Фарҳод Мираҳматов: Рақобатдан чўчисам, “Навбаҳор”га келмасдим

2021 йилги мавсум бошида “Навбаҳор” сафига кўплаб янги футболчилар жалб этилди. Улардан бири ўтган мавсум “Андижон”да тўп сурган Фарҳод Мираҳматовдир. Маҳоратли ҳимоячи “Навбаҳор” матбуот хизматига берган интервьюсида янги жамоага мослашиш жараёни, мавсумолди тайёргарликлари ва шахсий фаолияти хусусида фикрлари билан ўртоқлашди.

‑ Фарҳод, суҳбатимиз аввалида “Навбаҳор”нинг янги мавсумга тайёргарлиги хусусида гапирсангиз...

‑ Хабарингиз бор, жамоамиз дастлаб Наманганда, Тошкентда, кейин эса Туркияда ўқув‑машғулот йиғини ўтказди. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, мазкур жараёнда жамоанинг барча аъзолари юқори кайфиятда ишлашди. Айниқса, хориж йиғинида кучли хориж жамоалари билан ўйинлар ўтказиб, тажрибамизни орттирдик. Туркияда машғулотларда мураббийлар томонидан берилган кўрсатмаларни бекаму-кўст бажаришга интилдик, расмий ўйинларда қўлланадиган тактикалар бўйича ишладик. Тўғри, ўртоқлик ўйинларида мағлубиятлар ҳам кузатилди, лекин асосийси натижа эмасди. Муҳими, мураббийлар барча футболчилар, хусусан, ёшларнинг тайёргарлигига муносиб баҳо бериш имкониятига эга бўлишди. Туркия йиғини янги мавсумда бизга ёрдам бериши аниқ. 

Фарҳод Мираҳматов расмлари 1

‑ Суперлига янги мавсуми бошланишига ҳам оз фурсат қолмоқда. “Навбаҳор”нинг дастлабки турлардаги рақиблари ҳам аниқ бўлиб улгурди. Нима деб ўйлайсиз, тақвим жамоамиз учун ноқулай келмадими?

‑ Биласизми, Суперлигада ҳозир кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Асосийси, ўз ўйинимизни кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз, исталган рақибга қарши муносиб курашишга тайёрмиз. Биринчи турда “Сўғдиёна” билан ўйнар эканмиз, бу жамоанинг қандай салоҳиятга эга эканлиги, уни қандай мураббий бошқариши, таркибдаги футболчиларнинг нималарга қодирлигини биламиз. Мазкур учрашув қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ. Бир нарса аниқки, бугунги кунда “Навбаҳор”да тажрибали футболчилар, иқтидорли ёшлар йиғилган. Улар билан катта натижаларга эришиш мумкин ва биз буни амалда исботлаш ниятидамиз. Ҳеч қайси рақибдан қўрқмаймиз, фақат олдинга интиламиз, “Навбаҳор” фақат ғалабани ўйлайди.

‑ Янги жамоага мослашиш жараёни қандай кечмоқда?

‑ Йигитлар яхши қабул қилишди, анча мослашиб қолдим. Қолаверса, жамоада танишларим ҳам бор. Жумладан, Забиҳилло Ўринбоев билан ёшлар терма жамоасида бирга ўйнаганмиз. Яна кўпчиликни танирдим, шу боис ўзаро чиқишиб кетишда қийинчилик кузатилмади. 

Фарҳод Мираҳматов расмлари 2

‑ Футболга кириб келишингиз ҳақида ҳам гаплашсак. Спортнинг бу турини танлашингизга ким сабабчи бўлган? Қайси мураббийлар билан бирга ишлагансиз?

‑ Миллионлар ўйинига отам туфайли кириб келганман. Умрлари узоқ бўлсин. 7 ёшимдан таниқли мураббий Алексей Евстафеев қўл остида шуғулланишни бошлаганман. Ушбу мутахассис қўл остида футбол сир‑асрорларини ўргандим. Кейинчалик “Пахтакор” клубининг турли ёш тоифасидаги жамоаларида тўп сурдим. Самвел Бабаян катталар жамоасига таклиф қилгач, БААда ўтказилган қишки мавсумолди йиғинида қатнашдим. Сўнгра мени “Оқ‑тепа”га ижарага беришди. У ерда Александр Мочинов ва Марат Мифтахутдинов каби мураббийлар қўл остида кўп нарса ўргандим. Суперлигадаги дебютимни эса “Обод”да ўтказганман, бу клубга мени Бобур Зуҳриддинов чақириб, ишонч билдирганди. Мазкур жамоа таркибига мавсумнинг иккинчи қисмида қўшилиб, кейинги бир йилни ўша ерда ўтказдим. Кейинчалик “Сўғдиёна”, “Андижон” клубларида ўйнадим. Мана энди, “Навбаҳор”даман. Фурсатдан фойдаланиб, менга устозлик қилган барча мураббийларимга ташаккур билдирмоқчиман.

‑ Фаолиятингиз давомида кўплаб “водий дербилари”да қатнашгансиз. Улардан қайси бири сиз учун эсда қоларли бўлган?

‑ 2019 йили Намангандаги ўйинда “Навбаҳор” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнагандик. Ҳисобда олдинда бориб, якунда ғалабани қўлдан чиқарган бўлсакда, ўша учрашув ёдимда сақланиб қолганди. Бу йил “водий дербилари” сони янада кўпаяди, “Андижон” ва “Қўқон‑1912”дан ташқари, “Турон” билан ҳам ўйнаймиз. Мазкур жамоаларга қарши кечадиган ўйинларнинг барчаси қизиқарли ўтишига шубҳа қилмайман.

‑ Мана, “Навбаҳор” мураббийлари қўл остида шуғулланяпсиз. Хўш, Нўъмон Ҳасанов ва сиз билан бирга ишлаган бошқа мураббийлар машғулотлари ўртасида қандайдир фарқ бор эканми?

‑ Юқорида айтганимдек, жуда кўплаб мураббийлар қўл остида ўйнадим. Нўъмон Ҳасановнинг қисқа паслар, тезкор очилишлар билан ўйин ташкил этиши менга кўпроқ ёқади. Тўпни эгаллаб олгач, шунчаки олдинга тепиб юборилишига қарши бўлади. Нўъмон ака айнан шу жиҳати билан бошқа мураббийлардан ажралиб туради, менимча. 

Фарҳод Мираҳматов расмлари 3

‑ Болаликдаги кумирингиз ким бўлган?

‑ Ўзимиздан, “Навбаҳор” ва “Пахтакор”даги ўйинлари орқали танилган Леонид Кошелевнинг ўйинларини қизиқиб кузатардим. Ушбу футболчи майдонда ақлли ўйин кўрсатарди, стандарт вазиятларни аъло даражада бажарарди. Жаҳон футболида эса Марселонинг ўйинларига қизиқишим баланд. Унинг ҳужумларга фаол қўшилиши ёқади.

‑ “Навбаҳор”га ўтаётганда қандай мақсадни кўзлагандингиз?

‑ Аввалдан ўз олдига юқори мақсадлар қўядиган жамоа сафига қўшилишни ният қилгандим. Худога шукр, “Навбаҳор”дан таклиф олиб, ушбу клубда фаолият бошладим. Наманганга мени Нўъмон Ҳасанов таклиф этди, чунки у билан “Пахтакор” ўринбосарлар жамоасида бирга ишлагандик. Қолаверса, “Навбаҳор” ПФК вице‑президенти Отабек Саматов билан гаплашганимда, у ҳам жамоа таркибига қўшилганимдан хурсандлигини таъкидлади. Ўз навбатида, “Навбаҳор”нинг қандай фидойи мухлисларга эга эканлигини ҳам билардим, бу омил ҳам қарор чиқаришимда муҳим аҳамият касб этди. Чунки ишқибозлар билан гавжум стадионда тўп суриш бошқача, барибир. Шуларни инобатга олган ҳолда, жамоадан таклиф тушганда, дарҳол розилик бердим.

Фарҳод Мираҳматов расмлари 4

‑ Демак, мухлислар томонидан бўладиган босимга тайёрсиз?

‑ Албатта, чунки Андижонда ҳам талабчан ишқибозлар қаршисида тўп сурганман. Бундай вазиятларга анча кўникиб қолганман. Насиб қилса, мухлислар бизни қўллаб‑қувватлаб туришса, уларга ғалабаларимиз билан жавоб қайтарамиз.

‑ Айни пайт чап қанот позициясида тўп сурасиз. “Навбаҳор”да ушбу чизиқда Мирзоҳид Ғофуров анчадан буён барқарор тўп сурмоқда. Жамоада шундай кучли рақобатга дуч келишдан қўрқмайсизми?

‑ (Кулиб) Рақобатдан чўчиганимда, “Навбаҳор”га келмасдим. Умуман, ушбу жамоага имкониятларимни синовдан ўтказгани келганман. Рақобат ҳамма жойда бўлади. Инсон бошни баланд кўтариб, фақат олдинга интилса, албатта, мақсадига эришади. Тўғри, Мирзоҳид ака жуда тажрибали, маҳоратли футболчи, аммо майдонга тушганда, ҳамма нарсани унутиб, ўзимни кўрсатишга интиламан. У хоҳ машғулот бўлсин, хоҳ расмий ўйин.

‑ Тасаввур қилинг, мураббий вазиятдан келиб чиқиб, сизни бошқа позицияда синаб кўрмоқчи. Бунга муносабатингиз қандай бўлади?

‑ Қайси чизиқда майдонга тушишимнинг унчалик фарқи йўқ, асосийси ‑ жамоамга ёрдамим тегсин.

‑ Мухлисларга тилакларингиз?

‑ Бизни қўллаб‑қувватлашдан асло чарчашмасин, стадионларни тўлдириб туришсин. Биз эса уларнинг уйларига хуш кайфиятда қайтишлари учун чиройли ўйин кўрсатиб, ғалабалар тортиқ этишга ҳаракат қиламиз.

Маълумот учун

Фарҳод Мираҳматов

Туғилган йили: 1994 йил, 5 август

Туғилган жойи: Тошкент шаҳри, Учтепа тумани

Футбол билан 7 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийи: Алексей Евстафеев.

Тошкент Олимпия захиралари коллежини тамомлаган.

Фаолияти давомида “Пахтакор” ўринбосарлари, “Оқ‑тепа”, “Обод”, “Сўғдиёна”, “Андижон” клубларида ўйнаган.

2021 йилдан “Навбаҳор”да. Оилали.

Мухлислик қиладиган жамоаси: “Реал” (Мадрид).

Ёқтирган футболчиси: Марсело.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Rustamov Dilmurod
02/03/2021 05:44
Eh navbaxor navbaxor