва кейинги босқичга чиққанинглар билан табриклайман. Ҳал қилувчи голни урдингиз. Буни ўйлаганмидингиз?
- Барча юртдошларимизга салом. Ғалаба билан табриклаганингиз учун раҳмат. Бу ғалаба анчайин қийин қўлга киритилди. Шундай бўлса-да, бу ғалаба биз учун жуда муҳим эди. Кейинги босқичга чиқиб олдик, муҳими шу. Голимга келсак, мен буни кутмагандим. Ушбу голнинг қиймати катта эди. Мазкур урган голимни ўзбекистонлик барча мухлисларга бағишлайман. Худо хоҳласа, яна голлар уришда давом этаман.
- “Пейкан” клубини Кубок мусобақасидаги вазифаси қандай? Кубокни қўлга киритиш салоҳияти қанчалик, деб ўйлайсиз?
- Бу футбол. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз қўлимиздан келганини қиламиз. Кубок учун бемалол кураша оламиз. Жамоамиз билан асосий вазифа бу – Кубокни қўлга киритишдан иборат.
- Шерзодбек, “Пейкан” жамоасидаги ишларингиз кўнгилдагидекми, барчасидан қониқяпсизми ёки...
- Жамоам ҳамма шароитларни аъло даражада қилиб берган. Мен “Пейкан” клубига асосан ўзимни ҳар томонлама кўрсатиб, футбол соҳасида ўсиб, Европанинг гранд клубларига йўл олиш учун келганман. Бу мақсаддан ҳеч қачон қайтмайман. Насиб қилса, ҳали ҳаммаси олдинда. Биз футболчи бўлганимиз учун ҳар қандай шароитга тайёр бўлишимиз керак. Шароитларни ўзимиз яратамиз, яхши ўйин ва чиройли голлар билан хурсанд қиламиз. Албатта, барчаси менга маъқул келяпти, шароитлар ҳам мени қониқтиряпти.
- “Пейкан” учун чемпионатда ўз олдига қўйган вазифаси қандай ва бунга эришиш мумкинми?
- Бизнинг олдимизга бешталикка кириш вазифаси қўйилган. Барчаси ўз қўлимизда. Биз бешталикка киришимиз учун олдимизда яна 13 та тур бор. Худо хоҳласа, бунга бор кучимизни берамиз.
- “Пейкан”да энг яқин дўстингиз ким ва сиз учун қандай шароитларни яратишган?
- Менинг яқин дўстим африкалик Тито Окелло ва эронлик дарвозабон Муҳаммад Носирий. Менга “Пайкан” жамоаси уй, машина, асосийси 24 соатлик тренажёр учун рухсат беришган ва 3 маҳал махсус овқат келтириб берадиган ресторан брон қилишган.
- "Пахтакор”даги Темиров билан Эрон чемпионатида тўп сураётган Темиров ўртасида қанчалик фарқ бор, деб ҳисоблайсиз?
- Фарқ тизимда. Ўзбекистон чемпионати билан Эрон чемпионатини фарқи бор. Асосий фарқи, бу чемпионат даражасида. Ўзбекистонга қараганда камроқ гол уряпман. Аммо Эрон чемпионати статистикасига қарасангиз, камроқ гол урилади. Чунки темп жуда юқори, жамоалар кучли, фарқи мана шунда.
- Эрон чемпионатидан кейинги мақсад ва режангиз қандай? Сир бўлмаса, яна қизиқарли таклифлар борми?
- Мақсадлар катта. Худо хоҳласа, Европага кетмоқчиман. Ортга йўл йўқ. Жуда хурсанд қиладиган таклифлар бор, Худога шукр. Амалдаги шартномам тугайверсин-чи, ҳаммаси яқин ойларда аниқ бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар