Файзуллаев кетишидан олдин ЦСКА бош мураббий унга ва жамоадошларига мурожаат қилди
Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг аксарияти Россия Премьер-лигасида ЦСКА жамоасига ҳам ишқибозлик қилмоқда.
Бунга сабаб, мамлакатимизнинг энг иқтидорли ўйинчиларидан Аббосбек Файзуллаевнинг ёзда москвалик армиячилар сафига кўчиб ўтгани бўлди.
ЦСКА клуби халқаро учрашувлар муносабати билан бериладиган танаффус олдидан Премьер-лиганинг еттинчи турида мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Зенит” билан куч синашди.
Кескин ва муросасиз ўтган учрашувда москваликлар кичик ҳисобдаги устунликни ушлаб қола билмади. Сергей Семак шогирдлари учрашув якунланиши арафасида жавоб тўпини киритиб, мағлубиятдан қутилиб қолди.
Турнинг марказий ўйинида Аббосбек Файзуллаев захирада қолдирилди.
Бу баҳснинг охирида катта жанжал бўлди. Томонлар ҳиссиётларини жиловлай олмади.
Учрашувдан кейин ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотов ўз футболчиларига мурожаат қилди.
- Керак бўлса, тортишиш керак. Жуда муносиб ўйнадингизлар. Буни очко учун жанжаллашиш, деб баҳолаш мумкин.
Ҳозир ҳаммасини қайта бошлаш учун вақтимиз бор-а?
Биз ўз муаммоларимизни биламиз. Қайта оёққа туриш керак, тайёрланиш керак, бирлашиш керак.
Ким ўз мамлакати терма жамоасига чақиртирилган бўлса, вақтини фойдали ишга йўналтирсин. Биз бу ерда қолганлар билан керакли барча ишларни бажариб турамиз. Бажаришимиз керак бўлган ишлар кўп, омадни биз томонга юз буриши учун шундай қилишимиз шарт.
Ғалабани қўлдан чиқарганимиз аламли, албатта. Лекин ҳаёт давом этади. Ерга қарашга ҳожат йўқ. Биз ўз вазифамизни ҳалол бажаряпмиз. Профессионал даражада. Балли, сизларга, - деди Владимир Федотов.
Табиийки, бу гаплар ЦСКА асосий таркибига кириш учун курашаётган Аббосбек Файзуллевга тегишли. 19 ёшли футболчимиз ҳам муайян муддатга ЦСКАни тарк этади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийлар штаби ҳужумкор футболчини сентябрь ойидаги ўқув-машғулот йиғинига жалб қилган.
Мураббийлар бу йиғинга жами 28 нафар футболчини чақиртирди. Улар орасида Европа кучли бешлик лигасидан “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов, Россия Премьер-лигасидан “Нижний Новгород” ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев, “Рубин” ҳужумкор футболчиси Умарали Раҳмоналиев, ЦСКА ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев, форвардлар – “Нижний Новгород”дан Русланбек Жиянов ва “Алания”дан Ҳусайн Норчаев каби легионер ўйинчиларимиз бор.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2024 йили Қатар мезбонлик қиладиган 23 ёшгача футболчилар иштирокидаги Осиё чемпионатига чиқиш учун курашади. Футболчиларимиз саралаш гуруҳида Эрон, Афғонистон ва Гонконг терма жамоалари билан рақобатлашади.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси биринчи учрашувини 6 сентябрь куни Афғонистонга қарши ўтказади. Уч кундан кейин Гонконг футболчилари билан куч синашади. Эрон вакиллари билан бўладиган ўйин 12 сентябрга белгиланган.
Ҳусанов жамоаси ҳақида ҳайратланарли факт!
Европада ёзнинг энг кутилмаган трансфери – ўзбек футболчиси бўлди!
Фикрлар